Жонлиқ сўйишда Аллоҳнинг исмини айтишга тегишли ҳукмлар (биринчи мақола)

0
60

Сўйилган жонлиқнинг ҳалол бўлиш шартларидан бири Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган бўлишидир. Бунга уламолар қуйидаги оятни далил қилганлар:

فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ

“Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг исмини зикр қилинг” (Ҳаж сураси, 36-оят).

Ушбу оятдан жонлиқни сўйиш пайти назарда тутилган. Чунки оятнинг давомида “ёнлари ерга текканида” дея сўйилган ҳолати баён қилинган. Шунга кўра қайси жонлиқ қасддан Аллоҳнинг исми айтилмасдан сўйилган бўлса, унинг гўштини ейиш ҳалол бўлмайди. Чунки Қуръони каримда бундай гўштни ейишдан қайтарилган:

 وَلَا تَأْكُلُوا مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللَّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ لَفِسْقٌ    

“Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, бу иш фисқдир” (Анъом сураси, 121-оят).

Яъни, сўйиш чоғи “бисмиллаҳ” айтилмаган жонлиқнинг гўштини еманглар. Бундай гўштни ейиш фисқдир, яъни шариат кўрсатмасига риоя қилмасликдир.

Бошқа бир оятда Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган жонлиқнинг ҳаром экани хабар берилган:

وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ

“Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни ҳаром қилди” (Наҳл сураси, 115-оят).

Аллоҳдан ўзгага атаб жонлиқ сўйиш деганда қуйидаги икки ишдан бири тушунилади:

  1. Аллоҳдан бошқанинг исми билан сўйиш. Бунда сўювчи бирор бутнингми ёки ўзи муқаддас ҳисоблайдиган хаёлий бирор шахснингми муҳаббатига эришиш ва унинг ғазабидан сақланиш учун жонлиқни унинг исмини айтиб сўяди. Бундай ишни қилган кимса ширк гуноҳини содир этган бўлади ва ушбу сўйилган жонлиқ ҳам ҳаром ҳисобланади;
  2. Бирор шахснинг ҳурматини бўрттириб кўрсатиш учун жонлиқ сўйиш. Яъни, гўшт билан сийлаш мақсадида эмас, балки жонлиқ сўйишнинг ўзи билан бировни улуғлашни қасд қилса, агарчи Аллоҳнинг исмини айтиб сўйган бўлса ҳам, Аллоҳдан ўзгага атаб сўйиш бўлиб қолади. Бундай ишни қилган кимса ҳам ширк гуноҳини содир этган бўлади ва сўйилган жонлиқ ҳам ҳалол бўлмайди.

Аммо жонлиқ сўйишдан илтифот кўрсатишни масалан, меҳмон қилишни қасд қилган бўлса бундай бўлмайди. Балки бу иш шариатга риоя қилгани учун, Аллоҳни улуғлаш ҳисобланади ва савобли ишга айланади. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Шурайҳ Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ (Меҳмоннинг ҳаққи) бир кеча ва кундуз (унга иззат икром кўрсатилиши)дир. Зиёфат эса уч кундир”, дедилар”. Ушбу ҳадиснинг шарҳида Абу Убайд раҳматуллоҳи алайҳ: “Меҳмондорчиликнинг биринчи куни мезбон одатий кунидан ортиқроқ ҳаракат қилади ва илтифот кўрсатади. Иккинчи ва учинчи кунлари эса ўзида бор нарсани тортиқ қилади” деган. Шунга кўра биров меҳмонга иззат икром кўрсатиш учун жонлиқ сўйса ва бу билан меҳмоннинг ҳаққини адо этишни қасд қилган бўлса савобга эришади. Зеро, улуғ пайғамбарлардан бири бўлган Иброҳим алайҳиссаломнинг меҳмон учун жонлиқ сўйгани Қуръони каримда хабар берилган.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг