Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

0
37

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтида бугунги жума мавъизасининг мавзуси эълон қилинди. Порталда таъкидланишича, бугун юртимиз масжидларида “ИСРОФДАН САҚЛАНАЙЛИК!” мавзусида мавъиза қилинади.

Муҳтарам жамоат! Барчамизга маълумки, Ислом динимиз мўътадил дин бўлиб, барча ишларда мўътадил йўлни тутишга буюради. Айни пайтда исрофдек оғир гуноҳдан қайтаради. Чунки, ҳар қандай ишда ҳаддан ошиш   исроф саналади ва у Ислом динининг мўътадилликка асосланган таълимотига зид келади. Исроф деб, шариат тилида бирор иш ҳаракатни бажаришда, сўз сўзлашда, молни сарф қилишда, кўнгилдаги хоҳиш истакларни амалга оширишда мўътадиллик чегарасидан чиқишга айтилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда исрофгарларни суймаслигини ва улар шайтоннинг биродарлари эканлигини баён қилган. Жумладан,

إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

яъни: “…У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).

وَآَتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلَا تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُوا إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ

وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا

яъни: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 26-27-оятлар).

   Биз кўпинча исроф деганда таомнинг ортиб қолиши ёки ортиқча сарф ҳаражат қилишнигина тушунамиз. Бу ҳам  тўғри. Аммо, нафақат ортиб қолиши, балки қолмасин деб, тўқ қорин устига ейиш ҳам исроф саналади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

يَا بَنِي آَدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

яъни: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”, деб марҳамат қилган (Аъроф сураси, 31-оят).

Еб-ичишдаги исроф – қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейиш, деган тафсир ҳам бор. Ҳорун ар-Рашиднинг бир насроний ҳозиқ табиби бор эди. У бир куни уламолардан Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Қуръон китобларингизда табобат хусусида ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки, илм икки хилдир. Бири – дин илми, иккинчиси – бадан, яъни тиб илми”, деганида, у жавобига: “Аллоҳ таоло табобатнинг ҳаммасини яримта оятга жойлаб қўйган”, – деб, мазкур оятни ўқиб берганида табиб: “Пайғамбарингиз бу хусусда ҳеч нима демаган”, – дебди. Шунда олим: “Аксинча. Ошқозон дард манбаи, парҳез – барча давонинг боши. Баданни унга мос нарса билан парвариш қил!” – деган ҳадисларини ўқиб берибди. Шунда табиб: “Китобингиз билан Пайғамбарингиз Жолинус ҳакимга табобатдан ҳеч нарса қолдирмабди”, – деган экан (Мадорик тафсиридан).

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот шундай деганлар:

إِيَّاكُمْ وَالْبِطَنَةَ مِنَ الطَّعَامِ وَالشَرَابِ؛ فَإنَّهَا مُفْسِدَةٌ لِلْجَسَدِ، مُورِثَةٌ لِلسَّقَمِ، مُكْسِلَةٌ عَنِ الصَّلاَةِ، وَعَلَيْكُمْ بِالْقَصْدِ فِيْهِمَا؛ فَإنَّهُ أَصْلَحُ لِلْجَسَدِ، وَأَبْعَدُ مِنَ السَّرَفِ وَأَقْوَى لِلْعِبَادَةِ

яъни: “Таом ва ичимлик билан қоринни шиширишдан сақланинг. Зеро, бундай қилиш жасадни бузади, касаллик келтиради ва намозга ялқовлантиради. Таом ва ичимликда мўътадил бўлинг. Зеро, шундай қилиш жасадга фойда беради, исрофдан йироқ қилади ва ибодатга куч беради”.

Сарф-харажат ва хайр-эҳсон қилишда ҳам исрофга йўл қўймаслик лозим бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инфоқ эҳсонни мўътадил қилган бандаларини мақтаб шундай деган:

وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا

яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).

Аллоҳ таоло эҳсон қилиш, нафақа улашишга буюрган ўрнида, исроф қилишдан, ҳаддан ошишдан қайтаради. Қуйидаги оят бунга далил бўлади:

وَهُوَ الَّذِي أَنْشَأَ جَنَّاتٍ مَعْرُوشَاتٍ وَغَيْرَ مَعْرُوشَاتٍ وَالنَّخْلَ وَالزَّرْعَ مُخْتَلِفًا أُكُلُهُ وَالزَّيْتُونَ وَالرُّمَّانَ مُتَشَابِهًا وَغَيْرَ مُتَشَابِهٍ كُلُوا مِنْ ثَمَرِهِ إِذَا أَثْمَرَ وَآَتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

яъни: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”(Анъом сураси, 141-оят).

“Исрофдан сақланайлик” тезисига илова:

Муҳтарам азизлар! Салом бериш – Ислом динининг шиори, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларидир. Шунингдек, салом берувчи кишининг тавозели ва камтар эканининг белгисидир. Саломга алик олиш эса – вожибдир. Аллоҳ таоло салом берилганда унга алик олишни буюриб, шундай дейди:

وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ حَسِيبًا

(سُورَةُ النِّسَاءِ / الأَيَةُ 86)

яъни: “Қачон сизларга салом беришса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинг ёки ўша саломнинг ўзини қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олувчи зотдир” (Нисо сураси, 86-оят).

Демак, бирор киши бизга “Ассалому алайкум” деса, биз унга ҳеч бўлмаганда: “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ” деб, алик олишимиз шарт. Агар бизга: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ” дейилса, “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ”, деб жавоб қайтаришимиз лозим. Салом берилганда уни эшитиб туриб, алик олмаган киши гуноҳкор бўлади.

Саломлашиш инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ва самимийликни келиб чиқишига сабаб бўлади.

“لا تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا، وَلا تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا، أَلا أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ، أَفْشُوا السَّلامَ بَيْنَكُمْ”

(رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча, мўмин бўлмассиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми? Орангизда саломни ёйинг!” – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Аллома Тибий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шарҳида шундай дейдилар: “Саломни кенг ёйиш – ўзаро меҳр-муҳаббатга сабабчидир. Бу эса имоннинг мукаммаллигига олиб келади. Салом ила мусулмон жамиятда дўстлик, иноқлик ва ўзаро улфат келиб чиқади. Шунингдек, бу одатда мусулмонлар бирдам бўлиши, бошқа миллатлардан ажратиб турувчи шиорларининг намоён бўлиши юзага келади, ўзаро гина ва адоватлар кўтарилади”.

Шариатимизга кўра мусулмон одам ҳар қандай гапни салом беришдан бошлашига тарғиб қилинган.

Дeмак, биров билан кўришганда ёки бирор йиғинга кирганда салом бeриш – суннат экан. Шунингдек, суҳбат якунланганда ҳам уни салом бериш билан тамомлаш ҳам – суннат. Ҳар биримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак суннатларини тирилтириш, уни ҳаётимизга татбиқ этиш мақсадида ўзро суҳбат ва учрашувларимизда салом беришга одатлансак улкан ажрларга эга бўламиз.

Аллоҳ таоло барчамизга динимиз шиорларини эҳтиром қилиб, унга амал қилиб яшаш бахтини насиб этсин! Омин!

Манбаа: Azon.uz

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг