Исломда тиббий масъулият

0
63
Doctor examine x-ray film over white background

Бемор дардига шифо топишда албатта, тиббий мутахассис кўмагига муҳтож бўлади. Бу пайтда бемор ўзи учун моҳир, ўз ишининг билимдони бўлган табиб ёки шифокорга мурожаат этиши лозим.

Худди шунингдек, табиб ҳам бировларни даволашлик учун етарли билим ва малакага эга бўлиши, ўз соҳасини яхши билиши ва беморларга керакли ташхисни қўйиб, шариатга мувофиқ тарзда даволаши керак.

Биринчи навбатда беморнинг масъулияти керакли мутахассисга мурожаат қилишидан иборат.

Аллоҳ таоло айтади:

Бас,  Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!

Муфассир уламолар бу оят маъносини кенг маънода тушуниш яъни, турли соҳа ва илмларда ҳам билимдон, мутахассислардан ёрдам сўраш зарурлигини айтганлар. Бу фақат диний, ақидавий масалалар билан чекланиб қолмайди.

Хусусан, беморлар касалликларига моҳир табибнинг кўрсатмаси билан муолажа қилишлари зарур. Зеро бу Ислом дининг тавсиясидир. Иложи борича моҳир мусулмон табибни топиб унинг тавсияси билан иш тутади. Агар бунинг иложи бўлмаса, бошқа дин вакили бўлган моҳир табибнинг хизматидан фойдаланиш жоиз. Чунки илм маълум бир макон ва дин вакилларигагина хосланмаган. Бунга мисол, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир саҳобаларини Ҳорис ибн Калданинг олдига бориб даволанишга тавсия қилганлар. Калда Ислом динини қабул қилмаган. Ҳадисда “Ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир. Уни қаерда топса, уни олишга ҳақлидир” дейилган. Лекин бошқа дин вакили бўлган табибнинг сўзига қараб дин амалларини тарк этилмайди ва истеъмоли ҳаром нарсалардан фойдаланмайди.

Ислом дини кўрсатмасига кўра, касалликларга муолажа қилувчи кишилар табиблар бўладими ёки медицина ходимларими диний билимлардан ҳам хабардор бўлишлари лозим. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу борада ҳам қилган тавсиялари ва кўрсатмалари бу шариат кўрсатмасидир. Касалликларга шифо излаб дори-дармонларни қўллаш қадарга имон келтириш ва таваккул ҳақиқатига асло зид келмайди. Зеро, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари даволанганлар ва бошқаларни ҳам баъзи муолажа ёки тавсиялари билан даволаганлар.

Моҳир(ҳозиқ) табибнинг сифатлари ҳақида Доктор Шавкат Шаттий қуйидагиларни санаб ўтган:

  1. Моҳир табиб касалликнинг бошланиш сабаблари, қандай пайдо бўлгани ва касалликнинг босқичларини ўрганиши.
  2. Касалнинг куч-қувватига эътибор бериши.
  3. Табибнинг мақсади фақат касалликни кеткизиш бўлиб қолмаслиги керак. Балки унинг ортидан рўй бериши мумкин бўлган асоратларини ҳам бартараф этиб, қайта қўзғалмаслигига ишонч ҳосил қилиши лозим. Шунингдек, у беморга хушмуомалалик билан муносабатда бўлиши вожибдир.
  4. Муолажани енгил тарзда, босқичма-босқич олиб бориши лозим. Аввал оддий маҳсулотлар билан бошлайди. Эҳтиёж бўлганда дори-дармонларни, иложсиз қолганда эса мураккаб дори воситаларини қўллайди.
  5. Дориларнинг кучи билан касалликнинг даражаси ўртасидаги мувозанатга эътибор бериши лозим.
  6. Оғир касалликни тузатиш иложи бўлмаса, моддий манфаат умидида уни тузатишга уринмайди.
  7. Қалбдаги ва руҳий иллатларни даволашда кўникмага эга бўлиши керак. Бу баданни муолажа қилишда асосий жиҳат ҳисобланади. Чунки, қалб ва нафс тана аъзоларининг ўз вазифасини бажариши ва унинг табиатида катта таъсирга эга.
  8. Табиб беморига мулойим ва самимий муомалада бўлиши ва уни хотиржам қилиши лозим.
  9. Муолажа жараёнида ишлатадиган барча асбобларни яхши билиши ва ундан унумли фойдалана олиши зарур. Чунки баъзи дориларни махсус асбобларсиз етказиб бўлмайди.

Юқоридагилар барча табиблар эътибор бериши лозим бўлган муҳим жиҳатлардир.

4-курс талабаси

Умарова Мадина

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг