Имом Шотибийнинг “Ҳирз ал-Амоний ва Важҳ ат-Таҳоний” асарига ёзилган шарҳлар

0
48

Имом Шотибийнинг “Ҳирз ал-Амоний ва Важҳ ат-Таҳоний” асари қироат фани соҳасида ёд олиш осон бўлган шеърий услубда ёзилгани, қироат фанининг деярли барча тармоқларини қамраб олгани боис унга қизиқиш ниҳоятда катта бўлган. Шунинг натижасида унга бағишланган кўплаб мўъжаз ва кенг шарҳлар ёзилган.
Биз мазкур бўлимимизда “Ҳирз ал-Амоний ва Важҳ ат-Таҳоний”га ёзилган баъзи шарҳларни келтириб ўтамиз .
1) “Фатҳ ал-васид”
Абу-л-Ҳасан Илмуддин Али ибн Муҳаммад ибн Абдуссамад ал-Ҳамадоний ас-Саховий (1159-1246) қаламига мансуб шарҳ. У машҳур ҳадисшунос ва қироат олими ҳамда муфассир ҳисобланади. Йигирмадан ортиқ нодир асарлар муаллифи. Имом Шотибийнинг асарига ёзган шарҳининг тўлиқ номи “Фатҳ ал-васид фий шарҳ ал-қасид” деб аталган ва у машҳур асарга битилган биринчи шарҳ ҳисобланади.
2) “Шарҳ аш-Шотибий”
Ибн ан-Нажжор куняли олим Муҳиббиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн ал-Ҳасан ал-Бағдодий аш-Шофеъий (1182-1246) шарҳи. У машҳур тарихчи олим ҳисобланади. Имом Шотибийнинг қасидасига ҳам катта ҳажмда шарҳ битган.
3) “Ад-Дуррат ал-фарида”
Рашидиддин Абу Юсуф ал-Мунтажаб (Ҳусайн) ибн Абдулизз ибн Яъқуб ал-Ҳамадоний (ваф. 643/1246) шарҳи. У ҳамадонлик қироат ва наҳв олими бўлиб, Имом Шотибийнинг асарига “ад-Дуррат ал-фарида фий ҳалли ал-қасида” номли катта шарҳ битган.
4) “Ал-Лаолий ал-фарида”
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Муҳаммад Юсуф ал-Фасий ал-Муқиррий (1185-1258) қаламига мансуб шарҳ. У ҳанафий олими ҳисобланади. Фасда туғилиб ўсган бўлса-да, Ҳалабда яшаган. Мисрга келиб, Имом Шотибийнинг шогирдларида ўқиган. Унинг ҳуснихати чиройли бўлгани боис хаттот сифатида ҳам танилган. Имом Шотибийнинг қасидасига ўртача шарҳ битган ва уни умрининг охирларида битиб тугатган. Асар “ал-Лаолий ал-фарида фий ҳалли ал-қасидат аш-шотибиййа” ёки “ал-Фаридат ал-боризиййа” деб ҳам аталади. Муаллиф ўз шарҳини қисқартириб, шу ном билан атаган бўлиши ҳам мумкин.
5) “Иброз ал-Маоний”
Абу Шома куняси билан шуҳрат қозонган олим – Абдурраҳмон Абу Шома ибн Исмоил ибн Иброҳим ал-Мақдисий ад-Димашқий аш-Шофеъий (1202-1267) қаламига мансуб шарҳ. Абу Шома таниқли муҳаддис, ҳофиз, муаррих, муфассир, фақиҳ, мутакаллиф, наҳв ва қироат олими ҳисобланади. Унинг илм-фаннинг қарийб барчасига оид асарлари бор. Мазкур шарҳи ҳам шуҳрат қозонган бўлиб, бир неча марта нашр этилган ва ўртача шарҳ ҳисобланади. Шориҳнинг ўзи уни қисқартириб, қисқа вариантини ҳам яратган.
6) “Ҳавз ал-Маоний”
Жамолиддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Малик ал-Жайёний ан-Наҳвий (1204-1274) қаламига мансуб шарҳ бўлиб, Имом Шотибийнинг асарини қисқартириб баён қилган.
7) “Канз ал-Маоний”
Муҳаммад Шўъла номи билан танилган қироат олими бўлмиш Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Мавсилий ал-Ҳанбалий (1226-1258) шарҳи. Унинг Ибн ал-Маваққаъ куняси ҳам бўлган. Ҳалабда, Қоҳирада яшаб илм олган. Манбаларда нақл қилинишича, Муҳаммад Шўъла устози ёнида ухлаб қолади ва тушида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўради. Ул зоти шарифдан илм сўраган ва ул зоти бобаракот унга бир неча хурмо едирган. Кейинчалик устози: “Шўъла шу вақтдан бошлаб очилди!” деган эди. Унинг етти қироатга бағишланган “аш-Шамъат ал-музийя” асари “ро” ҳарфи билан тугайдиган манзумалардан биридир. Муҳаммад Шўъланинг Имом Шотибий қасидасига ёзган мазкур “Канз ал-маоний” номли шарҳи анча машҳур бўлиб, бир неча марта нашр қилинган. Жумладан, ХХ аср бошларида Тошкентда ҳам тошбосмада чоп этилган. Мазкур “Канз ал-маоний”да шориҳ шарҳлашда учта қоидани асос қилиб олган: мабодий, лавоҳиқф ва мақосид. Биринчисида луғат, иккинчисида эъроб қоидалари, учинчисида каломнинг мақсади – умумий маъно изоҳи кўриб чиқилган.
8) “Ал-Муҳнад ал-Қози”
Абу-л-Аббос Аҳмад ибн Али ал-Андалусий (ваф. 640/1242) шарҳи бўлиб, у Андалусиядан чиққан қироат олими ҳисобланади.
9) “Шарҳ аш-Шотибий”

Ибн Абу Заҳрон куняси билан танилган олим – Имодиддин Абу-л-Ҳасан Али ибн Яъқуб ибн Шужоъ ал-Мавсилий аш-Шофеъий (ваф. 682/1284) қаламига мансуб шарҳ. У

Дамашқда қорилар шайхи бўлган. Унинг тажвидга оид “ат-Тажрид” асари шуҳрат топган. Ибн Абу Заҳроннинг Имом Шотибий асарига ёзган шарҳи йирик ҳажмли – 4 жилддан иборат бўлган.
10) “Кашф ар-Румуз”
Ибн Лўълўъ кунияси билан танилган Тақийиддин Абу Бакр Яъқуб ибн Бадриддин Юсуф ад-Димашқий аз-Заҳабий ал-Жароидий (ваф. 688/1290) шарҳи. Мазкур шарҳда Имом Шотибий ишлатган рамзий ишораларни очиб кўрсатишга ҳаракат қилган. Унинг шеърлар девони, адабиётшуносликка оид асарлари мавжуд.
11) “Канз ал-Маоний”
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Умар ибн Иброҳим ибн Халил ал-Жаъбарий (1242-1332) қаламига мансуб шарҳ. У Фурот дарёси қирғоғидаги Жаъбар қалъасидан бўлган. У шофеъий олимларининг бири, таниқли қироат олимидир. Имом Жаъбарий умрининг охиригача Фаластиндаги Халил шаҳрида истиқомат қилган. Шунинг учун у Шайх ал-Халил лақаби билан ҳам шуҳрат қозонган. Унинг Ибн ас-Сирож, Тақийиддин, Бурҳониддин номли фахрли лақаблари бўлган. Олим юзга яқин асарлар ёзиб қолдирган. Унинг алоҳида қироатга бағишланган “Хулосат ал-Абҳос” ҳамда Имом Шотибийнинг қасидасига ёзган мазкур “Канз ал-маоний” асарлари шуҳрат топган. Мазкур шарҳ Имом Шотибий қасидасига битилган энг яхши ва энг дақиқ шарҳи сифатида эътироф этилган.

 4-курс талабаси
Абдувосиев Муҳаммад Носир

 

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг