Аҳмад Яссавий ҳаёти ва ижоди

0
66

ХII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий 1105 йилда Сайрамда, Шайх Иброҳим оиласида дунёга келган. Унинг вафот этган вақти кўпгина қўлёзма манбаларда 1167 йил деб ёзилган. Аҳмад ёшлигида онасидан, сўнг отасидан ажралади. Яссавий тарбияси билан опаси Гавҳар Шаҳноз машғул бўлади. Яссавий опаси билан Яссига кўчиб боргач, 1-устози Арслон боб билан учрашади ва ундан таҳсил олади («Етти ёшда Арслон бобом излаб топдим…»). Аҳмад дастлабки таълимотини Яссида машҳур олим Шаҳобиддин Исфижобийдан олади. Сўнгра бобоси Арслонбоб кўрсатмаси билан Бухорога бориб Юсуф Ҳамадонийдан таълим олади. Аҳмад Яссавийнинг ўзи устоз Юсуф Ҳамадонийнинг ҳузурига 23 ёшда борганини ва унинг тарбиясига ноил бўлганлигини эътироф этади.Бухорода у араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам чуқур ўрганади. Форсийда яратилган тасаввуфий адабиёт билан танишади. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак бўлиб, Юсуф Ҳамадоний муридлари қаторидан ўрин олади.

Алишер Навоий Яссавий тўғрисида «Мақомоти олий ва машҳур, каромоти матаволий ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва ашоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси остонида ниҳоятсиз эрмиш», — дейди. Бу фикр Яссавийнинг Яссига қайтиб келиб, янги бир тариқатга асос солган муршид сифатида шуҳрат топган даврларига тегишлидир. Яссавий туркий халқларни исломга янада кенгроқ жалб қилиш ва тасаввуф ғояларини омма кўнглига чуқур сингдириш мақсадида шеъриятдан ҳам фойдаланган. Абдурауф Фитратнинг таъкидлашича, Яссавийнинг «адабиётда тутган йўли содда халқ шоирларимизнинг тутғон йўлидир… Унинг ҳикматлари вазнда, қофияда, услубда халқ адабиёти аталган шеърлар билан баробар»

Яссавий нуқтаи назарида ҳикмат — «илми ладуний», яъни илми ғайбу ҳақойиқ ва илоҳий сирларни кашф айлаш мазмунига ҳам эга. Яссавийнинг ўзи «Девони ҳикмат» номи билан бирон бир китоб яратмаган. Ушбу нодир асар унинг мурид ва издошлари томонидан тартиб берилган. Лекин бу нарса ҳикмат мажмуасининг Яссавийга алоқаси йўқ, деган даъвони илгари суришга асос бермайди. Сўфи Оллоёр Яссавий ҳақида фикр билдириб, яна шундайдеган:

Шариатда эди ул офтобе

Қолибдур бизга ул эрдин китобе.

 «Девони ҳикмат»да илоҳий ишқ ва ошиқлик, маърифат ва орифлик саодати, фанодан бақога етишиш тушунчалари ниҳоятда самимий ва таъсирли оҳангларда ёритиб берилган. «Девони ҳикмат»даги барча шеърлар ҳам Яссавийга мансуб эмас. Унга Яссавий издошларининг ижод намуналари ҳам киритилган. Бу эса, табиийки, ҳикматлар тили ва услубида маълум ўзгаришлар ҳосил қилган. Лекин Яссавийнинг ўнлаб издошларидан ҳеч бири устозлари бошлаган ғоявий, ахлоқий, маънавий-маърифий ва мафкуравий йўналишни ўзгартирмаган. Буни Яссавий ҳаёти, тариқати ва ижодиётидан баҳс юритилган ўнлаб қадимий манбалар, айниқса, Султон Аҳмад Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул-аброр мин амвожил биҳор» асари ҳам тўла тасдиқлайди.

Яссавийнинг фақат ижодиёти эмас, қанча умр кўриб, қачон вафот этганлиги ҳам баҳсли. У ҳикматларидан бирида «Юз йигирма бешга кирдим, билолмадим», дейдики, бу сўзлар тарихий ҳақиқатдан кўра, маноқибий мазмунга эга. Бундан ташқари, 125 йиллик узоқ бир умрнинг ярмидан кўпини «ер ости»да ўтказиш ақл бовар этмас ҳодисадир.

Ривоятларга кўра, Яссавий 63 ёшга етгач, ер остида ҳужра ясатиб, “чилла”га кирган, («Олтмиш учда ер остига кирдим мано», дейди Яссавий)  қолган умрини тоат-ибодат қилиб, қимматли ҳикматлар ёзиб, риёзатлар чекиб, ер остида ўтказган. Лекин кўпчилик тадқиқотчилар унинг вафот тарихини 1166—67 йил деб қайд этишган.

Узоқ вақт мобайнида Яссавий ҳаёти ва ижодиётини илмий жиҳатдан тадқиқ этишга имкон берилмади. Асарларини нашр қилишга йўл қўйилмади. Ўтган асрнинг 70-йилларида Яссавийнинг миллий маданият, тил ва адабиёт тарихидаги хизматларини тўғри баҳолаш йўлидаги уринишлар эса қораланди. Мустақиллик арафасида, хусусан, Ўзбекистон истиқлолга эришгандан кейин яссавийшуносликда янги давр бошланди. Дастлаб турли газета ва журналларда «Девони ҳикмат»дан намуналар эълон қилинган бўлса, 1990—92 йларда унинг 2 мустақил нашри китобхонлар қўлига етказилди. Ушбу нашрлар нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа туркий давлатларда ҳам бу буюк мутасаввифнинг ҳаёти, адабий-маърифий фаолияти, издошлари хизматига қизиқишни кучайтирди. 1993 йил Ўзбекистонда Яссавийга багишлаб илмий анжуманлар ўтказилиб, маърузалар матни алоҳида мажмуа шаклида чоп этилди. Матбуотда Яссавийнинг шахсияти, тариқати, шеъриятидан баҳс юритилган мақолалар босилиб чиқди. Ўзбекистондаги бир қанча кўча ва маҳалла Яссавий номи билан аталади. Султон улорифин камолотининг юксакларга кўтарилишига гувоҳ бўлган ва жасади дафн этилган кўҳна Ясси шаҳрида эса Яссавий номидаги университет мавжуд.Бадиий ижодда ҳам Яссавий образини яратиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Ёзувчи Саъдулла Сиёэв «Яссавийнинг сўнгги сафари» романининг 1-китобини (1994) чоп эттирди.

4-курс талабаси Мизрабов Ҳабибуллоҳ

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг