ҚУРЪОНИ КАРИМНИ ТЕЗ ВА ОСОН ЁДЛАШДА ЗАМОНАВИЙ ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВЛАР

0
2331

بسم الله الرحمن الرحيم

Ҳурматли Қуръон мухлислари! Сўнгги йилларда юртимизда Қуръони Каримни ўрганишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунга ҳар йили ўтказиб келинаётган Республика Қуръон мусобақаларининг 2018-йилда кенг миқёсда, оммавий тарзда ўтказилганини мисол қилиш мумкин. Шунингдек, юртимиздаги фаолият юритаётган барча Ислом билим юртларида Қуръон ёдлашга ихтисослашган алоҳида гуруҳлар ташкил қилингани ҳам сўзимизнинг тасдиғидир.

Ушбу хайрли ишлар давоми сифатида, келажакда Қуръон таълимида янада катта натижаларга эришиш, таълимни самарали олиб бориш мақсадида, айни пайтда, мен таҳсил олаётган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устозлари томонидан менга “Қуръони Каримни тез ва осон ёдлашда замонавий инновацион ёндашувлар” мавзусида малакавий битирув диплом иши берилган.

Биз, институтимизнинг тажрибали устозлари назорати остида мавзуни жиддий ўрганишга, юртимизда ҳали қўлланилмаган янги услублар яратишга киришдик. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидаги Қуръон мадрасаларида фойдаланилаётган услубларни кўриб чиқдик. Халқаро мусобақага борганимизда ҳам кўпгина иштирокчи қорилар билан тажриба алмашишга, уларнинг ҳам услуб ва тажрибалари ҳақида маълумот олишга интилдик. Интернет орқали ҳам кўплаб хорижий университетларнинг сайтларига кириб, уларнинг таълим тизимини ўрганишга ҳаракат қилдик. Дунёнинг таниқли қироат уламолари томонидан таълиф этилган Қуръони Каримни тез ва осон ёдлашга доир араб, инглиз ва турк тилларидаги китобларни кўриб чиқдик ва энг керакли нуқталарини таржима қилиб илмий ишимизга киритиб бордик.

Айни пайтда илмий ишимиз қисман тайёр. Ҳозир эса, биз кўриб чиққан бир нечта услубларни жамлаб тузилган ва ўзимиз, ушбу услублар ичида энг фойдалиси деб билган янги услубни қисқача шаклда эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Агар ушбу услублар сиз азиз ҳамюртларимизга ёрдам бера олса, биз илмий ишимизда фойдаланган манбаларнинг муаллифларининг, ўз тавсиялари билан бизга ёрдам берган барча устозларимизнинг, жоиз бўлса, каминанинг ҳам ҳаққимизга дуо қилиб қўйишингизни илтимос қиламиз. Аллоҳ таоло бу билимларни ўзимизга ҳам, ўзгаларга ҳам, дунё ва охиратда манфаатли айласин, омийн!

Биринчи ёдлашда:

  1. Қуръон ёдлаш учун қулай, ортиқча чалғитувчи нарсалардан холи, тинч хона танлаб олинади;
  2. Гавдани тик тутган ҳолда ўтирилади, мусҳафни кўкракдан баландроқ бўлган лавҳа устига, сал чапроқ қилиб қўйилади;
  3. Ёдлаш учун, кўпи билан бир ёки бир ярим қатор оят белгилаб олинади. Агар оят бир ярим қатордан узун бўлса, маъно бузилмайдиган жумлагача бўлиб олинади;
  4. Мусҳафга диққат билан қараб, имконият даражасида баландроқ, ўртача тезликда, бироз тараннум билан, 3 маротаба ўқилади;
  5. Кейин мусҳафни ёпиб, ўша қаторнинг ўзини ёддан худди шу тарзда етти мартагача ўқилади.

Мана шунда жами ўн марта ўқилган бўлади ва бир қатор тўлиқ ёд бўлади. Кейинги қаторларни ҳам худди шундай услубда ёдланади. Ярим саҳифа бўлганда, шу услубда (уч марта қараб ва етти мартагача ёддан ўқиб) битта жамланади. Мана шунда жами йигирма (20) марта ўқилган бўлади. Ва бир саҳифа бўлганда, шундай қилиб яна бир жамланади ва барчаси ўттиз (30) марта бўлади. Бунинг учун ярим соат вақт сарфланади ва бир саҳифа тўлиқ ёд бўлади (ин ша Аллоҳ).

Агар биз бир кунда узлюксиз эмас, балки орада дам олиб, умумий беш соат ажратсак, ярим пора (ўн – 10  саҳифа) ёдлашга имкониятимиз бўлади. Қўшимча яна ярим соат ажратиб, олдин ёдлаган пораларимиздан ҳар куни бир пора ўқишни одат қилсак, ёдланган поралар есдан чиқиб кетмаслигини таъминлайди.

Худди шу тарзда давом этсак, икки ойда Қуръонни тўлиқ ёд олишга эришамиз, ин ша Аллоҳ (олий маъҳаднинг бир нечта талабалари мисолида кузатилган).

Иккинчи марта такроран ёдлашда:

Ҳар куни бир порани белгилаб олиб, ҳар бир саҳифани беш марта мусҳафга қараб ва беш марта ёддан ўқилади. Сўнггида порани тўлиқ жамлаб, уч марта ўқилади. Бунга таҳминан олти-етти (6-7) соат вақт сарфланади.

Устозга топшираётганда ҳар сафар биринчи порадан бошлаб топшираверади, то ўн пора бўлгунга қадар. Кейин, ўн пора бўлганда, худди шу тарзда, ўнинчи порадан такрорни бошлайди, то биринчи порага етгунча (яъни тескари томонга қараб юрилади). Ҳар ўн порани алоҳида, шу услубда такрорланади. Ўттиз порани тугатишга яна икки (2) ой вақт сарфланади.

Учинчи такрорда эса худди шу жараённи ҳар куни икки порадан давом эттирилади. Ҳар бир саҳифа уч марта қараб ва уч марта ёддан, кейин порани жамлаб, бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади (жами 6-7 соат). Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади.  Ўттиз порани тугатишга бир ой вақт сарфланади.

Тўртинчи такрорда ушбу жараён тўрт порадан давом этади. Ҳар бир саҳифа бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади. Порани жамлаб бир марта ўқилади (жами -7 соат).  Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади.  Ўттиз пора учун жами ўн беш – йигирма (15-20) кун керак бўлади.

Бешинчи такрорда беш порадан (бир марта қараб ва бир марта ёддан), жами олти кун давом этади. Ҳар ўн пора бўлганда тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Бошидан ҳисобланса, барчаси бўлиб, олти ой сарфланади.

Олтинчи такрорда:

Бир кунда ўн порани, биринчи порадан бошлаб, ўнинчи порагача мусҳафга қараб бир марта ўқилади, иккинчи мартасида ёддан топширилади. Эртасига эса худди шу шаклда, аммо ўнинчи порадан бошлаб, сўнг тўққизинчи, саккизинчи, ва ҳоказо то биринчи порагача тескари тарафдан бошлаб, ёддан топширилади. Бу пораларнинг рақамларини яхши эслаб қолиш учун жуда фойдали. Ҳар ўн пора худди шу тарзда такрорланади. Ўттиз пора учун олти кун вақт сарфланади.

Еттинчи такрорда худди олтинчи такрордаги каби жараён ўн беш порадан такрорланади. Ўттиз пора учун жами тўрт кун вақт кетади.

Охирги – саккизинчи такрорда:

Бир кун мобайнида фақат Қуъронга қараб ўттиз порани тўлиқ хатм қилади. Кейин орада бир кунлик танаффус қилиб, мияга дам берилади ва учинчи куни Қуръони Каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан ўқиб топширилади. Яна бир кун танаффус қилинади. Сўнгра Қуръонга қараб иккинчи бор тўлиқ хатм қилинади. Сўнгра яна бир кун дам олиб, кейин Қуръони Каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан фақат ўттизинчи порадан бошлаб биринчи порагача тартиб билан ёддан топширилади. Бу жараён учун бир ҳафта вақт сарфланади.

Умумий ҳисобланса, олти ярим ой ичида Қуръони Каримни комил ёд олиш имкони бўлади (ин ша Аллоҳ).

Маълумот ўрнида:

Ушбу услуб – Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Мавритания, Тунис, Жазоир Қуръон мадрасаларида фойдаланилаётган бир қанча услублар жамланмасидан тузилди.

4-курс талабаси
Йўлдошбек Нуриддинов

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг