ҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН ПАЙFАМБАРЛАР

0
45

2-қисм

Идрис алайҳиссалом

“Идрис” арабча исм- ўқувчи, таълим олувчи, билимга чанқоқ, тиришқоқ, ғайратли ва билимдон деган маъноларда келган. Чунки  Идрис алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини кўп ўқир эдилар.[1]

У кишининг исмлари “Тавротда” ва “Инжилда” “Хунух” тарзида келган. Арабчасига “Ахнух” шаклида бўлади.[2]

Идрис  алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримда 2 марта зикр қилинган. [3]

Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами
Марям 19 56
Анбиё 21 75

Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарларнинг Одам Атодан кейинги энг қадимгиси Идрис алайҳиссаломдир.

Аллоҳ таоло у зот ҳақларида:

«Ва китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди. Ва уни олий мақомга кўтардик»[4]

Шунингдек:

«Ва Исмоил, Идрис ва Зул Кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир.

Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир»[5], дейди.

Қуръони Каримда Идрис алайҳиссалом ҳақларида бундан бошқа маълумот йўқ.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссаломнинг насаблари Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Шийс алайҳиссаломга етиб боради. У кишининг оталарининг исми Ёрид, боболарининг исми Маҳлоил бўлган. У зотга, Одам ва Шийс алайҳиссаломлардан кейин, учинчи бўлиб, пай­ғамбарлик берилган.

Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссалом қалам билан ёзув ёзган биринчи одамдир.

Уламоларнинг рожиҳ гапларига қараганда, Идрис алайҳиссалом Бобилда таваллуд топганлар. Аввал Шис алайҳиссаломда бўлган илмни ўрганганлар. Кейинчалик Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарликни берган.

У зот Набий бўлганларидан кейин кишиларни Одам ва Шис алайҳиссаломлар шариатига даъват қилганлар. У зотнинг даъватларини озчилик қабул қилиб, кўпчилик қабул қилмаган.

Шунда у зот ўзларига эргашганлар билан Бобилни тарк этиб ҳижратга чиққанлар.[6] У киши ўз ҳижратлари учун Мисрни танлаганлар. Мисрда турган пайтларида одамларни динга даъват қилганлар.

Идрис алайҳиссалом биринчи бўлиб маданий ишларни йўлга қўйганлар, одамларга маданиятга оид ишларни, қонун-қоидаларни ўргатганлар. У зотнинг даврларида 188 та шаҳар қурилган экан.

Идрис алайҳиссалом ўз ҳикматлари ила маш­ҳур бўлганлар. Ровийлар Идрис алайҳиссаломдан асар бўлиб қолган баъзи ҳикматларни ҳам келтирадилар:

«Дунёнинг яхшиси ҳасратдир. Ёмони надоматдир».

«Бахтиёр ўзига назар солган кишидир. Унинг Роббиси ҳузуридаги шафоатчиси амали солиҳидир».

«Сабр иймон ила бўлса зафар келтиради».

Идрис алайҳиссаломнинг ер юзидаги истиқоматлари саксон икки йил бўлган. Ундан сўнг Аллоҳ таоло у зотни Ўзига кўтарган.[7]

  405 – гуруҳ талабаси
Шодиев Юсуф

[1] Аҳмад Муслиҳ Ҳусайн Дурайдий. “Ал-Аълам фил-Қуръан ал-Карим”.

[2] Муҳаммад Сайид Тантовий. “Пайғамбарлар тарихи”.

[3] Доктор Шавқий Абу Ҳалил. “Қуръон атласи”.

[4] Марям сураси, 56–57-оятлар

[5] Анбиё сурасида, 85–86-оятлар

[6] Қаранг, 2- илова

[7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг