Қуръон эшитиш фазилати

0
96

عن عبد الله بن مسعود رضي الله عنه  قال : قال لي النبي صلي الله عليه و سلم :”اقرأ عليّ ” قلت: يا رسول الله آقرأ عليك و عليك انزل؟ قال:” نعم” فقرأت سورة النساء حتي اتيت الي هذه الاية : “فكيف اذا جئنا من كل امة بشهيد و جئنا بك علي هؤلاء شهيدا” . قال “حسبك الآن” فالتفت اليه فاذا عيناه تذرفان . رواه البخاري

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Қуръон қироат қилиб бер”, дедилар. Мен “Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръон ўқиб берайинми?! Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса”, десам, Ул зот “Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитмоқни яхши кўраман”, дедилар. Шунда мен Нисо сурасининг қуйидаги ояти “(Эй Муҳаммад), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнингпайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?” оятига етсам, У зот: “ Ҳозирча кифоя қилади”, дедилар. Кейин У зотга назар солсам, икки кўзларидан ёш қуйилаётган экан”.

Имом Бухорий мазкур ҳадисни “Қуръон фазилатлари” китобида келтирганлар. Бу ҳадисни Бухорийдан ташқари Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмадлар ҳам турли лафзлар билан ривоят қилганлар.

Мазкур ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуддан Қуръон ўқиб беришни сўрадилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундан ажабланиб  “Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръон ўқиб берайми?! Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса”, деб сўрадилар. Ул зот Қуръонни бошқадан эшитишни яхши кўришларини билдирдилар. Шундан кейин Ибн Масъуд “Нисо” сурасини ўқий бошладилар. Ва (Эй Муҳаммад), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнингпайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?” оятига етганларида Сарвари олам алайҳиссалом “ҳозирча етади” дедилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўқишдан тўхтаб Жанобимизга қарасалар Ул зот қиёмат кунида инсонлар қаршисига гувоҳлар келтирилганида қийин бўлишини ўйлаб кўзларидан ёш тўкаётган эдилар.

Аллома Анваршоҳ Кашмирий “ Мазкур ҳадис Қуръонни бировдан эшитиш фазилатли амал эканига далолат қилади” деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёмат кунида гувоҳлик беришлари борасида турли фикрлар келтирилади:

  • У зот аввалги пайғамбаларга, уларнинг ростгўй эканликларига гувоҳлик берадилар, улар эса ўз умматларига қарши гувоҳ бўладилар,
  • Ўз умматларига гувоҳ бўлишлари,
  • Умматлари ичидаги У зотни ёлғонга чиқарганларга қарши гувоҳлик берадилар. Бу ҳолатда мутакаббир, кофир ва мунофиқлар аҳволи не кечади?! Уларнинг қаршисида Аллоҳга энг яқин бўлган маҳбуб банда Муҳаммад ал амин соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳлик бериб турсалар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  • Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг фазллари. Расули акрам алайҳиссалом айнан бу кишига ўқитганлари шунга далолат қилади,
  • Расулуллоҳнинг қалблари мулойим ва уйғоқ экани,
  • Қуръон тиловати пайтида йиғлаш.

Аллоҳ азза ва жалла барчамизга ўзининг қиёматга қадар ҳидоят маёғи бўлган каломи шарифини ўқиб, эшитиб дунёю охиратимизга манфаат олиш бахтини насиб қилсин!

Тошкент ислом институти 3-курс талабаси
Зикирё Бобораҳимов

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг