Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг ақидалари

0
79

Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи ақида илми борасида аввал ўтган салаф имомларидан ҳисобланадилар. Улуғ имом бу илм билан шуғулланганларидан сўнг Аллоҳ таоло у зотга фиқҳ илмини суюкли қилди. Бу илмда шу даражага етдиларки, ҳатто барчадан ўзиб кетдилар. Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳи айтганларидек, фиқҳ илмини ўрганадиган ҳар бир инсон у зотнинг боқимандаси бўлиб қолади.

Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи ҳақ йўлдан чиққан фирқаларга қарши раддия берган имомларнинг биринчиси ҳисобланадилар. имом Абдулқоҳир Бағдодий ўзларининг «Усулид-дин» номли китобларида шундай дейдилар:

“Мазҳаббошилар ва фақиҳлар орасида биринчи ўринда турадиган мутакаллим олимлар – бу Абу Ҳанифа ва Шофеъийдир. Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи қадарияларга раддия ўлароқ бир китоб ёздилар ва уни «Ал-фиқҳул акбар» деб номладилар”.

Усул илмининг олимларидан имом Абу Музаффар Исфиройиний Шофеъий ўзининг «Ат-Табсир фид-дин» китобида шундай дейди: “Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг «Ал-олим вал мутаъаллим» деган китобида ҳаддан ошганлар ва бидъатчиларга қарши ўта кескин раддиялар бор. Ишончли йўл ва саҳиҳ иснод билан Музор ибн Яҳёдан, у Абу Ҳанифадан ривоят қилган «Ал-фиқҳул акбар» китоби ва Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи Амр ибн Усмон Баттийга ёзган «Ал-васийя» китобларидаги нарсаларнинг барчаси бидъатчиларга раддия сифатида ёзилган. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг ушбу китобларини ва Имом Шофеъий таълиф этган китоблардаги маълумотларни ўқиган киши иккисининг мазҳабида фарқ йўқлигини кўради. Икки мазҳаб ўртасидаги юқорида биз айтиб ўтган ихтилофларга келсак, буларнинг барчаси бидъатчиларнинг тўқиб чиқарган бўхтонидир. Шу йўл билан улар ўз бидъатларини ривожлантирганлар”.

Фиқҳ ва ҳадис илмида имом эканига ижмо қилинган имом Абу Жаъфар Таҳовийнинг «Уммат фақиҳлари бўлмиш Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳиларнинг ақидаси» деган боб билан бошланадиган рисоласи жуда ҳам улкан ўринга эга. Айни вақтда бу рисола аҳли сунна вал жамоанинг ақидаси бўлиб, Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг эътиқодларини баён қилади. Бу рисола кўп бора шарҳланган ва баъзи шарҳлари чоп қилинган ҳам.

Муваффақ Маккий Абу Юсуфгача бўлган санадлари билан ривоят қиладилар: «Абу Юсуф деди: Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи 150 йили шаввол ойининг ўрталарида вафот этдилар».

Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи Хайзарон ерига дафн қилинишларини васият қилиб кетганлари учун ўша ерга дафн қилиндилар. Жанозага жуда катта одам йиғилди. Уларнинг сони тахминан эллик мингтага етган эди. У зотга олти марта жаноза намози ўқилди. Охирги жанозаларини ўғиллари Ҳаммод ўқидилар.

4-курс талабаси
Нуриддин Муҳаммаджон

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг