ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМ

0
36

“Ҳуд” арабча исм- юмшоқ, яхши, йўлдош деган маъноларда келган.[1]

Ҳуд алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримда 7 марта зикр қилинган. [2]

Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами
Аъроф 7 65
Ҳуд 11 50, 53, 58, 60, 89
Шуаро 26 124

Қуръони Каримнинг бир сураси у зотнинг исмлари билан аталиб «Ҳуд» сураси дейилади. Шунингдек, бошқа бир сура у зотнинг яшаган ери номи ила «Аҳқоф»[3] деб аталган.

Ушбу пайғамбар  алайҳиссаломнинг тўлиқ исм­лари Ҳуд ибн Абдуллоҳ ибн Рабоҳ ибн Халуд ибн Од. У зотнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг Сом исмли ўғлига бориб тақалади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми у зотнинг катта боболари Од номи билан аталади.

Од қавми боида араблардан ҳисобланади. Араблар учга бўлинади: Боида, Ориба ва Мустаъраба.

Боида араблар энг қадимги араблардандир. «Бои­да» сўзининг маъноси «ўтиб, тугаб кетган» деганидир. Од қавми ҳам ўша араблардан бўлиб, ўзининг саркашлиги билан машҳур. Шунинг учун ҳам, уларнинг пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссалари «Од қавми қиссаси» дейилади. Од қавми ҳам иккига бўлинади. Биринчи Од ва иккинчи Од. Ҳуд қавми биринчи Оддир.

Бу қавм денгиз бўйида, кўчиб юрувчи қумликлар ичидаги Аҳқоф номли жойда, Яман, Уммон ва Ҳазрамавт ўрталиғидаги маконда яшаб ўтганлар.[4] Улар баланд бўйли, кенг яғринли кишилар бўлиб, ҳайбатли чодирларда яшаганлар. Шунинг учун ҳам, Од қавми ўз замонасидаги «энг қувватли кишилар» деб талқин қилинади.

Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини мўъжиза билан қувватлаш, қавмларига эса тавба қилиб, ҳидоятни топиб олишларига имкон беришни ирода қилди ва кетма-кет уч йил бир томчи ҳам ёмғир ёғдирмай қурғоқчиликка мубтало қилди. Аммо қавм тавба қилмадилар ва ваъда қилинган азобни ишонмаган ҳолларида сўрадилар. Ҳуд алайҳиссалом  дуо қилдилар ва шу онда осмонни қора булут қоплади. Қабила аҳли бу ёмғир булути деб булутдан кўз узмадилар.[5]

Од (Ҳуд пайғамбар қавми) эса, даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар.

У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳукмрон қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни (чириб) ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганини кўрасиз.

Бас, улардан (бирор) асоратни кўраяпсизми?! (Асло! Уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар).[6]

Аллоҳ таоло Од қавмини ҳалок қилгандан сўнг Ҳуд алайҳиссалом Ҳазарамавтда ўз ҳаётларини давом эттирдилар. У зот вафот этганларида Ҳазарамавтнинг Тирийм номли шаҳрига яқин жойга дафн этилдилар.[7]

Ҳуд алйҳиссалом тўрт юз олтмиш ёшда Ҳазарамавтда вафот этганлар.[8]

 4-курс талабаси
Шодиев Юсуф

[1] Ибну Шариф. “Пайғамбарлар исмларининг маънолари”.

[2] Доктор Шавқий Абу Ҳалил. “Қуръон атласи”.

[3] Арабча “Ҳиқф” сўзининг кўплик шакли бўлиб, луғавий маъноси “қум билан лиқ тўла макон, жой”дир.

[4] Қаранг, 4- илова

[5] Раҳматиллоҳ қори Обидов “Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир 1-жуз”.

[6] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 6-7-8-оятлар.

[7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”.

[8] Анвар қори Турсунов. “Пайғамбарлар тарихи”.

 

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг