Рўзадорларга хушхабар

0
56

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўза ва рўзадорлар  ҳақида кўплаб гўзал башорат-хушхабарлари мавжуд. Келинг улардан бирини эслаб кўрамиз:  Ибн Абу Авфо айтадилар:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : نوم الصائم عبادة و صمته تسبيح و عمله مضاعف و دعاؤه مستجاب و ذنبه مغفور

 Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади ва гуноҳи кечирилгандир”- деб марҳамат қилдилар. (Имом Байҳақий ривояти)

Рамазон. Бу ой шундай муборак ойки, ҳар бир тақводор зот учун бу ойда туришликнинг ўзи ибодат, бу ойда бўлишликнинг ўзи ибодат. Қаранг, рўза тутадими ибодат, рўза ҳолатда ухлайдими ибодат, ҳаттоки гапирмасдан жим турса ҳам ибодат, ифторликда овқат еса ҳам ибодат. Қаранг бу ойда қай даражада савоблар, нақадар файзларга эришилади ва ҳар бир оддий амал ҳам ибодатга айланади. Рамазон ойида тонг вақтидан олдин туриб саҳарлик қиламиз, бу ишимиз ибодатга айланади, кейин саҳардан то шомгача рўза ҳолда юрамиз, ишлаймиз, ухлаймиз – ибодат, сўнгра шомда яна овқатланамиз –ибодат, кечаси таровеҳ намозларида қоим бўламиз –ибодат, дуолар қиламиз – ибодат, яна эртанги кун учун, рўзага куч тўплаш учун дам оламиз, у ҳам ибодатга айланади.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бу Рамазон ойи барака ойидир” – деб бежизга айтмадилар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам نوم الصائم عبادة дедилар, яъни эрталаб рўзадор одам рўзғори учун, нафақаси учун ишлаб меҳнат қилса ва чарчаганидан пешиндан кейин ёки асрдан сўнг бироз мизғиб олса, уни Аллоҳ таоло ҳар бир чиқарган нафаси учун зикр қилди деб номаи аъмолига ёзиб қўяди. Рўзадорнинг мартабасига қаранг! Худои таоло рўзадор бандасини қандай азиз қилиб қўйибди-я!

Ва яна Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам و صمته تسبيح – рўза тутган кишининг гапирмаслиги, жим туриши тасбеҳдир. Яъни рўзадор одам олдин  ҳар хил хуник сўзларга ўрганган бўлса, эндиликда Аллоҳ таолонинг фарзини бажараётганда бу хилдаги одатни тарк этсин, яхши сўз билса гапирсин, билмаса унда жим турсин. Мана шу ҳолда Парвардигори олам у инсонга сукут сақлагани учун “Субҳаналлоҳ” деди деб ҳисоблайди.

Ҳадиснинг давомида  و عمله مضاعف – рамазонда қилинган савобли ишларнинг ажри орттирилади деб келади. Яъни рамазонда қилинган ибодатлари, бошқа вақтларда қилинган ибодатлари билан бир хил бўлса-да, аммо муборак ойда қилинган хайрли ишларнинг савоби етмиш даража кўтарилади. Бу озмунча фарқ эмас, жуда ҳам катта  мукофот. Рамазонда кунига таровеҳ 20 ракаат ўқилади. Бу дегани 1400 ракат намоз ўқилганнинг ажри берилади. Бу ойда садақалар, хайрли ишлар, зикрлар 70 маротаба зиёда қилинади. Шунинг учун ҳам баъзи ақлли инсонлар закотларини ушбу муборак Рамазон ойида адо этадилар. Чунки Рамазон ойида қилинган ҳар бир эзгу амалга 70 марта кўп савоб берилади.

Ҳадиснинг давомида рўзадорнинг сифатлари зикр этилиб шундай дейилади: و دعاؤه مستجابрўзадорнинг дуоси мақбулдир. Чунки у Аллоҳ таоло яхши кўрган банда бўлишга интилаётир. У Парвардигори учун кундузи ейиш, ичиш ва оилавий муносабатдан узоқлашади. Роббиси учун нафсининг кучли орзуларини тарк этади. У Аллоҳ таоло учун фидокорлик қилганлиги сабабли ҳам Худои таоло уни севмоқда ва дуоси ижобат бўлмоқда. Бундай фурсатда рўзадорнинг дуосини олишга, унинг кўнглини овлашга, унга эҳсон қилиб туришга ҳаракт қилишимиз зарур. Чунки унинг дуоси ижобат. Мен ҳам рўзадорманку, мен ўзимга ўзим дуо қилсам бўлмайдими, деманг. Чунки мўмин одам ўзининг амалини 100% қабул бўлаётганлигига ишонмаслиги керак. Унда амалига ужб қилган бўлади. Яъни ўзининг амалидан фахрланган бўлади, ўзининг ибодатига кибрланган бўлади. Шунинг учун бизлар рўзадор бўла туриб бир–бировимизни хурсанд қилишга ҳаракат қилайлик. Шоядки шу қилган ишимиз учун Аллоҳ таоло меҳри жўш урадиган ойда, Рамазонда ва ундан аввалги қилган ибодатларимизни ҳам даргоҳида қабул қилса. Мўмин киши тавозеъли бўлиши даркор. Ўзининг мўмин биродари олдида камтар тутиб, унинг даражасини баланд билмоғи – бу ҳақиқий авлиёларнинг ишидир.

Ҳадиснинг охирида Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам  و ذنبه مغفورрўзадорнинг гуноҳлари кечирилади, деб марҳамат қилдилар. Рўза тутган мусулмон  أوسطه مغفرة  яъни ўртаси мағфират бўлган бу пайтларда кўпроқ истиғфорлар айтса, албатта гуноҳлари кечирилади. Ва яна ҳадиси шарифда ушбу мазмундаги ҳадис зикр қилинадики “Рамазондан рамазонгача оралиқдаги мўмин кишининг кичик гуноҳларига кафоратдир”.

Ушбу ҳадиси шарифлардан билиниб турибдики, рамазон ойининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб кўпроқ тақвога берилишимиз керак, шайтонлар кишанланган вақтда гуноҳли – хуник одатларимиздан қутулишимиз, истиғфору тасбеҳларни айтиб номаи аъмолларимизни ажру ҳасанотларга тўлдиришимиз, кўпроқ хайру эҳсонлар қилиб савоблар шодасига эга бўлишимиз лозим. Аллоҳ таоло ҳаммамизни юқорида айтилган ҳадисдаги рўзадор ҳолатига муваффақ айласин. Аллоҳим бизларга  ражаб ва шаъбонни баракотли қилгин ва бизни рамазонга етказгин.

ЎХИА 1 курс магистранти, ТИИ ўқитувчиси Низомиддинов Ҳошимжон

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг