Ҳақиқий мукофот

0
52

Инсон бу ҳаёти дунёда яшар экан фарз амаллардан ташқари тўлдирувчи амалларга ҳам қалби интилиб боради. Чунки ҳисоб кунида фарзлари етмай қолса Аллоҳ таоло нафлларига қараб ҳисоб қилишидан ҳам умид қилади. Аллоҳнинг дўстлари бўлмиш олимлар ҳам, авлиёлар ҳам албатта фарз амалларни ўз ўрнида адо этиб, сўнгра нафлларини кўпайтириш ила неъматларга эришганлари ҳақида кўплаб маълумотлар келган.

Ислом шариатидаги фарзларнинг руҳияти ва солиҳ амалларга чорловчи даража ёки илм бу тасаввуф илмидир. Банданинг Аллоҳ ҳузуридаги даражотини юқорилашига ёрдам берувчи амалларнинг руҳи бўлишини ўргатувчи илмдир. Биз тасаввуф ҳақида эмас, балки унда тарғиб этиладиган солиҳ амаллар ҳақида Қуръони каримдаги базъи оятларни келтиришни ният қилдик.

Аллоҳ таоло иймон келтириб солиҳ амалларни қилганларга охират саодатини, битмас туганмас неъматлар, мағфират ва кенгликни ваъда қилди. Қуръони каримда ушбу неъматлар ваъда қилинган инсонларнинг сифатларини ўрганиб чиқсангиз, уларни иймон ва солиҳ амалдан иборат эканини кўрасиз. Каҳф сураси 107-оятда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

“Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур“. Ҳа инсон аввало иймон келтирмоғи лозим экан. Чунки унга фирдавс бўлиши учун албатта иймон ва сўнгра солиҳ амаллар қилмоғи лозим экан. Иймонсиз кишининг ҳайрли иш қилиб молидан одамларга ҳар қанча тарқатмасин унинг нияти дунёдир. У ўзини одамлар энг саҳий дейишларини истайди, албатта ниятига бу дунёда эришади. Аммо охиратда унга даража йўқ. Чунки у Аллоҳ таолони бир-у бор дея тан олмади. Иймон калимасидан бебаҳра қолиб ўтиб кетди. Шундай экан оятдаги Фирдавси жаннат албатта аввал иймон, сўнгра солиҳ амал деб таъкидланмоқда. Яна кўплаб  оятларда Аллоҳ таоло иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган зотларга бериладиган мукофотларни  турли услублар билан  зикр қилди. Жумладан, Каҳф сураси 30-оятда бундай деб марҳамат қилинади:

“Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз.”  Бу ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло иймон келтириб солиҳ амалларни қилганларни мадҳ этмоқда. Мусулмон кишининг ҳоли шундай, яхшилик етса “Алҳамдулиллаҳ” дея қувнайди. Бирор мушкилоти бўлса ҳам Аллоҳга дуода туриб гўзал сабр этиб ҳам ажр олаверади.

Наҳл сураси 97-оятда: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга пок ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларининг чиройлиги баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз.”

Ояти карималарда зикр қилинган “иймон”дан ақл Аллоҳ таолога иймон келтиришнинг барча ҳақиқатларини қабул қилиши ирода этилган.  Солиҳ амал эса иймон ҳақиқатларидан келиб чиқадиган йўл бўлиб, у ислом арконларини ва шу билан бирга инсоннинг ҳам ўзига, ҳам жамиятга фойдали бўлган, шариат мезонларига лойиқ келадиган бошқа яхши амалларни ҳам ўз ичига олади.  Бу яхши амал бировнинг ҳожатини раво қилиш, муҳтожга ёрдам бериш, беморнинг кўнглини кўтариш, ёки бир оғиз ширин сўз бўлиши ҳам мумкин. Нафл рўзалар, нафл ибодатлар, эркакларнинг аҳли учун ишлаб ҳалол пул топиши, аёлларнинг уйида Аллоҳнинг ибодатида, аҳлининг ҳизматида, болаларининг тарбиясида бўлиши ҳам солиҳ амалдир. Энди шу аёл илм олиб болаларига Қуръон ёдлатиб аҳли илм тарбия қилса қандай ҳам гўзал солиҳ амал қилган бўлади. Оила ислоҳ бўлса, жамият ҳам ислоҳ бўлади. Ҳар бир мўмин киши ўз оиласини илмга жалб қилса, Аллоҳни севучи қилиб тарбия қилса, албатта жамиятда ҳалоллик ҳукм суради. Натижада  бу жамият кучли давлатнинг асоси бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Одам боласининг уч юз олтмишта бўғини бор. Уларнинг ҳар бири учун ҳар куни садақа бор. Ҳар бир ширин сўз садақадир. Кишининг биродарига ёрдами садақадир. Бир ҳўплам сув тутиш ҳам садақадир. Йўлдаги озорни олиб ташлаш ҳам садақадир.”

Аллоҳ таоло садақа ила бандасида азиятни кетказиш билан бирга, ночор мискинларнинг ҳам ҳожати раво бўлишидан рози бўлади. Юқорида айтганимиздек. Садақалар бандани жуда юксак мақомларга кўтаради. Инсон ҳар кун озгинадан солиҳ амал қилиб борса, Ҳисоб кунида албатта унинг мақомини кўриб яна ҳам кўпроқ қилсам бўлар экан деб қолади.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Зафар Маҳмудов

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг