Бир ҳадис шарҳи

0
60

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборилар эканлар, У кишига ақидавий жиҳатдан  икки ботил эътиқодни тўғрилаш вазифаси юклатилган эди. Роббил оламинга ширк келтиришни йўқ қилиб, ёлғиз Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилишга чақириш ва қиёматни инкор қилувчиларнинг даъволарини йўққа чиқариб, охират куни ҳақ эканлигини исботлаш эди. Юқоридаги иккала ботил эътиқод ҳам Макка мушриклари орасида кенг тарқалган эди. Улар Аллоҳга қўшиб яна кўплаб илоҳларга ибодат қилар ва бу ибодатларидан мақсад илоҳларидан бу дунёда мадад олиш, шу ҳаётнинг ўзида турли мусибатлардан паноҳ тилаш эди. Дунёнинг имтиҳон эканини ва охиратдаги ҳисоб-китоб, жазо-мукофотларни инкор қилар эдилар.

Юқоридаги икки эътиқоднинг ботил экани  кўплаб оят ва ҳадисларда ўз ифодасини топган. Биз ушбу мақолада шу маънодаги ҳадислардан бирини шарҳлашни мақсад қилдик.

عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صل الله عليه وسلم قال: “قال الله تعالى: كذَّبني ابن آدم، ولم يكن له ذلك وشتمني  ولم يكن له ذلك، فأما تكذيبه إياي فقوله: لن يعيدني كما بدأني وليس أول الخلق بأهون علي من إعادته وأما شتمه إياي فقوله اتخذ الله ولدا، وأنا الأحد الصمد لم ألد ولم أولد ولم يكن لي كفوًا أحد”

Абу Ҳурайра розияллоҳу Набий соллалоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини ривоят қиладилар: Аллоҳ таъоло айтди: “Одам боласи мени ёлғончига чиқарди, ваҳоланки бундай демаслиги лозим эди, яна мени ҳақоратлади, бунга ҳам ҳақи йўқ эди. Мени ёлғончига чиқариши “Аллоҳ мени ҳеч ҳам аввал яратганидек ҳолимга қайтармайди” дейишидир. Мен учун махлуқотларни аввалги ҳолига қайтариш уларни аввал бошдан яратишдан қийинроқ эмас. Мени ҳақорат қилиши эса “Аллоҳ ўзига бола тутди” дейишидир. Мен яккаю-ягона, барча нарсадан беҳожат зотман, туғмадим, туғилмадим ҳам, менга бирортаси тенг ҳам эмас.” Имом Бухорий ривояти.

Ушбу ҳадис “қудсий ҳадислар” турига мансуб бўлиб, саҳиҳ қавлга кўра бундай ҳадисларнинг маъноси Аллоҳ таъолодан, лафзи Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан бўлади.

Ҳадиси шарифда мушрикларнинг ҳар иккала даъволарига ақлий далил билан жавоб берилиб, уларнинг пуч экани исботланяпти.

Мушрикларнинг охират кунига ишонмасликлари ва уни инкор қилишларига асосий сабаб, қиёматда Аллоҳ барча инсонларни аввалги ҳолатларига қайтариб, бирма-бир сўроқ қилишини ўта ғайри оддий иш деб билишлари бўлган. Шунинг учун ҳам улардан бири Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга чириган суякни кўрсатиб, “наҳот Аллоҳ мени шу суяк каби чириб кетганимдан кейин ҳам аввалги ҳолимга қайтарса” деб, бу ишнинг ғаройиблигини исботлашга уринган эди. Аллоҳ таъоло эса унга бундан ҳам ғаройиброқ нарсани мисол келтиради. Ахир, Аллоҳ уни мутлақо йўқ бўлган ҳолида бир томчи сувдан бус-бутун инсон қилиб яратмадими. Нега энди уни йўқдан бор қилиниши ажаблантирмади-ю, йўқ бўлиб кетгандан кейин аввалги ҳолига қайтарилиши ажаблантириб қўйди. Аслида бундай ажабланиши Аллоҳ таъолонинг чексиз қудратига ишонмасликдан келиб чиққан эди.

«У бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди». Ёсин сураси 78-оят.
Муфассирлар айтишдики: − Убай ибн Халаф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир чириган ранги ўчган суяк келтириб: − Эй Муҳаммад, Аллоҳ мана шуни чириб кетганидан кейин тирилтиради деб ўйлайсанми? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: − Ҳа, сени ҳам тирилтиради ва дўзаҳга киритади, − дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Абу Моликдан: − Убай ибн Халаф Ал Жумаҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир ранги ўчган суяк келтириб, қўллари орасида уни майдалаб ташлади ва: −  Эй Муҳаммад, мана шуни чириб кетганидан кейин Аллоҳ қайта тирилтирадими? – деди. У киши: − Ҳа, шуни Аллоҳ қайта тирилтиради. Сени ҳам ўлдириб, сўнгра тирилтириб, кейин жаҳаннам оловига киритади, − дедилар.

Аллоҳ таъолога ширк келтиришлари, Унинг боласи бор дейишларига сабаб, мушриклар Оламлар Роббисини ҳам ўзлари каби тасавввур қилганлари ва инсонларга хос сифатларни Аллоҳга ҳам исбот қилганлари туфайлидир. Аслида, ўзлари каби турли нарсаларга муҳтож бўлиш нуқсонидан олий бўлган зотгина оламлар роббиси бўлиши мумкинлигини англай олмагандилар.

«Айтинг: «У – Аллоҳ бирдир».

Ихлос сураси 1-оят

 Яъни  эй Расул, Роббингизнинг сифати  ва нисбатини сўровчиларга айтингки, У – Аллоҳ бирдир. Яъни  зотию сифатида бирдир. Унинг шериги, тенгдоши ва баробар чиқувчиси йўқдир. Мана шу нарса шерик, деган нарсани даф этиб, ваҳдоният ила сифатланиш, демакдир. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, сизлар иқрор бўлиб танийдиган Аллоҳ еру осмон ва сизларнинг яратувчингиздир. У улуҳиятда ҳам бир бўлиб, шериги йўқдир. Мана шу нарса зотдаги ададни ҳам йўққа чиқаради.

«Аллоҳ сомаддир (барча ҳожатлар билан кўзлангувчидир)». Ихлос сураси 2-оят

Яъни барча ҳожатларда У қасд қилинади. Чунки Аллоҳ у нарсаларни рўёбга чиқаришга қодирдир. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳар бир маҳлуқ ҳожати юзага чиқишида Уни қасд қилади. Бирор киши ундан беҳожат бўлолмайди. У эса барча нарсадан беҳожатдир. Мана шу айтганларимизда восита ва шафоат мавжуд, деб айтувчи араб мушриклари ва шуларга ўхшаш тоифаларга раддия бордир.

Ибн Аббос «ас-Сомад» калимасининг тафсирида қуйидагиларни айтдилар: «Ас-Сомад – бутун халойиқ ҳожатларию масалаларида Унга эҳтиёж сезишади. У саййидлиги, шарафлилиги, азамати, ҳалимлиги, илми ва ҳакимлиги мукаммал бўлган Зотдир. Унда жамики шараф ва саййидлик мукаммал бўлган. У − Аллоҳ айб-нуқсонлардан покдир. Мана шулар Унинг сифатларидир. Булар фақат Аллоҳ учун хосдир. Унинг тенгдоши ҳам йўқ. Унинг мислидек бирон зот йўқ. У − Аллоҳ барча айб-у нуқсонлардан пок бўлиб, ал-Воҳид, ал-Қаҳҳор сифатли Зотдир».

«Саҳиҳи Бухорий»да келтирилишича, эшитган озорли нарсага Аллоҳчалик бирор киши сабр қила олмайди. Аллоҳ уларга ризқ бериб, офиятда қилса ҳам улар, Аллоҳнинг боласи бор дейишади. Лекин бу дунёда азобламагани улар охиратда ҳам нажот топадилар дегани эмас.

«Албатта, Аллоҳ ва унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди». Аҳзоб сураси 57-оят.

3-курс талабаси
Умарходжаев Мурод

 

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг