Оҳод хабарни қабул қилиш шартлари

0
32

Саҳобалар ва тобеъинлар оҳод йўл билан қилинган ривоятларга амал қилиш вожиблигига иттифоқ қилганлар. Аввал ҳам таъкидланганидек, оҳод хабар мутавотир ва машҳур даражасига етмаган, яъни бир ёки икки, умуман олганда, мутавотир даражасидан кам кишилар ривоят қилган хабарлардир.

Мазҳаб имомлари оҳод хабарларга амал қилиш учун бир қанча шартлар қўйганлар. Сабаби, ривоятнинг собитлигини билиш ва саҳиҳ бўлмаганларини четлатишдир. Бу борада улардан ҳар бирининг ўз йўллари бор.

– ҳанафийларнинг шартлари;

Ҳанафийлар оҳод хабарга амал қилиш учун қуйидаги учта шартни айтганлар:

  1. Оҳод ҳадисни ривоят қилган шахс унга хилоф иш қилмаслиги керак. Яъни, ўзи ривоят этса-ю, унга амал қилмаса, унинг ривоятига эмас, амалига эргашилади. Чунки, ровий, ўша ривоят мансух бўлганини (амалдан қолганини) билгани учунгина амал қилмаслиги мумкин.

 Шунинг учун, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган «Ит ялаган идишни етти марта ювиш» ҳақидаги ҳадисга амал қилишмаган. Чунки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ўзлари мазкур идишни фақат уч марта ювганлар. Уламолар ана шунга амал қилишни танлаганлар.

  1. Оҳод ҳадисда келган нарса кўп такрорланмайдиган, кўпчилик кўз ўнгида содир бўлмайдиган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам, ҳанафийлар намозда рукуъга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадисга амал қилмаганлар. Чунки, бу иш, аслида, кўп такрорланмайдиган, кўпчиликдан яширин қолиши мумкин бўлмаган нарса. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозларни доимо жамоат билан ўқиганлар. Агар рукуъдан аввал қўлни кўтариш ҳақидаги гап таъкидли амал бўлса, бир кунда йигирма мартадан ортидан такрорланган ва бу ишни кўпчилик саҳобалар кўришган бўларди. Қолаверса, намознинг ҳамма амаллари мутавотир ҳадислар билан собит бўлган. Аслида, рукуъга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадиснинг «оҳод» бўлиб қолишининг ўзи шубҳа туғдиради. Агар бу амал бошқа амаллар даражасида бўлганида, мутавотир ҳадис билан собит бўлар эди.
  2. Оҳод ҳадисда келган нарса шариатнинг асосига хилоф бўлмаслиги керак. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган, бировнинг елини тўлиб турган қўйини соғиб ичган одам сут ўрнига бир соъ миқдорида хурмо бериши зарурлиги ҳақидаги ҳадис мисол бўлади. Шариат қоидаси бўйича, бир нарсанинг ўрнига ўзига ўхшаш нарса қайтарилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис насх бўлган бўлиши мумкин.

– моликийларнинг шартлари;

Имом Молик «оҳод йўл билан қилинган хабар Мадина аҳлининг одатига хилоф бўлмаслиги керак» деган шартни қўяди. Чунки, Мадина аҳлининг одати оҳод хабар ўрнига ўтади. Ҳаттоки, уларнинг кўпгина қилган ишлари оҳод хабардан кучлидир. Сабаби, Мадина аҳли ҳар бир нарсасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрганлар ва ўша нарсага одат қилганлар, дейди у киши.

 Шунинг учун ҳам, имом Молик, розилигисиз никоҳи эълон қилинган қизда Мадина аҳлининг одатига кўра, «хиярул мажлис»га хилоф ўлароқ, уч кунгача ихтиёр ҳаққи бор, дейдилар.

  • шофеийларнинг шартлари;

Имом Шофеъий оҳод ҳадисга амал қилиш учун тўртта шартни айтганлар:

– ровий ишончли ва динида содиқ бўлсин,

– оқил ва айтган ҳадисини фаҳмлайдиган бўлсин,

– қилган ривоятида зобит бўлсин,

– унинг ривояти аҳли илм ҳадисларига мухолиф бўлмасин.

Бу шартларнинг бўлмаслиги мурсал ҳадисга амал қилинмаслигини тақозо қилади.

– ҳанбалийларнинг шартлари.

Ҳанбалий мазҳаби хабари оҳодни мурсал бўлса хам заиф бўлса хам оладилар, фақат шарти ровий туҳмат килинган (муттаҳам) ёки каззоб бўлмаслиги керак.  Хабари оҳадни энг кенг йулни танлаганлар шулардир.

  Имом Аҳмаддан ривоят килинди: Абу Ҳанифанинг ҳасан фикридан менинг наздимда заиф ҳадис яхшидир. Агар у киши ҳадисни марфуъ ҳолатда топса, ўшани тақозосига биноан фатво беради унга хилоф киладиганга эътибор бермасдан. Шу сабабдан Умар (р.а.) нинг боин талоқ қилинган аёл ҳақидаги қарши гапини эътиборга олмади. Ўша ҳадис Фотима бинти Қайсдан ривоят қилинганки: «Эрим мени боин талоқ қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга нафақа ҳам яшаш жойи таъйин қилмадилар», деди. Шунда  Умар (р.а.)  ушбу ҳадисни қабул қилмадилар ва дедиларки: «Биз Роббимизнинг сўзини бир аёлнинг сўзи учун тарк қилмаймиз, биз билмаймизки, у ёдидами ё эсидан чиққанми?».  Бироқ Имом Аҳмад ушбу ҳадисни қабул қилдилар.

Умар (р.а) нинг сўзларини қабул қилмадилар, чунки Умар (р.а)наздида тутган оят :

أَسْكِنُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ سَكَنْتُمْ مِنْ وُجْدِكُمْ

“Уларга (талоқ иддасини сақлаётган хотинларингизга) ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой берингиз”.[1]

Ражъий талоқ қилинган аёлнинг ҳукмини баён қилаяпти.

Ҳанбалийлар кўпроқ нассга суянганлар, Имом Аҳмад ўзлари ҳеч қандай заиф ҳадис ҳам саҳобийнинг сўзи ҳам топилмагач ровийни ишга солдилар. Ҳеч қандар асар келмаган масала ҳақида фатво беришни ҳуш кўрмасдилар.

2.3. Оҳод ҳадиснинг ҳужжат эканига далиллар.

Уламолар оҳод ҳадисга амал қилиш вожиблигига Қуръон, Суннат, Ижмоъ, Қиёсдан ва ақлий далиллар келтирганлар.

– оҳод хабарнинг ҳужжат эканига нақлий далиллар;

Оҳод ҳадисга амал қилиш вожиблигига Қуръондан далиллар: Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида айтади: «Мўминларнинг ҳаммалари қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар дийнни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар».

 («Тавба» сураси, 122-оят).

Биз «жамоа» деб таржима қилган сўз оятда «фирқа», «тоифа» шаклида келган ва уларнинг биринчиси – «фирқа» сўзи камида уч киши, иккинчиси – «тоифа» сўзи камида бир ёки икки киши маъносини билдиради. Аллоҳ таолонинг «бўлсайди» дегани талаб ва вожибликни ифода қилади. Шу эътибордан, бу оят ҳукмига биноан, бир, икки ва уч илмли кишининг гапини қабул қилиш вожиб бўлади. Демак, оҳод хабарга амал қилиш вожиб бўлади, агар ровий ишончли, забтли ва илмли бўлса.

 Аллоҳ таоло ҳар бир хабарни ҳам суриштирмасдан қабул қилмаслик ҳақида бундай деб марҳамат қилади:

«Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар».

(«Ҳужурот» сураси, 6-оят).

 Бу оятда бир фосиқ хабар келтирса, уни аниқлашга амр қилинмоқда. Бас, шундай экан, фосиқ бўлмаган, адолатли бир кишининг хабарини қабул қилиш вожиб бўлади.

 Оҳод ҳадисга амал қилиш вожиблигига Суннатдан далиллар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар», – дедилар».

 Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оят бўлса ҳам етказиш кераклиги ҳақидаги гаплари албатта амалга оширилиши керак. Бўлмаса, гаплари беҳуда бўлиб қолади. Буни оҳод даражасидаги нақллар билан амалга оширилмаса, иложи йўқ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар Қубода Бомдод намозини ўқиб турганларида, бирдан бир одам келиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу кеча оят нозил қилинди. Батаҳқиқ, у кишига Каъбага қараш амр қилинди. Бас, сиз ҳам ўша томонга қаранглар», – деди.

 Уларнинг юзлари Шомга қараган эди, Каъбага қараб айландилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

 Ушбу ҳадиси шарифда бир кишининг гапи билан, яъни оҳод хабар билан саҳобалар намозда фарз бўлган амални қабул қилганлари очиқ кўриниб турибди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Убайда, Абу Толҳа ва Убай ибн Каъбрга хурмо ғўраси ва пишган хурмодан қилинган хамрни қуйиб берар эдим. Бас, уларнинг ҳузурига биров келиб: «Эй Абу Ҳамза, хамр ҳаром қилинди», – деди.

 Шунда Абу Толҳа:

«Эй Анас, тур, уни тўкиб юбор!» – деди.

Мен уни тўкиб юбордим».

Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

 Бу ривоятда саҳобалар бир кишининг оҳод хабари ила бир нарсанинг ҳаром қилингани ҳақидаги шариат ҳукмини қабул қилганлари зикр қилинмоқда.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли юртларга шариат аҳкомларини етказиш учун ўз вакилларини юборганлар. Улар ҳам бир ёки икки кишидан иборат бўлганлар, холос. Демак, уларнинг хабари оҳод даражасида бўлган.

 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн икки подшоҳга ўн икки элчи юборганлар. Улар ҳам ёлғиз шахслар бўлсалар-да, Аллоҳ таолонинг динини ва аҳкомларини етказганлар.

 Агар оҳод хабарга амал қилиш вожиб бўлмаганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам элчиларини ҳам ёлғиз юбормаган бўлардилар.

 Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган таълимотларни ўз оила аъзоларига айтганлар ва улар мазкур таълимотларга амал қилганлар.

 Юқорида келтирилган далиллардан адолатли ва зобтли – эшитганини яхши эслаб қолишга қобилиятли кимсанинг хабари ҳужжат бўла олиши равшан кўриниб турибди.

 Ибн Қудома Мақдисий ўзининг «Разатун нозир» китобида бу борада «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир рисолани етказиш учун тавотир даражасидаги ададга муҳтож бўлганларида, ҳамма саҳобалар ҳам етишмасди. Мадинада у зотнинг саҳобалари қолмас эди», деган.

Оҳод ҳадисга амал қилиш вожиблигига Ижмоъдан далиллар.

Саҳобаи киромларнинг саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп ҳолатларда оҳод хабарга амал қилганлари собит бўлган. Бу ҳолат саҳобанинг оҳод хабарга амал қилишга ижмоълари собит бўлганидан дарак беради. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ҳар қандай ривоят учун ўз ижтиҳодларини тарк қилиб, ўша ривоятга эргашар эдилар. Кўп нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутаҳҳараларидан сўраб аниқлашар ва ўшанга амал қилишар эдилар.

  1. Абу Бакр розияллоҳу анҳу момонинг меросида икки кишининг хабарини қабул қилган.

 Қабийса ибн Зуъайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир момо Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб, ўз меросини сўради. Бас, у: «Сенга Аллоҳнинг китобида ҳеч нарса йўқ. Мен Аллоҳнинг Набийи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида сен учун бир нарса борлигини ҳам билмайман. Бориб тур. Одамлардан сўрайин», – деди.

 Бас, у одамлардан сўради. Шунда Муғийра ибн Шўъба: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга олтидан бирни берганларида ҳозир бўлган эдим», – деди.

 «Сен билан сендан бошқа одам ҳам борми?» – деди Абу Бакр.

 Шунда Муҳаммад ибн Маслама ўрнидан туриб, унинг гапига ўхшаш гап айтди. Бас, Абу Бакр буни у (момо) ҳақида ижро этди». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

  1. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мажусийлардан жизя олиш учун Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳунинг хабарларини қабул қилган.

 «Умар то Абдурроҳман ибн Авф Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажарнинг мажусийларидан жизя олганлари ҳақида гувоҳлик бермагунича мажусийлардан жизя олмаган».

 Бухорий ривоят қилган.

  1. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эри ўлган аёл қаерда идда ўтириши ҳақида Фурайъа бинти Молик розияллоҳу анҳонинг хабарини қабул қилганлар.

 Фурайъа розияллоҳу анҳони ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврларида чақириб бу масала ҳақида сўраганлар. Шунда Фурайъа розияллоҳу анҳо у кишига бу ҳақида хабар берганлар ва халифа Усмон розияллоҳу анҳу ҳам шунга мувофиқ ҳукм чиқарганлар.

 Ушбу ривоятларнинг барчаси оҳод ҳадисга амал қилишга Ижмоъ собит бўлганини кўрсатади.

4-курс талабаси

Абдураҳмонов Муҳаммад Юсуф

[1] Талоқ сураси 6 – оят

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг