Аддас исмли бир қул

0
104

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига ўн йил бўлганди. Шабон ойи эди.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларига тутинган ўғиллари Зайд ибн Ҳорисани олиб Тоиф томон  йўлга чиқдилар.

Тоифга бордилар ва у ерда ўн кун қолдилар. Аммо Тоифликлар Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даватларини рад этдилар. Унинг пайғамбарлигини тасдиқлаб, ислом динига эргашмадилар. Бошқаларни мусулмон бўлишидан қўрққанлари учун, уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқардилар.

Тоифнинг болаларини ва қулларини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўтадиган йўлларининг ҳар икки томонига қўйдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлдан ўтаётганларида уларга тошлар оттирдилар.

Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга отилган тошларга кўксини қалқон қилди. Аммо ҳамма отиладиган тошларни  тўса олмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари қонади. Росулуллоҳ маккалик икки ватандоши бўлган Утба ва Шайбага тегишли бўлган бир боғга етиб келганларигача бу тош отишлар ва ҳақоратлар давом этди. Боғ олдига етганларида улар Пайғамбаримизни таъқиб этишдан воз кечдилар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам бир дарахтнинг соясига ўтирдилар, озгина дам олишни ҳохладилар.

Боғнинг эгаси бўлган бу икки киши Росулуллоҳни яхши кўрмас эдилар. У зотнинг Исломгa қилган даъватларини қабул қилмас эдилар. Аммо у иккиси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга узоқ қариндош эди. Шу сабабдан У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга уларнинг  қилган ишларга ғам чекардилар.

Аддас исмли бир қулларини ёнларига чақириб: «Шу ердан бир бош узум ол. Уни мана бу товоқнинг ичига қўй. Kейин эса  бу одамларга обориб ейишларини сўра!», дедилар

Аддас уларнинг айтганларини қилди. Узумни товоқнинг ичига қўйиб У зотнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига қўйиб: «Mарҳамат, енг», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сен қайси шаҳарнинг халқидансан? Дининг  қайси?», деб сўрадилар.

«Ҳристианман. Ниноваданман», деб жавоб берди қул Аддас. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Демак, сен Юнус пайғамбар алайҳис саломнинг юртидан экансан, шундайми?», дедилар. Аддас: «Юнус алайҳис саломнинг ким эканлигини сенга ким айтди? Аллоҳга қасамки у Ниновадан чиқиб кетгандир. Ниновада уни ким эканлигини биладиган ўн кишигина туради! Сен унинг ким эканигини қаердан биласан? Сен ўқишни ёзишни билмайдиган уммий қавм ичида бўла туриб буларни  биласанми?», деди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Mен Аллоҳнинг элчисиман! Аллоҳ менга Юнус алайҳис саломнинг ҳабарини берди. У менинг биродаримдир. У  бир пайғамбар эди, мен ҳам бир Пайғамбарман!”, дедилар.

Аддас: «Эй Аллоҳнинг элчиси! Менга Юнус ҳақида билганларингни айтиб бер!», деди. Пайғамбаримиз Юнус алайҳис салом ҳақида Аллоҳ таоло билдирганларини сўзлаб бердилар.

Аддас: «Мен гувоҳлик бераманки, сен Аллоҳнинг қули ва элчисисан», деди. Кейин Пайғамбаримизнинг бошларини, қўлларини ўпди!

Утба ва Шайба уларни узоқдан кузатиб турардилар. Бири бошқасига «Бу одам қулимизни бузиб, йўлдан чиқарди», деди.

Ёнларига келганда Аддасга:

«Эй Аддас сенга надоматлар бўлсин! Нима учун У одамни қўлларини ўпдинг?», деб сўрадилар.

Аддас: «Эй ҳожам! Бутун ер юзида Ундан яхши инсон йўқ! У аниқ Аллоҳнинг пайғамбаридир!», деди.

Икки дўст кулиб:

«У сени ҳам сеҳрлабди! Тўхта, христианликдан қайтмагин. Чунки у ёлғончидир», дедилар.

Аддас уларга: «У менга шундай гаплар айтдики, уларни Пайғамбардан бошқаси айтмайди», деб жавоб берди.

Ўша куни Тоиф шаҳрида Аддас исмли қул бир ўзи мусулмон бўлди.

Таржимон: Нодира Эркинжон
Муҳаррир: Муҳаммад Одил

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг