“Табиий офатлар қаршисида одамзот ожиз”
Тошкент ислом инстутити Модуль таълим шакли талабалари учун “Офатлар ва фавқулотда ҳолатларда тўғри ҳаракатланиш қоидалари” мавзусида Ҳабиб Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти директори Анвар Нурхўжаев иштирокида илмий суҳбат бўлиб ўтди. Тадбирда Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Шоғиёс Шожалилов, Модуль таълим бўлими ходими Музаффар Жабборов, Тиллар кафедраси ўқитувчиси Изатилла Юлдашев иштирок этди.
Маърузада Анвар Нурхўжаев қуйидаги маълумотларни талабаларга сўзлаб берди:
Офатлар, яъни фавқулотда ҳолатлар 3 хил бўлади: табиий – зилзила, сув тошқини каби, техноген – сув омборлари тўғони очилиб кетиши, атом электр станциялари портлаши каби, ижтимоий – одамларнинг маълум бир нарсаларни ёқлаб ёки норози бўлиб кўчаларга чиқиши каби.
Табиий офатларнинг олдини олиб бўлмайди, аммо зарарларини камайтириш мумкин. Шунинг учун офатлар ҳақида билимга эга бўлсак, мана шундай ҳодисалар қаршисида тўғри ҳаракатланиш кўникмасига эга бўламиз. Билмаслик ваҳимага сабаб бўлади, ваҳима талофатлар кўпайишини келтириб чиқаради.
Техноген офатларда инсон омили асосий рол ўйнайди ва хавфли деб таснифланган объектни меъёрлар асосида қурмаслик ёки зарур эҳтиёт қисмларини ўз вақтида алмаштирмаслик каби сабаблар орқасидан ҳосил бўлади.
Ижтимоий фавқулотда ҳолатлар, кўпинча одамларнинг мавжуд ҳукуматлардан норозилиги сабабли кўчаларга чиқиши ва бундай ҳолатларда ҳам ҳаракатланишнинг ўз қоидалари мавжуд эканлиги соҳа мутахассислари томонидан қайд этилган.
Шу кунларда Ўзбекистонга кириб келганига бир йил тўлган вирус сабабли дунёда бўлгани каби бизнинг юртларда ҳам карантин эълон қилинди. Шу учун, пандимия шароитида қоидалар асосида яшаш тартиби жорий этилди.
Умуман, вирус ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг пайдо бўлиб тарқалиши табиий ёки техноген бўлиши мумкин.
Психологларнинг таъкидлашича, офатлар вақтида ҳотиржам ва оқилона ҳаракат қилиш учун Аллоҳни эслаш ҳамда ундан мадад сўраш, дуолар ўқиш жуда муҳим ҳисобланади. Ҳадисларга эътибор берсак, қор-ёмғир ёққанда, қуёш тутилганда, янги ой кўринганда, зилзила бўлганда ва шу каби табиат ҳодисалари олдидан махсус дуолар ўқилиши ва ибодатлар бажарилиши тавсия этилган.
Маърузадан сўнг, иштирокчилар томонидан қатор саволлар берилди. Жумладан, агар табиий эмас, техноген шаклда вирус тарқаган бўлса, вирус тарқатиши эҳтимоли бор давлатга дунё ҳамжамияти бирор чора қўлладими, атом электр станцияси қуриш самаралими, Ўзбекистоннинг олтин заҳиралари ва уни қазиб олиш бўйича дунёда нечанчи ўринда туриши борасидаги саволларга А.Нурхўжаев батафсил жавоб берди.
Маълумот учун, Анвар Нурхўжаев Тошкент ислом институти ва собиқ Тошкент ислом университетида Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги фанидан бир неча йил дарс берган.
ТИИ Матбуот хизмати
Комментарии