“Намозда қироат қилиш ва унга тегишли масалалар” мавзуида очиқ дарс бўлиб ўтди

1
170

Жорий йилнинг 14 февраль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ҳафиза Зойирова устознинг 103-гуруҳ талабаларига фиқҳ фанидан “Намозда қироат қилиш ва унга тегишли масалалар” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов ва кафедра катта ўқитувчиси Я.Раззақов, Ҳ.Жўрабоев, Қосим Абдуллоҳ, Ш.Лутпиллаев, И.Ғофуров, Н.Усманова; “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири О.Тангиров ва кафедра катта ўқитувчиси Қ.Қаюмов; “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Ж.Неъматов; “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси С.Валиева ва бошқа устозлар очиқ дарсни кузатиб, таҳлил қилиб бордилар.

Намозда қироат қилиш ва унга тегишли масалалар

Агар намоз фарз намози бўладиган бўлса, унинг икки ракатида қироат қилинса, фарзи адо этилган бўлади.

Шофеъийлар эса, намознинг ҳамма ракатида қироат бўлиши фарз, чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “لا صلاة الا بقراءة” яъни “Қироатсиз намоз йўқ”, дейилади. Ҳар бир ракат намоз ҳисобланадими, демак, намоз неча ракат бўлса, ҳаммасида қироат бўлиши фарз деганлар.

Имом Молик намознинг кўпроқ ракатида, яъни тўрт ракатлик намознинг уч ракатида, уч ракатлик намознинг икки ракатида топилса, қироат фарзини адо этган бўлади. Чунки, кўпроқ қисмини бажарса, ҳаммасини бажарганлик ҳукми берилади, бу ҳам намозхонларга енгиллаштириш учундир.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг далиллари:

فَاقْرَءُوا مَا تَيَسَّرَ مِنَ الْقُرْآنِ

“Бас (энди) Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар” (Муззаммил сураси, 20-ояти).

Бу оятга кўра, битта ракатда қироат қилиш фарз бўлади, иккинчи ракатда ҳам биринчи ракатнинг далилига асосан фарз бўлади. Чунки, биринчи ва иккинчи ракат ҳар томонлама бир-бирига ўхшаш. Учинчи ва тўртинчи ракатлар эса, биринчи ва иккинчи ракатлардан фарқ қилади, яъни:

– Сафар пайтида учинчи ва тўртинчи ракатлар соқит бўлиб кетади.

– Биринчи ва иккинчи ракатларда жаҳрий қироат қилинса, учинчи ва тўртинчи ракатларда махфий қироат қилинади.

Демак, қироат тўрт ракатлик намознинг аввалги жуфтлигида фарз, иккинчи жуфтлигида ихтиёрий бўлади. Яъни, учинчи ва тўртинчи ракатида хоҳласа, қироат қилади, хоҳласа, тасбеҳ айтади, хоҳласа, тасбеҳ миқдорича сукут қилади.

Нафл намозининг ҳамма ракатида қироат қилиш фарз. Чунки, тўрт ракатлик нафл намозида ҳар бир жуфт алоҳида намоз ҳисобланади.

Витр намозига келсак, унда ҳам ихтилоф бор. Яъни, унинг ҳукми Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг наздида вожиб, имомайн наздида суннат бўлгани сабабли, эҳтиёт жиҳатидан витр намозининг ҳамма ракатида қироат қилиш фарз бўлади.

Маълумки, нафл намоз ўқиш ихтиёрий амал. Аммо, уни ўқишга киришгач, у вожибга айланади. Шунга кўра, нафл намозни ўқишни бошлаб, уни бузиб қўйган кишига қазосини ўқиш вожиб бўлади. Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳи наздида эса, нафл намозни бузиб қўйган тақдирда, уни қазосини ўқимайди.

Бир киши тўрт ракат нафл намоз ўқишни ният қилиб, намозга киришган бўлса, икки ракатида қироат қилиб, ташаҳҳудга ўтирса, учинчи ракатни бошлаган пайти намозни бузиб қўйса, унга фақат учинчи ва тўртинчи ракатнинг қазоси вожиб бўлади. Чунки, аввалги икки ракатда қироат фарзи тўлиқ бажарилди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, учинчи ракатга киришиш янги намозга киришиш каби бўлади. Гўёки, янги киришган намозини бузиб қўйгани учун учинчи ва тўртинчи ракатларнинг қазосини ўқийди.

Энди тўрт ракатлик нафл намозда қироатнинг тарқ қилиниш ёки қилинмаслигига боғлиқ бўлган масалаларни баён қилишга ўтамиз. Улар саккиз хил кўринишга эга. Бу масалаларни тушуниш учун мазҳабимиз имомларининг қарашларини билиб олишимиз керак.

– Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи: Биринчи жуфтнинг иккала ракатида ҳам қироатни тарк қилиш такбири таҳримани ботил қилади. Бир ракатида тарк қилиниб, бошқасида тарк қилинмаса, таҳрима ботил бўлмайди.

– Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳи: Биринчи жуфтнинг иккала ракатида ёки бир ракатида қироатнинг тарк қилиниши такбири таҳримани ботил қилади

– Имом Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳи: Қироатни тарк қилиш асло такбири таҳримани ботил қилмайди, балки адони фосид қилади.

Биринчи кўриниш: Тўрт ракат нафл ўқиб, бирор ракатида қироат қилмаса, Абу Ҳанифа ва Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳилар наздларида аввалги икки ракатнинг қазоси ўқилади. Чунки, иккала ракатда қироатнинг тарк қилиниши таҳримани ботил қилди. Натижада, иккинчи жуфтликка киришиш тўғри эмас. Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳи наздида таҳрима ботил бўлмагани учун иккинчи жуфтликка киришиш дуруст, фақат адоси фосид бўлгани учун, ҳаммасини қазо қилади.

Иккинчи кўриниш: аввалги иккита ракатда қироат қилиб, учинчи ва тўртинчи ракатларда қироат қилмаса. Ҳаммаларининг наздида охирги жуфтликни қазосини ўқийди.

Учинчи кўриниш: иккинчи жуфтликнинг ҳаммасида қироат қилиб, биринчи жуфтликда қироат қилмаса, ҳаммаларининг наздида аввалги иккита ракатнинг қазосини ўқийди.

Тўртинчи кўриниш: аввалги жуфтликнинг ҳаммасида, иккинчи жуфтликнинг биттасида қироат қилса. Бунда барчалари охирги икки ракатнинг қазоси лозим бўлади, дейишади.

Бешинчи кўриниш: Биринчи жуфтликнинг биттасида қироат қилиб, лекин иккинчи жуфтликнинг ҳаммасида қироат қилган бўлса. Бу масалада аввалги икки ракатнинг қазоси лозимлигига имомлар иттифоқ қилишган.

Олтинчи кўриниш: Биринчи жуфтликнинг ҳам, иккинчи жуфтликнинг ҳам биттасида қироат қилса. Абу Юсуф ва Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳилар наздида тшрт ракатнинг ҳаммасининг қазоси вожиб. Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳи наздида эса, биринчи жуфтликнинг қазоси ўқилади.

Еттинчи кўриниш: Биринчи жуфтликнинг биттасида қироат қилиб, иккинчи жуфтликда умуман қироат қилинмаса, Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳилар наздида тўрт ракат, имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳи наздида эса, аввалги жуфтликни қазо қилади.

Саккизинчи кўриниш: Биринчи жуфтликда умуман қироат тарк қилиниб, иккинчи жуфтликнинг биттасида қироат қилинса, Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳи наздида тўрт ракат, икки имом наздида эса аввалги, яъни биринчи жуфтнинг қазоси лозим бўлади.

Демак, саккиз хил кўринишнинг баёни шулардан иборат.

Нафл ёки фарз намозларни ўтирган ҳолатда ўқиш мумкинми?

Агар намоз нафл бўладиган бўлса, тик туриб ўқишга кучи етса ҳам ўтириб ўқиши мумкин. Аммо фарз намози бўлса, бемалол туриб ўқий оладиган одам узрсиз ўтириб ўқиши мумкин эмас. Ўтириб ўқувчи кишининг ҳолати ташаҳҳудда ўтирган киши кабидир.

Уловда кета туриб намоз ўқиш мумкинми?

Уловда кетаётган киши шаҳар ташқарисида бўлса, нафл намозини уловдалик ҳолатида юзланиб турган томонига қараб ўқийди. Чунки, нафл намозлар вақтга хосланмаган. Шунга кўра, қиблага юзланиш, уловдан тушиш шарт эмас. Бироқ шаҳар ичида бўлса, нафл намозини ҳам уловдан тушиб ўқийди.

Агар фарз намозини ўқимоқчи бўлса, уловдан тушиши, қиблага юзланиши шарт. Фарз намозини ҳеч қандай узрсиз уловда ўқиши мумкин эмас.

Нигора Усманова
Тошкент ислом институти
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси

1 ТА ШАРҲ

  1. Ассалому алайкум, рахмат, жудаям керакли маьлумот! Аллохим УЗИ Рози булсин сиздан!

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг