Нега айнан минг ойдан яхши?

0
53

   Бизларга Ўз розилиги ва тоати йўлларини очиқ кўрсатиб берган Аллоҳ таборака ва таъолога ҳамду санолар бўлсин. Шу йўлдаги вазифани мукаммал адо қилган, бу ишларда юксак намуна бўлган ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, Ул Зотга ҳақиқий уммат бўлган барча саҳобалар, тобеъинлар, табъа тобеъинлар ва жумла мусулмонларга салоту саломларимиз бўлсин. Аммо баъд:

Қадр кечаси – бу Аллоҳ Ўз элчиси ва суюкли Пайғамбарига Каломи Шарифини нозил қилишни бошлаган, Рамазон ойи кечаларидан бир кеча.

Бу кеча Қуръони Карим нозил бўлгани учун белгиланган осмону ердаги мавжудодлар байрам кечаси.

Бу кеча омонлик, бардавом неъмат, том яхшиликлар, олий мукофотлар ва юксак мақтовларга эга кечадир.

“Лайлатул қадр” дегани:  а) улуғ ва шарафли; б) қазо қадарлар тақсимланувчи кеча, деган маъноларда тушунилади. Бу кечада дуолар ижобат бўлиши, офатлар кўтарилиши, ғам қайғулар кетказилиб хурсандчилик ёйилиши учун осмон эшиклари очилади ва бу қадр кечасининг нақадар буюк ва фазилатли эканига далолат қилади. Агар сиз ҳақиқатда қадрини билмоқчи бўлсангиз бу кеча махлуқотлар таниган барча улуғ кечалардан шараф ва қадр жиҳатидан минг чандон  устун келадиган кечадир. Бу фақат адад жиҳатидан бир қарашгина холос. Қуръони Каримдаги бу таъбирдан(минг ойдан яхши) узоқ муддат қасд қилинган маълум муддат эмас, деган фикрлар ҳам бор.

Бу кеча жами инсоният учун хайрият боши бўлган кечадир. Чунки, Қуръони Карим нозил бўлгани сабаб инсонларнинг кўзи очилди, оқу қорани ажрата ва қулоқлари эса ҳақни эшита бошлади ва Ўз Роббисининг каломини фаҳмлай кетди.

Абу Бакр Варроқ айтадилар: “Бу кечани “лайлатул қадр”, деб номланишининг сабаби шуки бу кечада юксак қадрли Китоб олий қадрли фаришта тилида умматларнинг энг яхшиси учун баланд қадрли пайғамбарга нозил қилина бошланганидир. ”

Азиз биродарим! Юқоридагилар сабаб бу кеча минг кечадан афзал ва яхши бўлди. Минг ой дегани бу саксон уч йилу тўрт ойга тенг. Ва бу миқдор  инсоннинг ғолибан дунё ҳаётидаги умр миқдори бўлади. Шундай экан бу бир инсонниг бутун умридан, ўтганию қолганидан яхши ҳисобланди. Мана шунинг учун Қатода роҳимаҳуллоҳ жуда ажойиб сўзни айтдилар: “Аллоҳ таъоло маҳлуқотлари ичида пок бандаларини танлаб олган. Фаришталари ва бандалари орасидан элчиларини танлаб олган. Каломлар ичида Ўз зикрини танлади. Ердан эса масжидларни танлади. Ойлар ичидан Рамазон ойини ва уруш ҳаром қилинган ойларни танлаб олди. Кунлар ичидан жумъа кунини танлади. Кечалар орасидан қадр кечасини танлади. Шундай экан эй мусулмон жамоаси Аллоҳ улуғлаган нарсаларни қадрини жойига қўйиб азизланг!”

Аллоҳ барчамизни шу ишларни ҳақиқий ихлос билан бажарувчи ва ниҳояда Ўз розилигига эришувчи бандаларидан қилсин! Омин!

 

Имом Валиюддин ибн Ҳофиз Зайниддин Ироқийнинг «Шарҳис содр бизикри лайлатил қодр: фазоил ва аломату лайлатил қодр (Лайлатул қадр зикри ила қалбни хурсанд қилиш: унинг фазилатлари ва аломатлари)» китобидан
Абдуллоҳ Охунд таржимаси.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг