Суяк билан истижмор қилиш

0
42

“Истинжо” сўзи фиқҳий истилоҳда олд ва орқа аврат йўлидан чиққан нажосат қолдиғини сув билан тозалашга ишлатилади. Тош, кесак ёки шу каби нарсалар ёрдамида поклашга “истижмор” дейилади. Истинжо ва истижмор эркак ва аёлларга бир хилда суннати муаккададир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) доимо бу амални қилиб келганлар. Уламолар истинжонинг ҳукми борасида турли фикрларни айтган. Баъзилар уни мустаҳаб, яна Баъзилар суннат, деган. Истинжо суннат экани ҳақидаги фикр тўғри бўлиб, жумҳур уламолар шунга иттифоқ қилган.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳудан) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга чиқанларида мен сув олиб борар эдим. У зот ўша сув билан истинжо қилар эдилар” (Муслим ва Абу Яъло ривояти). Ушбу ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатдан сўнг сув билан истинжо қилишлари айтилмоқда. Уламолар сув ва тош, кесак билан истинжо қилиш борасида турлича фикрда бўлган. Аксарият салафлар ва улардан кейингилар истинжода аввало тош, кесак, махсус тайёрланган қоғоздан кейин сув ишлатиш афзал, дейишган.
Истинжо ҳолатга қараб қуйидаги турларга бўлинади:
1. Фарз.
Жунуб, ҳайз ва нифосдан покланётганда ғусл қилишдан олдин олд ва орқа аврат ҳамда унинг атрофини яхшилаб сувда ювиш фарз. Бунда ўша ерда нажосат бор-йўқлиги ёки оз-кам бўлишининг фарқи йўқ. Агарда олд ва орқа йўлдан чиққан нажосат тарқалган жой бир дирҳамдан ошса, уни кесак ва тош каби нарсалар билан поклаш кифоя қилмайди. Балки уни сувда ювиб тозалаш фарз.
2. Вожиб.
Агар нажосат атрофга тарқалиб, унинг кенглиги дирҳам миқдорича келса, уни сувда ювиш вожибдир.
3. Суннат.
Агар чиққан нажосат бир дирҳам миқдоридан камроқ бўлса, уни сувда ювиш суннат.
4.Бидъат.
Ел чиқаргандан сўнг истинжо қилиш бидъат. Шунингдек, уйқудан уйғониш, жиннилик, ҳушидан кетиш ҳам истинжони шарт қилмайди.
Уламолар Суякка истижмор қилиш тўғрисида ихтилоф қилишган. Баъзилари “Суяк билан истижмор қилиб бўлмайди. Агарда у билан бирор киши истинжо қилса, истинжо қилмаган киши ҳукмида бўлади”, дейишган.
Улар қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтиришган:
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кишини суяк ва тезак билан покланишдан қайтардилар”.
Бошқалар эса “Суяк билан истинжо қилишдан қайтарилмаган. У билан истинжо қилиш тош ва бошқа нарсалар билан истинжо қилишдек эмасдир. Лекин ундан у жинларнинг озуқаси бўлганлиги учун қайтарилган. Одам боласи уларни ифлос қилмасликка буюрилгандир” дейишган.
Улар эса қуйидаги ҳадисни далил қилишган:
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Суяк ва тезак билан истинжо қилманглар. Чунки улар жин биродарларингизнинг озуқаларидир”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак суяк билан истижмор” қилишдан қайтариқ бордир. Фақат унинг сабаби у жинларнинг озуқаси бўлганлиги учундир.

“Шарҳу Маъонил Осор” китоби асосида
ТИИ талабаси Ҳомидов Муҳаммадюсуф тайёрлади

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг