Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонда анбиёлар билан кўришишлари

0
34

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожда анбиёлар билан учрашишлари борасида турли ҳил қавллар айтганлар. Буларни умулаштириб 2та савол қўйсак бўлади:

  1. Ўша кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиш учун Анбиёлар вужудлари билан борганларми?
  2. Абул Вафо ибн Ақил раҳимаҳуллоҳ жазм қилганларидек Пайғамбар алайҳим саломларнинг руҳлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учрашган осмон қаватларида жойлашиб турган-ку, учрашганларида руҳлари жасадларининг шаклларига кирганми?[1]

Аксар машойихлар биринчи қавлни ихтиёр қилганлар. Ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадис билан ҳужжат келтирганлар. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Исро қилинган кечада Мусони қабрида тик турган ҳолида намоз ўқиётганини кўрдим”[2], – деганлар.

Аммо, Пайғамбарларнинг манзилларига келадиган бўлсак, Анас розияллоҳу анҳу Абу Зарр Ғифорий раҳимаҳуллоҳдан қилган ривоятларида мушкила бўлган. У ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонларда Одам, Идрис, Мусо, Исо, Иброҳим алайҳим саломларни кўрганлар. Бироқ,  дунё осмонида Одам алайҳи салом ва олтинчи осмонда Иброҳим алайҳи саломни кўрганларидан бошқа Пайғамбарлар алайҳи саломларнинг манзиллари ҳақида бирор сўз айтилмаган.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Икки ривоятдан бошқа барчаларида Иброҳим алайҳи салом еттинчи осмондалиги айтилган. Агар биз Меърож бир неча марта бўлган деб айтадиган бўлсак, муаммо йўқ. Агар бир неча марта бўлмади деб айтадиган бўлсак, унда энг рожиҳ сўз жумҳурнинг қавлидир. У қавлда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳи саломни Байтул Маъмурга суяниб ўтирган ҳолатида кўрганлар”, – деб ривоят қилинган. Ва Байтул Маъмур эса еттинчи осмондалигида бирор хилоф йўқ. Лекин, “Байтул Маъмур олтинчи осмонда Тубо дарахтининг олдида жойлашган”, – деб айтилган сўзга келсак, агар у ривоят собит бўлса, у олтинчи осмондаги Тубо дарахтининг ёнида жойлашан Байтлигига ҳамл қилинади. Чунки у ҳақида: “Ҳар бир осмонда Каъбанинг рўпарасида бир Байт бор. Ҳар бирини фаришталар қурган”, – деб айтилган”.

Имом Ҳофиз раҳимаҳуллоҳ бошқа бир ўринда қуйидагича айтадилар: “Қатода розияллоҳу анҳунинг Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ибн Соъсоъа розияллоҳу анҳумдан қилган ривояти Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган Собит розияллоҳу анҳу Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятига мувофиқ келади. Унда:

“Биринчи осмонда  –  Одам,
Иккинчи осмонда   –  Яҳё ва Исо,
Учинчи осмонда     –  Юсуф,
Тўртинчи осмонда  –  Идрис,
Бешинчи осмонда   –  Ҳорун,
Олтинчи осмонда   –  Мусо ва
Еттинчи осмонда    –  Иброҳим алайҳим саломлар”, – деб айтилган.

Анас розияллоҳу анҳу Абу Зарр розияллоҳу анҳудан қилган ривояти борасида Имом Зуҳрий раҳимаҳулоҳ хилоф қилганлар. Ва айтганларки: “У ривоятда (Пайғамбарларнинг) исмлари собит бўлмаган. Ва унда “Олтинчи осмонда Иброҳим (алайҳи салом)”, – дейилган.

Ва Шарик розияллоҳу анҳу Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида: “Идрис алайҳи салом учинчида, Ҳорун алайҳи салом тўртинчида, ва яна бирлари бешинчида”, – дейилган. Бу гапнинг сиёқи барча Пайғамбарларнинг манзилларини билмасликларига далолат қилади. Буни Имом Зуҳрий ҳам очиқ айтганлар. Шундай экан, билганларнинг ривояти авлороқ бўлади. Қатода ва Собит розияллоҳу анҳумонинг иттифоқ келганларини зарари йўқ. Уларга Язид ибн Абу Молик Анас розияллоҳу анҳумдан қилган ривоят ҳам мувофиқ келган. Лекин, у Идрис ва Ҳорун алайҳи саломлар борасида хилоф қилганлар ва айтганларки: “Ҳорун тўртинчида, Идрис бешинчида (алайҳим салом)”. Ва уларга Абу Саъид раҳимаҳуллоҳ мувофиқ ривоят айтганлар, фақат ривоятида: “Юсуф иккинчида, Исо ва Яҳё учинчида”, – деганлар.
Бироқ, биринчи ривоят собитроқ”[3] [4] [5].

Хулоса:

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак: маконларида ихтилоф қилинган Пайғамбарлар алайҳим салом қуйидагилар:

  1. Иброҳим алайҳи салом олтинчида, еттинчида.
  2. Идрис алайҳи салом учинчида, тўртинчида, бешинчида.
  3. Ҳорун алайҳи салом тўртинчида, бешинчида.
  4. Юсуф алайҳи салом иккинчида, учинчида.
  5. Исо ва Яҳё алайҳима салом учинчида, иккинчида.

Энг рожиҳ қавлга кўра эса Пайғамбарлар алайҳим саломнинг осмонларда жойлашишлари қуйидагича:

Биринчи осмонда   –  Одам алайҳи салом,
Иккинчи осмонда   –  Яҳё ва Исо алайҳима салом,
Учинчи осмонда     –  Юсуф алайҳи салом,
Тўртинчи осмонда  –  Идрис алайҳи салом,
Бешинчи осмонда   –  Ҳорун алайҳи салом,
Олтинчи осмонда   –  Мусо алайҳи салом,
Еттинчи осмонда    –  Иброҳим алайҳи салом.

Тошкент ислом институти талабаси
Бахтиёр Нажмиддинов

[1] Аллома Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний. “Исро ва Меърож”, Қоҳира, “Дорул ҳарройн”, нашриёти, 2002.
[2] Муслим ибн Ҳажжож Қураший. “Саҳиҳи Муслим” Дорул кутутбил илмийя, Байрут, Ливан.
[3] Аллома Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний. “Исро ва Меърож”, Қоҳира, “Дорул ҳарройн”, нашриёти, 2002.
[4] Имом Суютий. “Исро ва Меърож”, Қоҳира, “Дорул ҳарройн”, нашриёти, 2002.
[5] Аллома Бадруддин Айний. “Умдатул Қорий шарҳи Саҳиҳил Бухорий”, “Дору кутубил-илмийя”, Байрут, Лубнон, 2001.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг