Хотин қул, “бошқаси” гул(ми?!)

0
245

Розия пешин намозини ўқиш учун жойнамоз тўшаётган эди. Тўсатдан кўча эшиги шарақлаб очилдию, синглиси йиғлаб кириб келди:

– Опа-а-а, бошқа чидолмайман. Бу адолатсизлик…

– Ҳай-ҳай, сингилжон, ўпкангни босиб ол. Бемаҳалда бу нима юриш?

– Куёвингиз хиёнат қилди!

– Чунарли. Намоз ўқиб олда, ҳаммасини бир бошидан гапир. Боши йўқ, охири йўқ – гапингни маъни-матриси ҳам йўқ.

Пешин ўқилди. Опа иссиқ чой дамлади. Эрталабдан турмуш ўртоғига деб пиширган сомсаларини қайта иситди. Аччиқ чойга новвот солиб, синглисига узатди. “Емайман, қўйинг энди”, дейишига қарамай чой ичирди. Сомса егизди. Кейин кулимсираб гап бошлади:

– Энди гапир. Уйингдагилар, куёвим, жиянларим қандай? Ҳамма соғ-саломатми?

– Шукр, саломат. Лекин мен касал бўлиб қоламан бунақада, опа – Робия яна йиғлай бошлади,- Биласиз, куёвингизни деб нақд шаҳар қолиб қишлоққа келин бўлишга рози бўлдим. Бу кишим бўлса… яна йиғи-сиғи бошланди.

– Нима бўлди, урдими?

– Урса кошки, ундан баттар. Кўнгли бошқада экан.

– Буни қаёқдан била қолдинг. Кўнглини рентген қилиб кўрдингми?

– Сизга айтсам, кечаги музли кунларда сирпаниб, бўйим баробар ҳовлида йиқилиб тушдим. Докторга бордик. Қайтишда хурсанд бўлсин деб, кийим дўконига олиб бордилар. Кийимларга маҳлиё бўлиб турсам, ул зот бошқа бир жувонга маҳлиё бўлиииб турибди. “Ким бу?”, десам, “Узоқ қариндошимиз, сиз танимайсиз”, дейди. Мен суриштириб билдим. Илгари дўконда ишлаганларида, шу аёл тез-тез нарса олиб турган, “салом-алик”лари бор экан. Ўрганган кўнгил ўртаниб, мана, яна эски кунларини истаб қолибди. Уйга қайтганларида бир жанжал қилдим, бир Қиёмат кўтардим. Ўзлари ҳам қўрқиб, эсанкираб, гап тополмай қолди.

– Кейинчи?

– Ажрашаман?

– А-а?

– Алданиб қолавераманми? Мен қишлоқни кам-кўстига, сигир-бузоғига, пишир-куйдирига, супур-сидирига рози бўлдим. Борига кўндим. Чўридек хизмат қиламан. Икки ёш болани эплаш, ҳаммани кўнглига йўл топиш билан гаранг бўлиб юрсам-у, ҳазрат олийлари кўчадда ялло-тавалло қилсалар. Бу адолатсизлик, адолатсизлик… кетаман. Нима мен темирданмани? Олий маълумотли хизматкор кимга ҳам керакмас экан? Кетаман, икки боламни эплаб боқиб олавераман…

– Астағфируллоҳ, сингилжон. Мен сени танимаяпман. Индамасам нималар деб валдираяпсан? Ажрим, хиёнат, хизматкор. Сен илгари бунақа эмасдинг-ку?! Ўқиган илминг, олган сабоқларинг қаерда қолди. Эрнинг ҳурмати, оила қадри деган нарсалар умуман сезилмаяпти.

– Сизга айтиш осон, поччам сизни маликалардек эзозлайди, саройдек уйингиз бор. Бировга қиё ҳам боқмайди.

– Эҳ, аҳмоққинам-а, эрини шоҳ деб билганлар малика, кулбасига меҳр қўйган кошона соҳибаси бўлади. Арзимас муаммоларга сиқилиб, оиласи тинчини бузганлар икки дунёда ҳам хор бўлади. Сен нима деб ўйловдинг, бу ҳаёт Жаннат, ҳаммаси теккисми? Йўқ, синовлар бисёр, тиконлар тўшалган. Инсон яралибдики, Лаъин шайтон хушёр, инсонни алаштирмоқ истайди. Уни энг шод қилган нарса – эр-хотинни орасига нифоқ солиб, юзкўрмас қилишдир. Сен ёмон кўрган ўша “бегона гул” ортида аслида шайтон турибди. Жанжал чиқаришинг, талоқ олиб эрингга ҳаром бўлиб кетишинг учун ҳамиятинг, ғазабингни қўзғаяпти. Сенга дуч келган ҳар бир муаммо ва кўнгилсиз нарса ортида шайтон ва нафс туради. Сен одамлар билан курашма. Уларни гапиртирган шайтон. Жанжал чиқарган нафсингдир. Эринг ҳам инсон. У ҳам адашади…

– Мен у киши жондан ортиқ суяр эдим. Боримни у кишига тиккан эдим…

– Сенинг катта хатойинг ҳам шунда. Эр муҳаббати Аллоҳ ва Унинг Расулининг ишқидан устун бўлса, мана шундай низолар чиқаверади. Эрни бутунлай севиш керак эмас, Аллоҳ йўлида севиш керак. Бу дегани яхшисига рози бўлиб, ёмонига сабр қилиш, сендан талаб қилинган бурч ва мажбуриятларни сидқидилдан адо этиш демакдир.

– Бошқасига кўнгил қўйса ҳамми?

– Ҳа, чунки, сен Қиёматда унинг амалларидан сўралмайсан. Ўзинг масъул ва жавобгар қилинган ишлардан сўраласан. Эрта кун Аллоҳ ҳузурига борганингда “Нега ажралдинг, оилангни буздинг?” деса, “Эрим бошқасини севиб қолди?” дейсанми? Яхшиси дуо қил, эрингни ҳаром йўлларга кетиб қолмаслиги учун таҳажжуд ўқи. Таҳажжуд барча муаммоларнинг осон ва самарали ечими.

– Ҳақсиз, опа…

– Юзингга бир қара, шўра босиб кетибди. Қачон тузукроқ пардоз-андоз қилгандинг?

– Иш, рўзғор ўз йўлига. Эрнинг кўнгли фақат овқат ва нон ёпиш билан исиб турмайди. Ширин сўз, чиройли кўриниш ҳамда хушбўй ҳид ҳам керак. Хафа бўлмагин-у, сендан ёғ ҳиди анқиб турибди.

– Начора?!

– Начора?! Уйингда ҳамма шароит бўлса, бундоқ ювиниб-тараниб, келишига ойдек бўлиб кутиб олсанг, ёқимли гаплардан гапириб турсанг, ўзини ўзига мақтасанг, қалбингдаги ҳисларингни яхши сўзлар билан ифодаласанг, рашкингни чиройли намаён қилсанг – иншааллоҳ, ҳаммаси яхши бўлади. Ёнингдан кетгиси келмайди. Кўчадаги аёллар зоҳиран гўзал кўриниб, эркакларни ўзига жалб қилади. Лекин, бузоқ айланиб қозиғини топади. Эркак бахти кўчада эмас, уйда, оила даврасидадир. Унинг учун аёлдан ҳам кўп нарса талаб этилган. Менга мослаш деб эмас, эрга ҳам мослашиб яшаш керак. Ҳар бир муслима эрини Аллоҳ йўлида севсин, эрни авлиё, хато қилмайдиган инсон деб ишониб қолмасин. Ҳаётнинг асл мазмуни эр билан эмас! Эр Аллоҳга элитувчи воситлардан атиги биттаси, халос. Аллоҳ хоҳласа, уни олиб қўйиши, касал қилиши, кўнглини бошқасига буриб қўйиши ҳам мумкин. Эр деб ўзини куйитиш, Худо берган саломатликни йўқотиш керак эмас. Эр бермоқ – жон бермоқ эмас. Аллоҳ берган омонатни асраш керак.

– Опажоним, мен… Мен ўзимни йўқотиб қўйибман. Тўғри айтяпсиз, арзимаган муаммо учун оиламни, ҳаётимни барбод қилай дедим. Шайтон душманим, нафсим балойим экани унутиб қўйибман. Аллоҳ мени синабди. Ўзидан узоқлашганим учун мени мана шу имтиҳон билан синади. Аслида кимлигимни, кимга қуллик қилишимни яна бир бор англатди. Инсонлар ҳам бизга ўхшаб хатокордир. Фақат Аллоҳгина Боқий ва Раҳим, Ваҳҳоб ва Ғаффор Зотдир.

– Яша, энди тўғри фикрлай бошладинг. Ақлинг ёришди. Агар ҳаммасини тушуниб, англаб етган бўлсанг, уйингга қайт. Иссиқ ўрнингни совутма. Аллоҳ билан алоқаларингни тикла, мустаҳкамла. Бандалардан бўладиган азиятлар, муносабтларга парво ҳам қилмай қўяасан. Бопти, тура қол!

Робия опасини юз-кўзидан ўпди. Ташаккур айтди. Тўғри йўлга йўллагани учун узоқ дуо қилди. Ахир жанжални авж олдириши, мой қуйиши ҳам мумкин эди-да!

Сингил бугун кечга режалар тузди. Таомномани ўзгартирди. Бисотидаги яхши кийимларни кўз ўнгидан ўтказди. Бир пайтлар тилидан тушмайдиган чиройли гапларини ёдига олди. Энг муҳим дуо қилиб, бахтиёр кетарди. Уйи саройдек, турмуш ўртоғи энг яхши инсондек кўз ўнгида гавдаланиб кетди. Меҳри жўшиб, тезроқ уйга шошилди.

Синглисини кузатган Розия ўтмиши кўзидан ўтказди. Калтак еган, уйдан ҳайдалган кунлари, туҳмат балосига қолган йиллари тасмадек ўтди. Кўзлари намланди. Бироқ буларни ҳеч ким билмайди, ҳеч кимга айтмаган. Фақат нолаларини Худо билади. Сабр ва имон, намоз ва Қуръон билан маликалар яшайдиган қасрни барпо қилган. Худобезори умр йўлдошини дуо ва чиройли тадбир билан жар оғзидан тутиб қолган. Синглисинг шикояти – кўзига ёш боланинг хархашасидек кўриниб кетди-ю, бир кулиб қўйди.

Аёл эри учун албатта гул бўлиб қолаверади, кўчадаги бегона эмас. Уни фақат имонли эркаккина англаб етади.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Н.Саидакбарова

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг