Исломда даволанишнинг ҳукмлари

0
83
Physician noting down symptoms of a patient

Уламолар даволаниш ҳукми борасида беш хил фикр билдирганлар.

  1. Имом Нававий турли касалликлардан даволаниш салаф жумҳур уламолари, (халаф)улардан кейингилар, шофеъийларнинг жумҳури ва баъзи ҳанбалий мазҳаби уламолари фикрига кўра мубоҳ ҳисобланади.
  2. Баъзи ҳанафий мазҳаби уламолари сўзига кўра, касаллик даволаниш билан тузаладиган бўлса, унга муолажа қилиш вожиб бўлади. Даволанилмай касаллик оқибати ёмон ҳолатга олиб келадиган бўлса, давони тарк қилиш ҳаромдир.

Ибн Ҳажар Ҳайсамий айтади: “Агар касалнинг жароҳати оғирлашиб, унга зарар етиш хавфи бўлса, даволаниш вожибдир”.

Бағавий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Агар бемор даволаниб шифо топишини билса, унга доволаниш вожиб бўлади”.

Ибн Ҳазм айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даволанишга буюришлари уни тарк қилишдан қайтариқ ҳисобланади. Бу эса даволанишнинг вожиб эканини ифода этади”.

  1. Жумҳур ҳанафий мазҳаби уламолари “даволаниш мубоҳдир” деган фикрни билдирганлар. Улар айтадилар: “Агар киши шифо берувчи Аллоҳ таолонинг ўзи деган эътиқодда бўлиб, шу билан бирга унинг даволанишида ҳеч қандай зарар йўқ”.

Моликий мазҳабига кўра ҳам даволанишда ҳеч қандай зарар йўқ. Ибн Рушд баъзи уламолардан худди шу фикрни айтиб ўтган.

Абулвафо, ибн Жавзий, Хаттобий ва бошқа ҳанбалий мазҳаби уламолари  ҳам юқоридаги фикрни қайд этганлар.

  1. Баъзи уламолар: “Даволаниш жоиз. Лекин Аллоҳ таолога суяниб, уни тарк этиш афзалроқдир” деганлар. Ушбу фикрни Имом Нававий ҳам билдирганлар.

Имом Ғаззолий: “Баъзи ҳолатларда даволанмаслик афзалроқ. Агар даволаниладиган бўлса, жоиз бўлади.Бу унинг таваккулининг қувватига қараб бўлади” деганлар.

Ибн Барзий Шофеъийнинг фатвосига кўра: “Бемор даволанишни тарк этиши афзалроқ. Бу унинг таваккули қувватини кўрсатади. Ким руҳан заиф, сабри оз бўлса, унга даволаниш афзал”.

Абу Толиб Маккий айтади: “Даволаниш кенг рухсатдир. Уни тарк этиш торлик, ва азиматни лозим тутишдир. Касалликка даво излаш банда таваккулининг нуқсонли эканини кўрсатмайди. Уни тарк этиш кучлилар учун афзал ҳисобланади”.

Ибн Жавзий кўп мутассаввифлар ушбу йўлни танлаганлари ҳақида айтиб ўтган.

  1. Бу тоифадагилар касал бўлганда даволанмай, Аллоҳ таологагина суяниб, Унинг имтиҳонига рози бўлиш керак, деган фикрни билдирадилар. Айний (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай фикрдаги баъзи суфийларни зикр қилганлар. Имом Нававий бу фикрни динда чуқур кетиш, деб ҳисоблаганлар.

Доктор Насимий айтади: “Ўтган салафи солиҳларнинг даволаниш борасида турлича фикр билдиришларининг сабаби, улар яшаган даврда тиббиёт ривожламаганлиги, касалликларга турли гумонлар билан ташхис қўйилиб, муолажа қилиниши ва турли касалликларга қарши дори-дармонларнинг жуда кам топилиши билан боғлиқ. Аммо бугунги кунда замонавий тиббиёт ва даволаниш борасидаги барча набавий ҳадисларга синчиклаб эътибор бериб, даволаниш борасида қуйидаги қуйидаги бешта ҳукм келиб чиқишини айта оламиз. Аллоҳ билгувчироқ.

  1. Турли саратон ва шу каби бедаво касалликларга гарчи даво бўлишига тўла ишонч бўлмасада мубоҳ нарсаларни қўллаб шифо излаш мубоҳ. Хусусан, баъзи касалликка бошланишидаёқ муолажа қилинмаган бўлса, вақт ўтгандан сўнг даволаниш фойда бермайди.
  2. Касаллик тузалишида фойда бўлиши мумкин бўлган ёки оғриқ қолдириши эҳтимоли бор бўлган дориларни оғриқли жойга қўллаш мандуб (динимизда тавсия этилган яхши амал) ҳисобланади.
  3. Бемор ўзи ёки табиб касаллик зўрайиб, оғирлашиб қолишидан қўрқадиган ўринларда тиббиёт мутахассислари тажрибаларида синалиб дардга шифо бўлиши аниқланган дориларни истеъмол қилиш вожиб бўлади. Дард инсон ҳаётига хавф соладиган ва бирор аъзога зарар етиши мумкин бўлган ўринларда ҳам даволаниш вожиб.
  4. Мубоҳ бўлган дори-дармонлар етарли бўла туриб, истеъмоли макруҳ бўлган нарсалардан тайёрланган дориларни ишлатиш макруҳ(динда қайтарилган)дир. Чунки бундай дорилар бир жиҳатдан фойдали кўринсада, бошқа аъзоларга зарар бўлади.
  5. Даволанишга умуман бошқа имконият бўлмаган пайтда эҳтиёж даражасидан ортиқ ва заруратсиз ҳаром нарсалар билан муолажа қилиш ҳаром ҳисобланади.

 

4-курс талабаси

Умарова Мадина

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг