Ҳадис илмининг аҳамияти ва унга бўлган эътибор

0
40

Жонажон юртимиз Аллоҳ назар қилган юрт, бу миллат қанча – қанча олиму уламоларни, неча – неча жасорат соҳибларини ва буюк подшоҳу султонларни тарбия қилган миллатдир. Шундай экан бу халқ, бу миллат буюк аждодлар йўлидан юрса, ҳеч қачон ёвга ем, душманга таслим бўлмайди. Чунки аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий меросимизни ихлос билан ўрганиш, халқимиз қалбида ватанга муҳаббат, миллатга садоқат ва динга ихлосни ўргатади. Имом Бухорий, имом Термизий, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Абу Али ибн Сино каби зиё соҳибларининг бизга қолдирган маънавий мерослари халқимизнинг саодатли йўлини ёритишга хизмат қилади. Бу парлоқ йўл то қиёматгача мана шунда ёруғ қолажак. Яратганга беадад шукурлар ва мақтовлар бўлсинки, юртимизда барча соҳада ислоҳатлар жадал сувратда амалга оширилаётган бир пайтда диний соҳа рахбарлари ва ходимлари ҳам бу жабҳада бошқалардан ортда қолаётгани йўқ. Узоқ ўтмишимизга эмас, яқин тарихимизга қарайдиган бўлсак, ўтган икки йил ичида динимиз фидоийлари кўпгина савобли ишларни амалга оширдилар. Бунга мисол қилиб, Мусулмонлар диний идораси қошида “Вақф” хайрия жамоат фондининг иш бошлаганлигини, Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг очилишини, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Бухорода тасаввуф мактаби, Самарқандда калом илми мактаби, ҳамда Марғилонда фиқҳ мактабларининг очилишини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Қолаверса жорий йил Самарқандда ҳадис илми олий мактаби иш бошлаши бунинг ёрқин мисолидир.

Бу ислоҳатлар бизнинг жонажон Олий маъҳадимизни ҳам четлаб ўтмади. 2019 – 2020 ўқув йили учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модуль тизими асосида алоҳида сиртқи бўлим очилиб, унда юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб бораётган, ўрта махсус маълумотга эга бўлган имом хатибларнинг 120 тасини ўқишга қабул қилди. Эндиликда бу талабалар ҳам ўзларининг илмий салоҳиятини янада ошириш ва  маъҳаднинг  олий даражадаги шаҳодатномасини қўлга киритиш имкониятига эга. Бу талабалар алоҳида ўқиш ва ётоқ жойлари билан таъминланди.

2018 – 2019 ўқув йилида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг ички тартибида ҳам бир қатор ўзгаришлар бўлиб, янги “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси очилди. Илгари кафедралар сони 4 та эди, яна биттага кўпайди.

Бу янги “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедрасининг барча устозлари фидоий, жонкуяр ёш кадрлар бўлиб, барчалари тинмасдан ўзларининг устида ишлайди ва буюк аждодларимиздан Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўпламини, Имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Сунани Термизий” асарини, Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Шарҳи маонил осор” ҳадислар тўпламини институтимиз талабаларига ихлос ва муҳаббат билан ўргатадилар.

Ҳадис илмини ўрганишнинг бугун қандай аҳамияти бор? Дастлабки даврда саҳобалар ва тобеинлар ҳадисларни саҳиҳ – носаҳиҳга ажратмаган. Чунки носаҳиҳ ҳадислар умуман бўлмаган. Кейинчалик турли фирқалар ва оқимлар пайдо бўлар экан, улар одамларни ўзларининг бузуқ ғояларига чақириш учун оятларни нотўғри таъвил қилишга киришган ва ўзларига ёққан шаклда гап тузиб: “Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳадис” деб, ёлғон санадлар билан ҳадис ўйлаб топишган. Натижада саҳиҳ ҳадислар орасида носаҳиҳлари ҳам аралашиб кетган.  Бу эса адашган тоифаларни ҳам дастаклашда қўл келиб, кўп фитналар чиқишига, ҳатто ноҳақ қонлар тўкилишига сабаб бўлган.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ таолонинг дини борасида ўз фикрингизга асосланиб, бирор сўз айтишдан сақланинглар. Суннатга эргашишни лозим тутинглар. Ким суннатдан чиқса адашади” деб марҳамат қилди.

Агар узоқ тарихга ҳам назар солсак, ҳижрий учинчи асрда ҳам дин душманлари ислом таълимотини бузишга ҳаракат қилган. Бунинг учун Қуръон оятларини ўзгартиришга уринишлар бўлган. Лекин уларнинг бу ишлари самара бермаган. Сабаби Аллоҳ таоло ўзининг китобини қиёматга қадар ўзи ҳимоя қилишини Қуръондаги “Хижр” сураси 9 оятида: “Албатта, Зикрни (Қуръонни) биз нозил қилдик ва уни биз Муҳофаза қилурмиз” дея баён қилган. Бузғунчиларнинг бу ҳаракати фойда бермаганидан сўнг, ислом таълимотининг иккинчи асоси бўлган ҳадисни бузишга киришган. Минг афсуслар бўлсинки, бунда улар бироз бўлсада натижага эришган. Турли мавзуда ҳадислар тўқиб чиқаришган. Шу билан содда мусулмон халқни тўғри йўлдан адаштирган. Ҳар хил фитналарга сабаб бўлаётган тўқима ҳадисларни кўрган буюк муҳаддис олимларимиз, елкаларига тоғлар тоқат қилолмайдиган масъулиятни олиб, ҳадисларнинг ҳақиқийсини қалбакисидан ажратишга киришган. Натижада “Жомеъ ас-Саҳиҳ”, “Сунани Термизий” каби ўлмас асарлар юзага келган.

Муҳаддисларимизнинг бу хизматлари – игна билан қудуқ ковлашга ўхшайди. Чунки ҳадис илми 1440 йиллик узун тарихга эга бўлиб, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби уммат қаҳрамонларининг машаққатли меҳнати сабаб ҳадислар соф ҳолда сақланиб қолди.

Ҳижрий 3 аср – саодат асрининг охири бўлсада бузғунчи оқимлардан ҳолий бўлмас экан, қандай қилиб, 14 асрдан кейин келган мусулмонлар, уларнинг издошлари бўлган замонамиз хаворижларининг фитнасидан омонда қолиши мумкин.  21 асрда ҳам ўтмишдаги ҳақ йўлдан адашган фирқалар ва оқимларнинг маслакдошлари, уларнинг йўлини тутганлар кўплаб топилади. Булар соф этиқоддаги мўмин – мусулмонларни йўлдан адаштириб, ўзларининг пуч ғояларига эргаштиради. Бу ҳолатга бепарво бўлиш, жамиятимиз таназзулига сабаб бўлиши турган гап. Чунки халқимизнинг илмсизлиги сабаб, динимиз ва миллатимиз душманлари отани боладан, акани укадан ва эрни хотиндан ажратишга ва мусулмонлар ўртасига турли нифоқ солишга ҳаракат қилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапларни ҳам “ҳадис” дея ҳали ҳеч қандай шаръий илми бўлмаган ёшлар онгида ота – онасига, миллатига ва Ватанига қарши душманчилик кайфиятини шакллантиришга уринмоқда. Улар ҳадис тўқиб чиқаришда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки менинг номимдан ёлғон ҳадис айтса, жойини дўзахдан ҳозирласин” деган таҳдидлардан қўрқмади. Дунёнинг арзимас матосига охиратдаги боқий саодатли ҳаётни алмаштирди. Демак бугун ҳам халқимиз ҳадис илмини чуқур билган, унинг саҳиҳ носаҳиҳини,  носих ва мансухларини ажрата оладиган муҳаддис олимларга мухтож. Бизнинг Тошкент ислом институтимизда янги очилган “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мана шундай улуғ мақсадлар сари қўйилган қадам десак муболаға бўлмайди. Ўқув йилининг охирида “Хатми кутуб” каби тадбирларимиз ҳам бунинг ибтидосидир.

Бу буюк муҳаддислар ўзларининг бетакрор ҳадис тўпламларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзаларида, Аллоҳдан мадад сўраган ҳолларида ёзишни бошлаганлар.

Ислом инсититути “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”  кафедраси устоз ва талабалари ҳам янги ўқув йилида, Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг  муборак қабрларини табаррукан зиёрат қилиб, Қуръонни хатм қилишдан сўнг, яхши ниятлар билан Имом Бухорий ҳазратларининг “Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўпламини ўқишни бошладилар. Мақсадимиз буюк аждодлар изидан бориб, юртимизда яна қайта “Ҳадисшунослик” мактабини шакллантиришдан иборат.

Тарихчи ва файласуф Ибну Холдун: “Имом Бухорийнинг китобини ўрганиш ва шарҳлаш уммат уламолари зиммасидаги қарздир” деган экан. Бу ишга уммат орасида бизнинг юртимиз вакиллари бошқалардан кўра ҳақлироқдир.

Тарих китобларимизда айтилишича, Имом Бухорийлардан кейинги биргина Тошкент билан Бухоро оралиғида бир даврнинг ўзида 20 000 та муҳҳаддис олим яшаган экан. Демак, иншаоллоҳ, ҳадис илмини ўрганиш борасида қўйилган қадамлар мана шундай улуғ мақсадларга қаратилган деб умид қиламиз.

Бу каби хайрли ишларнинг бошида турган Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг Таълим бўлими мудири ва ходимларининг ҳам хизмати чексиздир. Ҳали қанчадан қанча забардаст олимларимизнинг ўлмас асарлари ўқилмасдан, ўрганилмасдан кутубхоналаримизда илмга чанқоқ ўқувчиларини кутиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Хатми кутуб деб қўйилган муборак қадам айни шу китоблар томонга босилган  қадамдир.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
кафедраси мудири А.Тошпўлатов

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг