Ислом шариатида фатво беришга қўйилган талаблар

2
49

 

Маълумки, ҳар соҳада ўзининг мутахассислари бўлади. Ўша соҳанинг мутахассиси деган номга сазовор бўлиш учун, унга қўйилган бир неча шартни ўзида мужассам қилган бўлиши керак.

Динимиздаги энг олий мақомлардан бири бу пайғамбар меросхўри бўлиш. Янада аниқроқ қилиб айтганда, шаръий ҳукмларни баён қилиб берувчи, Аллох ва Унинг Расули номидан гапирувчи муфтийлик мақомида туриш бу олий мақом бўлиш билан бирга, масъулияти оғир бўлган хатарли мақом ҳам ҳисобланади. Фатво бериш қадри улуғ,  мавқеи катта, фазли кўп ишдир. Чунки фатво берувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросхўри, фарзи кифояни қоим қилувчи кишидир. Лекин масъулият жиҳатидан хатарли бир ўриндадир. Имом Муҳаммад ибн Абдуллоҳ шайх ул ислом Ибн Мункадир роҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Олим Аллоҳ таоло ва унинг халқининг ўртасидадир. Олим уларнинг ўртасига қандай киришига қарасин!”

Қуйида бу олий ва хатарли мақомга кимлар муносиб бўла олади, кимни муфтий деб фатвосини қабул килса бўлади, шулар ҳақида гапириб ўтамиз. Уламоларимиз инсон муфтий бўлиши учун ўзида бир нечта шартларни мужассам этган бўлиши керак дейдилар. Ушбу шартлар билан бирма-бир танишиб чиқамиз. Биринчи ўринда Ибн Обидиннинг “Расмул муфти” асарларида келган барча шартларни ўзида жамлаган иборани зикр қилиб, ўтамиз: “Моҳир устоз қўлида фиқҳни ўрганмаган, ўзича устозсиз фиқҳ китобларини мутолаа қилган кишига фатво бериши жоиз эмас.

Худди шунингдек устоз ҳузурида фиқҳни ўрганган кишиларнинг ҳаммаси ҳам фатво беравермайди. Устоз ҳузурида фиқхни яхши  билиб, мўътабар китобларни ажрата оладиган даражада малакага эга бўлгач, фатво бериш мансабига муносиб бўлади”.[1]

Ибн Обидин роҳматуллоҳи алайҳи бу қоидани аслида Аллома Ибн Ҳажар Ҳайтамий роҳматуллоҳи алайҳининг фатволаридан нақл қилиб келтирганлар. Ибн Обидин бу ибораларда муфтийликка муносиб бўлиш учун инсонда топилиши керак бўлган шартларни зикр қилиб чиққанлар.

Ҳанафий мазҳабида муфтий (фатво берувчи)да топилиши лозим бўлган шартлар:

  1. Ислом. Бу шатртнинг ҳақиқати маълум. Муфтий Аллоҳ таолонинг ҳукмини ва Унинг Расули ҳукмини хабар берувчидир. Аллоҳ ва Расулига иймон келтириши шарт. Диндан қайтган муртаднинг ва бошқа ғайридин, кофирларнинг динни ташқаридан ўрганиб фатво бериши дуруст эмас. Мусулмонларга уларнинг “фатво”си фатво бўлмайди.
  2. Ақл ва болиғ бўлиш. Балоғатга етганлик ва оқилликка тўхталадиган бўлсак, бу икки шарт нафақат муфтийларда, балки тўғри тасарруф содир бўладиган, ибодат бўйнига вожиб бўладиган оддий авомларда ҳам бўлиши керак. Фатво берувчи шариат аҳкомларини англаб етадиган ақлли бўлиши шарт. Ақлли бўлиши учун камида балоғатга етган бўлиши ҳам шарт. Балоғат ва ақл бирга топилса,  шариат аҳкомларига мукаллаф  бўлади. Бошқа шартлар ҳам топилиши билан фатвога лойиқ бўлади. Мажнун ва ёш болаларнинг фатвоси дуруст бўлмайди.

Агар шартларга эътибор берадиган бўлсак, муфтийликка эркак ва ҳур бўлиши керак, деган шартни учратмаймиз. Шунинг учун фуқаҳолар: «Агар бир аёлда ёки қулда юқорида айтилган барча шартлар топилса, улар муфтийлик мансабига муносиб кўриладилар», дейишган. Муфтийлар ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак қуллардан Ато ибн Абу Рабоҳ,[2] аёллардан Фотима Самарқандия роҳматуллоҳи алайҳимларни кўришимиз мумкин.

  1. Одил бўлиш. Муфтий одил бўлиши шарт. Одил бўлиши шариат талаб қилган ишларни қилиб, қайтарган ишлардан қайтиб, фосиқликдан ўзини сақлаб юришдир.

Адолат сифатига тўхталадиган бўлсак, ҳадис илмида ровийнинг ривоят қилган ҳадиси саҳиҳ бўлиши учун бир неча шартлар қўйилган, ўша шартларнинг ичида «адолат» сифати ҳам мавжуд. Худди шунингдек, муфтийликка лойиқ бўлиш учун инсонда адолат сифати топилиши керак. Фосиқ инсон Аллоҳнинг аҳкомларини етказишда омонатга ҳиёнат қилиб қўйиши мумкин. Зеро Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида: «Бу динни кейинги келганлардан одиллари (яъни омонатдор ва тақводорлари) кўтариб юради(яъни кейингиларга етказади). Улар динни ғулуга кетганларнинг таҳрифидан,[3] ботилга чикарувчиларнинг динни ўзлаштиришидан  ва жоҳилларнинг нотўғри таъвилидан ҳимоя қиладилар», деганлар.[4]

  1. Мужтаҳидлик. Муфтийнинг мужтаҳид бўлиши авло ва афзаллик шартидир. Мужтаҳид ҳар доим топилмайди. Лекин муфтий усул ва фаръий масалалардан хабардор бўлиши шартдир.
  2. Ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик. Муфтий ҳушёр бўлиши шарт қилинади. Ибн Обидин роҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Бу бизнинг замонамизда шартдир. Муфтий ҳушёр бўлсагина инсонларнинг ҳийла найрангларини ва фирибларини англаб етади. Баъзи инсонлар ҳийла-найранг, товламачилик қилишда ва ботилни ҳақ суратида кўрсатишга жуда устадир. Бундай вақтда муфтийниг ғафлати катта зарарларни келтириб чиқаради.[5]
  3. Тажрибага эга бўлиш. Бу шартга тўхталадиган бўлсак, бундан кўзланган мақсад, шариъатда жорий қилинган ҳукмлар ҳеч қачон беҳудага жорий қилинган бўлмайди. Уларни  жорий қилишдан кўзланган мақсадлар бўлади. Буни «мақосидуш шариъа» дейилади. Биров шариъий аҳкомларнинг усуллари, иллатлари ва кўзланган мақсадларини билиши учун, албатта, унга вақт ва тажриба керак бўлади. Шунинг учун баъзи мужтаҳид олимларда бир масалага икки ҳил жавоб берганларини кўришимиз мумкин. Мисол Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳи, Имом Ахмад Ибн Ханбал роҳматуллоҳи алайҳиларнинг фатволарини ўкигаи киши, «олдинги фатволари», «охирги фатволари», деган ибораларга кўзи тушиши мумкин.
  4. Уламолар унга ишонч билдирган шахс бўлиши. Бу ҳакида гапирадиган бўлсак, уламолар пайгамбарлар меросхўри ҳисобланадилар. Улар ҳакида Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматим(яъни олимлари) залолат нарсада иттифоқ бўлмайдилар», деганлар. Агар улар бир кишини илмли ва фақиҳ деб эътироф қилишса, албатта, ўша эътироф Аллоҳ наздида мақбул ҳисобланади. Шунинг учун олий мақом ҳисобланган муфтийлик мансабига уламолар томонидан эътироф этилган шахслар лойиқ ҳисобланади.[6]

4-курс талабаси
Сухроб Умаров

[1] Шайҳ Муҳаммад Амин ибн  Обидин. Шарҳу Расмул муфти. – Байрут: Дорул ирфон. 1982 Б.13

[2] Кейинчалик у кишидаги илмга бўлган рағбатни кўриб хўжайинлари озод қилган

[3] Дин таълимотларини ўзгартириб юбориш. Муҳаммад ибн Мукаррам ибн Мунзир ал-Африкий ал-Мисрий. Лисанул араб –  Байрут: Доруc Содр. 1997. Б. 59

[4] Ҳофиз Жалолоуддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр Ас-Суютий. Жамъул жавомиъ Қоҳира: Мактабатул илм.1986. – Б.2062

[5] Ибн Обидийн. Ҳошияту ибн Обидийн. Ж. 4. Б. 301

[6] Доктор Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ Тороблусий. Адабул футя. – Триполия: Маншурот куллийя. 2009. – Б. 319

2 ШАРҲЛАР

  1. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ.
    Илтимос сайтга мақола жойланаётганда аввал корректор «қўлидан ўтказиш» ҳам ёдингиздан чиқмасин. Сабаби сайтдаги мақолаларда имло хатолари кўп экан. Узр, ноўрин танқид қилган бўлсам…

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг