Мазҳаб уммат бирлигида муҳим омил

0
41

Бир ернинг аҳолиси аҳли сунна ва-л-жамоанинг тўрт буюк фиқҳий мазҳабларидан бирига эргашган бўлсалар, ўша ерга яхши ниятда бўлса ҳам бошқа хилдаги фикрларни олиб кириб, мазкур мамлакат аҳолисининг минг йиллардан бери амал қилиб келаётган ишларини нотўғрига чиқариш фитна ва ихтилоф юзага келишига сабаб бўлади.

Қадим замонлардан бери аҳли илмлар у ёки бу фиқҳий мазҳабларнинг бирига мансуб бўлганлар, эргашганлар. Уларга эргашмасликка даъват қилаётганлар эса замондошларга тақлид қилмоқдалар.

Бугун кўп масалаларда мазҳаб имомларига хилоф йўлни тутиб, гоҳ у мазҳабдан, гоҳ бунисидан ҳукм олаётганларнинг аксари замондошлардан қайсидир бир аҳли илмга эргашаётган бўлади.

Яъни, аҳвол шундайки, Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва уларнинг кибор асҳобларига тақлид қилишдан қайтара туриб, ўзлари улардан анча паст даражада бўлган айрим замондош уламоларга тақлид қилмоқдалар. Бу ерда бироз мантиқ етишмаяпти.

Яқинда бароат кечасининг бидъатлиги ҳақида интернет тармоғи бўйлаб ўнлаб постлар тарқалиб кетди. Ваҳоланки, мазкур кечанинг бидъатлиги борасида қаттиқ турадиганларнинг  ўзлари улуғлайдиган ва эҳтиром этадиган Ибн Таймия ҳанбалий (р.ҳ) ҳам “иқтизоу-с-сироти-л-мустақим лимухолафати асҳаби-л-жаҳийм” (Туғри Йўлнинг жаҳаннам эгаларига хилоф йўл тутишни тақозо этиши) номли китобида мазкур кечанинг алоҳида фазилатга эга эканлиги ва умматнинг салафлари бу кечани ибодат ва зикру дуолар билан иҳё этганларини келтириб, унинг муфаззал кечалардан эканлигини таъкидлаб кетган.

Аммо, керак ўринда қаттиқ улуғланадиган инсоннинг сўзи ҳам тарк этилиб, ундан пастроқ мартабадаги одамларнинг сўзларига ҳам эргашилаверади.

Мазҳабсизликнинг яна бир хатари шундаки, у кўп ҳолатларда ўз соҳибларини шоз қавл ва фатволарни табанний этишга олиб боради.

Мазҳабга эргашган одам эса шоз қавлга эргашган ҳисобланмайди. Чунки, бирор бир мазҳаб фақат ўша мазҳаб таъсисчисининг сўзларидангина иборат эмас балки, ҳар бир мазҳаб минглаб олимлар томонидан йиллар давомида илм ва тадқиқ қозонида қайнатиб, пиширилган сўзларни акс эттиради.

Ҳеч қачон чуқур билим ва тадқиқотдан келиб чиқиб ёндашилувчи сўзлар инкор этилмаган балки, ҳурмат қилинган. Фалончининг ихтиёроти бундай, пистончининг ихтиёротлари бундай, дея илм сифатида мазҳаб китобларида ҳам айтиб кетилади.

Аммо, улар муайян сабабларга кўра мазҳабда кўпчилик томонидан қабул қилинмаслиги, амалда бемалол қўлланилмаслиги мумкин. Ваҳоланки, ўша ўз мустақил фикрига эга бўлган кишилар ҳам мужтаҳид даражасидаги кишилар бўлганлар.

Муфтий мақомидаги киши вазият тақозосидан ва муайян масалада ҳаражга юз тутган инсонни мусибатдан қутқариш учун ўз мазҳабидан бошқа мазҳаб олимининг сўзига тахрижан фатво бериши мумкин. Аммо, бу муфтий ва қози даражасидаги инсоннинг иши. Ҳамманинг иши эмас. Шунга аҳл бўлган ва илми ғоятда чуқур бўлган кимсанинг иши. Ва мазкур ҳолатдаги фатво фақат ўша инсон учун тўғри бўлади. Умумий кайфият касб этмайди.

Бугун таассуб қилмаслик керак, Қуръон ва Суннатга эргашиш лозим деган асли ҳақ, аммо унинг билан ботил ирода қилинаётган ёхуд соддалик билан ўз йўлини тўғри деб билаётган айрим кишилар ўз фикрларини тўғрилаб олишлари ғоят муҳимдир.

Зеро, фиқҳ бу кеча пайдо бўлиб қолган нарса эмас. Ўн йил бу билим билан шуғулланинг, ҳеч ким бўлмайсиз. Йигирма йил шуғулланинг яна-да илм доирангиз камлиги маълум бўлиб бораверади. Фиқҳни ўз илдизларидан узиб, фақат замондош олимларнинг таржиҳ ва ихтиёротларига боғлаб қўйиш ғоят осон аммо, таги мустаҳкам бўлмаган ёндашувдир.

Киши юзлаб, минглаб ҳадисларни ёдлаган бўлиши, тақвоси кучли бўлиши лекин фақиҳ бўлмаслиги мумкин. Фиқҳ бу Аллоҳнинг раҳматидирки, ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Бугун эса умуман бошқа маслакдан кириб келиб, фатво бераётганлар, асли бир тиббиётчи ёхуд инженер бўлган одамлар дин номидан ваъз қилиб, фатвога тасаддий этаётганлиги жуда ажабланарли ҳолат.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ фиқҳда шу қадар буюк бўлишларига қарамасдан то устозлари вафот этмагунга қадар ўз илмий ҳалқаларини ташкил этмаганлар. Халифа қозилар қозиси деган мансабга қўймоқчи бўлганда тақво юзасидан бу мансабни рад этганлар. Бугун эса фатвога журъатли инсонлар жуда кўпайган бир давр бўлиб қолди. Ўйлаб ўтирмасдан, билмайман демасдан фалончи ундай деган, пистончи бундай деган дея фатво беришга ўч бўлиб кетяпмиз.

Ваҳоланки, мусулмонлар ҳаётига тааллуқли бўлган нарсаларда инсон етарли даражада мулоҳазали бўлиши, сабр ва тоқат билан масалани ўрганиши керак эди. Шунчаки, арабчани билиб олиб, гуглдан қидириб, олдига чиқиб келган фатволардан фойдаланиб фатво бериш жуда осон. Аммо, у инсонда фиқҳий билими етарли бўлмаса, юқорида айтилганидек, шоз қавлларни олиб, аксар уламоларнинг сўзига хилоф йўлга тушиб қолиши ҳеч гап эмас.

Аллоҳ ҳаммамизга басират ва чуқур билим насиб этсин! Ўтган уламоларимизнинг қадрини билиш ва ҳурматлаш ҳиссига ҳидоят қилсин!

ТИИ ўқитувчиси Алишер Султонходжаев

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг