Замонни айбламайлик

0
35

   Замонни айблаш, сўкиш, ҳақорат қилиш қабиҳ иш бўлиб, Ислом шариати бу ишни қилишдан қайтаради. Замонни сўкиш дастлаб даҳрийлардан сўнгра эътиқодда буларга мувофиқ бўлган араб мушриклари, Аллоҳни инкор этувчи кимсалардан содир бўларди. Даҳрийларнинг эътиқодича ҳар ўттиз олти минг йилда барча нарса ўз асл ҳолатига қайтади, яъни бизни фақат замон ўлдиради ва замон тирилтиради, фақат замонгина бутун мавжудотни бошқаради, дер эдилар. Бу ёлғон ақидани ёлғон эканини исботи ўлароқ ислом манбаи бўлган Қуръони карим ҳамда ҳадиси набавийда бир қанча далиллар келтирилган. Қуйидаги ҳадиси қудсий ҳам даҳрийларнинг ёлғон эътиқодига қарши ҳужжатдир.
عن ابى هريرة رضى الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم قال الله تبارك و تعالى يؤذينى ابن آدم يسب الدهر و انا الدهر بيدي الامر اقلب الليل و النهار رواه البخاري
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Росулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
Аллоҳ табaрока ва таоло деди:
«Одам боласи менга озор беради. Замонни сўкади. Замон менман. Иш менинг қўлимда. Кеча ва кундузни мен айлантириб тураман».

(Имом Бухорий ривоят қилган)
Ушбу ҳадисни Ҳумайдий р.а ва Зуҳрий р.а Саййид ибн Мусаййибдан, Саййид ибн Мусаййиб эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Бу ҳадис қудсий ҳадислардан саналади. Аллоҳ таолонинг يؤذينى (юъзийний – менга озор беради)деган сўзи муташобеҳ сўзлардн бўлиб, буни Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилиш ёки таъвил қилиш лозим бўлади. Шунингдек «қўл» ва «замон» сўзларини ҳам. Бу сўзларни таъвил қиладиган бўлсак, «азият бериш»ни Аллоҳга нисбат бериш бу Аллоҳга лойиқ бўлмаган иш. «Қўл»ни «қудрат» деб, «замон»ни эса замонни ўзгартириб турувчи, деб таъвил қилинади. (Умдатул қорий)
Аллоҳ таолонинг «замонни сўкади замон менман» деган сўзи борасида Имом Хаттобий р.а:
“Бунинг маъноси «мен соҳиби замонман, замонга нисбат берилган ишларни мен тадбир қилувчиман». Ким ушбу ишлар сабабидан замонни ҳақорат қилса, унинг ҳақорати ушбу ишларни ҳақиқий соҳиби Аллоҳга қайтади», дедилар.
Аллоҳ таоло «иш менинг қўлимда, кеча ва кундузни мен айлантириб тураман» деган сўзи билан замон ҳодис(махлуқ) эканини, кеча ва кундузни айлантириб турувчи фақат Аллоҳ таоло эканини англатмоқда.
Ушбу ҳадисдан келиб чиқадиган ҳукм, яхши ва ёмон ишларни замонга нисбат бериш мутлақо жоиз эмас. Ким агар шунақа эътиқодда бўлса, дарҳол тавба қилиб ўзига мағфират сўраши лозим бўлади. Бу эътиқод аҳли тавҳид эътиқодига зиддир.
Афсус надоматлар бўлсинки, баъзи нодон мусулмонларнинг ҳаёт ташвишиданми, иши юришмагани сабабми ёки бошқа бир нарсалар сабаб замондан норози бўлиш ҳатто уни ҳақоратлашгача боришганини ҳаётда учратамиз. Бу нарса ўша мусулмон ақидасини мустаҳкам эмаслигига далолат қилиб қолмайдими? Демакки оғзимиздан чиқаётган ҳар бир сўзга эътибор қилишимиз лозим. Замон ҳақида айтаётган ҳар бир сўзимиз соҳиби замон бўлган буюк Аллоҳ таолога қайтаётганини эсдан чиқармайлик.

3-курс талабаси

Аҳадов Иномжон.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг