Намозга таҳорат қилганда икки оёқни ювишнинг фарзлиги

0
60

Биз биламизки, таҳоратда тўртта фарз бор:

  1. Юзни ювиш.
  2. Икки қўлни тирсаклари билан ювиш.
  3. Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш
  4. Икки оёқни тўпиқлари билан ювиш.

Тўртинчи фарз бўлмиш, оёқ ювиш борасида уламолар турли хил фикрларни айтишган. Баъзилари уларга масҳ тортилади, дейишган. Бошқалари эса икки оёқ ювилади дейишган.

Аббос ибн Тамим амакисидан ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва оёқларига масҳ тортдилар. Урва ҳам шундай қилди”.

Биринчи фикр эгалари мана шу ҳадисни далил қилиб олдилар ва икки оёққа масҳ тортишнинг ҳукми бошнинг ҳукми кабидир дедилар.

Бошқалар эса бундан бошқа фикрга юрдилар ва оёққа масҳ тортилмайди, балки ювилади деб, қуйидаги ҳадисни ҳужжат қилишди:

Абдухойрдан ривоят қилинади:

“Али розияллоҳу анҳу Роҳбага кирдилар ва “менга сув келтир”, дедилар. Сўнг мен сув ва идиш келтирдим. Шунда Али розияллоҳу анҳу таҳорат қилдилар ва оёқларини уч марта ювдилар. Сўнг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари худди шундай бўлган” дедилар”.

Бу каби ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражасида келган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилсалар, оёқларини ювардилар.

Бундай ихтилофнинг келиб чиқишининг сабаби, инсонлар таҳорат фарзлари оятидаги و ارجلكم  деган калимада ихтилоф қилишди. Масҳ тортиш керак, деганлар, бу калимани ўзидан олдингисига изофа қилиб, “ва аржуликум” деб касра ҳолатда ўқишди. “Ювиш керак”, деганлар эса “ва аржулакум” деб, фатҳа билан ўқишган.

Жумҳур қироатда (қироат имомларининг кўпида) “ва аржулакум” деб фатҳа ҳолатда ўқилган. Шундан келиб чиқиладиган бўлса, таҳоратда икки оёқ ювилади.

“Шарҳу Маъонил Осор” китоби асосида
ТИИ талабаси Кўпайсинов Жасур

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг