Жумани уйда ўқиш ҳукми, бало келганда тавба-истиғфор. Ҳомиджон домла Ишматбеков билан суҳбат

0
59

Жума намозини уйда ўқишлик ҳукми, бало келганда гуноҳлорга тавба ва Аллоҳга илтижо билан дуо қилишнинг фойдалари, Пайғамбарга салавот айтиш дуонинг қабул бўлиши кафолати экани. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков шу каби мавзуларда сўз юритди.

Covid-19 тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чоралари кучайиб бормоқда. Kun.uz мухбири шу мавзуда аҳолини қизиқтираётган қатор саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков билан суҳбатда бўлди.

Жума намозини 3-4 киши уйда ўқиш мумкинми?

Ҳомиджон домла Ишматбеков

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Алҳамдуллилаҳ, вассолату вассаламу ала расулиллаҳ! Ўзбекистон Мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг жамоат намозлари, ҳатто жума намозларини вақтинча тўхтатиб туриш бўйича фатвоси халқимизни, мусулмонларни юртимизга кириб келган вабодан сақлаш мақсадида қабул қилинди.

Жума намозлари, жамоат намозларини вақтинчалик тўхтатиш, уйларда ўқишлик тавсияси ҳамма учун.

Жума намозини 3-4 киши бўлсак ҳам, уйда ўқиб олсак бўладими, деган саволлар бизларга ҳам берилмоқда. Шу нарсани биз яна бир карра мўмин-мусулмонларга тушунтириб қўйишимиз керак бўладики, беш вақт намозни икки киши бўлса ҳам ўқиса, жамоат саналади. Уйида, ўз оиласи билан жамоат бўлиб ўқиса, нур устига нур.

Аммо, жума намозининг ўқилишида фақатгина жамоат ҳозир бўлиши кифоя эмас. Унинг алоҳида шартлари бор. Жума ўқиладиган жой катта бир жоме бўлиши керак. Жума намози ўқишга давлат томонидан ва муфтий томонидан рухсат бўлиши керак. Ўша рухсат берилган жойдагина, жума намози адо қилинади, деган шартлар бор.

Рухсат берилмаган жойда жума ўқилса, жумага ўтмайди, деган масалалар бор. Шунинг учун, фатвода очиқ-ойдин айтилдики, 3-4 киши эмас, 10 киши бўлса ҳам, келинг, бугун жума экан, унинг савобини топайлик, деб, жума намозини адо этса ҳам, у рухсатсиз ўқилган қаторига киради.

Пайғамбар алайҳиссолати васалламнинг бир ҳадислари бор:

«Соғлом одам, муқимликда қилаётган ибодатига Аллоҳ таоло қанча ажр берган бўлса, сафарга чиққанида ёки бемор бўлиб қолганида қилган ибодатига, соғлиғида, муқимлигида қилган мукаммал ибодатининг савоби берилади», – деганлар.

Аллоҳ, намозни ўтириб ўқияпти, руку-саждасини тўлиқ қилмаяпти, шунинг учун, бунга ярим савоб бераман, демайди. Чунки банда ўз ҳолатидан келиб чиқиб ибодатини адо этмоқда. Шунинг учун, хотиржам бўлишсинки, уйларида ёлғиз ўқиётган намозига, қани энди, масжид очиқ бўлса-ю, жамоатда ўқисам, деб ният қилиб турибдими, унга ўша 25та ёки 27та савобни беради. Чунки, банда ўз ихтиёри билан масжиддан ёки жумадан қолаётгани йўқ.

Тарихда жамоат намозларидан тўхтатиб туришга доир мисоллар борми?

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шу даражада жамоатга тарғиб қилганларки, «мен бир одамни имомликка тайинлардим-да, уйма-уй юриб, жамоатга чиқмаганларга қаттиқ муносабат қилган бўлардим», деган мазмунда ҳадислари бор.

Яъни, фаровон пайтда, имконият бўлса-ю, дангасалик қилиб жамоатга чиқмаганларга таҳдид қилганлар. Лекин, пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ёмғир ёққанда, қаттиқ совуқ бўлганда, намозга келмай қўяверинглар, деган маънода «соллу фи риҳаликум» – «намозни уйингизларда ўқинглар» деб айтардилар.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу воқеа пайғамбаримиздан кейинги давр, тобеинлар даврида бўлган. Қаттиқ совуқ бўлган кунларнинг бирида ибн Аббос азон айтаётган муаззинга «ҳайя алас солаҳ, ҳайя алал фалаҳ» – «намозга келинглар, нажотга келинглар», деган жумлалар ўрнига, «намозни уйингларда ўқинглар деб айтгин» деб муаззинга тайинладилар.

Атрофидаги айримлар, нега одамларни намозга чақириш лафзини ўзгартириб, уйингларда ўқинглар, деб жамоатга келишни инкор қиляпсиз, деганларида, ҳазрат ибн Аббос айтдиларки, бу ишим мендан содир бўлди, деб ўйлаяпсизларми, ваҳоланки, буни мендан кўра афзалроқ бўлган Расулуллоҳ қилганлар.

Исломдаги қиёс илми ҳақида

Исломда қиёс деган нарса бор. Жуда совуқ ёки жуда қаттиқ жала ёққанда айтилган нарсанинг ҳозирги коронавирус эпидемиясига, карантин ҳолатига нима дахли бор, дейиш мумкин. Аммо бу – илмсизлик оқибатидан келиб чиқадиган савол. Қуръони Каримда, пайғамбаримиз алайҳиссолати васалламнинг ҳадисларидаги бир воқеа кейинги даврда юзага келадиган ўхшаш воқеалар ечими учун олинади.

Мен соғман, тан-у жоним соғ бўлса, менга қўйиб бераверсин, ана касални даволасин, дейдиганлар ҳам бўлиши мумкин. Кечирасиз, кеча соғ бўлиб турганнинг бугун касали чиқиб қоляпти. Бу – кўпга келган тўй. Бу ерда ҳар бир фуқаро, ҳар бир инсон шу вабога мубтало бўлмаслиги ёки кенг тарқалмаслиги учун ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Ҳисса қандай бўлиши керак?

Ҳиссасини қўшиш дегани, биринчи навбатда, нима тавсия қилинаётган бўлса, шуни бажариш керак. Демак, биринчи навбатда эҳтиёжсиз, заруратсиз кўчага чиқмасин. Бозор-ўчардан бошқа зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслик даркор. Шунинг учун оммавий тадбирлар тўхтатилди, жамоат намозининг тўхтатилишининг сабаби ҳам шу. Керак-нокерак кўчага чиқиб, бирор жойларга бориш ҳам шу хавфнинг эҳтимолини кўпайтиради.

Иккинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар куни телевидениеда ҳар хил кўринишда ўзининг саломатлиги учун қўлини ювиш, мулоқот қилганда юзини тўсиш, ейиш-ичишда ҳам тозаликка риоя қилиш қатъий экани, ҳар хил сақлайдиган воситалардан фойдаланишни тавсия қиляптими, унга сўзсиз амал қилишимиз керак.

Шунда инфекциянинг бировларга ўтиши ёки ўзига ўтишининг олдини олишга ҳисса қўшган бўлади.

Хориждаги ватандошларнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари ҳақида

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам табобат бўйича Аллоҳ билдирган илмлари бўлган. Набавий тиббиёти дейилади. 500га яқин тиббиётга оид ҳадислар ворид бўлган. Уламолар алоҳида китоб қилиб битишган.

Шулар орасида вабо ҳақида ҳам ҳадис келган. Мазмуни қуйидагича: «Вабо чиққан жойни эшитсангиз, у ерга кирманг, агар бир шаҳарми, қишлоқми вабо тарқабди деса, ўша ерда ишингиз бўлса ҳам тўхтаб туринг, борманг. Лекин сиз турган жойда бирдан вабо тарқаса, бу ерда сиз мусофир бўлсангиз ҳам вақтинчалик турган бўлсангиз ҳам, токи, шу вабо барҳам топмагунча, бу ердан чиқманг, ватанингизга бўлса ҳам қайтиб борманг».

Чунки, сиз бу ердан ўша нарсани олиб кетасиз, билмайсиз, балки сиз ҳис қилмаётгандирсиз, лекин бу ҳар хил бўлиши мумкин. Вабо деганда бирданига ошкор бўлмас, эртага 15-20 кундан кейин, борганингиздан кейин, қанчадир одамлар билан мулоқот қилиб қўйганингиздан кейин ошкор бўлиб қолса, қанча инсонлар хасталанишига сиз сабабчи бўлиб қоласиз.

Бу ҳақиқатда исботини топяпти. Келган одамларни изоляция қиляпти. Бошқа одамларга қўшмаяпти, 14-15 кун бошқа жойга олиб бориб, текшириб, уларда вирус йўқлигига ишонч билдирилгач, рухсат беряпти. Ҳозирги тиббий илм шу нарсани исботладики, бундай (эҳтимолий) касалланган кишиларни текширмасдан халқ орасига қўйиб бўлмайди.

Мана, ижтимоий тармоқларда кўзимиз тушиб қоляпти: аэропортда қолиб кетдик, каби гапларни айтишмоқда. Балки улар иш билан, ўқиш билан ёки бирор хизмат юзасидан боргандир. Билдики, Ўзбекистонга бу вирус кириб келди. Эътибор берадиган жиҳати, бу ҳам хориждан келганлар билан кирмоқда, бизда йўқ эди. Бу энди, ҳаммамиз учун келган тўй, сабр қилиш керак, озгина фидойилигини намойиш қилиш керак. Балки, қийинчилик бўлса-да, сабрсизлик қилмасдан, ўша ёқда ишини давом эттириб турар.

Шундай бўлса-да, ҳукумат келмоқчи бўлган фуқароларга чартер самолётлар парвозини ташкил этмоқда. Барча жойда транспорт қатнови тўхтаган бир паллада, келмоқчи бўлганларнинг ҳисобини олишга ҳам вақт керак. Лекин, 1-2 кун сабр қилолмаганлар ижтимоий тармоққа чиқиб, қийналиб кетганидан жар солмоқда.

Бунинг ўрнига, ҳар ким, оғир бўлса-да, ўз ҳиссасини қўшиши керак, бу нарсалар бартараф бўлгунича. Шунда юқорида эслаб ўтганимиз ҳадисга мувофиқ, иш қилган бўлардик.

Мусибат ёки қийинчиликда қилинадиган тавба-тазарру, истиғфор ҳақида

Аввало, биз доимо Аллоҳ таолога дуо қилиб, илтижо қилиб юришимиз керак. Айниқса, инсон бошига мушкул иш тушса, у художўй бўлиб қолади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату васаллам ҳам қийинчилик вақтларида Аллоҳга кўпроқ дуо қилишни тавсия қилганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда инсоннинг бошидан мушкулотлар кўтарилиши, ҳаётининг янада фаровон бўлиши, осмон-у ерлардан баракотлар нозил бўлиши, инсоннинг мол-мулки ва бола-чақаси кўпайиши учун сабаб бўладиган нарса дуо эканини ўргатган.

Қуръонда: «Роббингизга тазарру билан истиғфор айтинг», яъни истиғфор ҳам дуо, яъни гуноҳларимни кечиргин, мағфират қилгин Аллоҳим, деб кўп айтинг, ана ўшанда, «Аллоҳ сизнинг гуноҳларингизни кечиради, сизга мол-мулкларни кўпайтириб беради, осмонлардан ёмғирлар ёғдириб, ерлардан баракотлар чиқаради, дарёларни сероб қилади, меваларни кўпайтиради», дейди Аллоҳ таоло. Яъни, бутун мана шу ҳаётимизнинг фаровон, тўкин-сочин бўлишини мана дуога боғлаб қўймоқда.

Ҳасан Басрий деган тобеин, улуғ зот бўлганлар. У кишининг ёнларига бир киши келиб, камбағалликдан, ҳаётда рўшнолик кўрмаганидан шикоят қилганида, кўп истиғфор айтишни тавсия қилганлар. Иккинчи бир киши, бефарзандлигини айтганида, унга ҳам истиғфор айтишни буюради. Учинчиси, юртидаги қурғоқчиликдан шикоят қилганида, унга ҳам шуни тавсия қилади. Буни кузатиб турган шогирди, ҳаммаси турли муаммолар билан келишди, сиз бир хил нарсани тавсия қилмоқдасиз, деса, юқорида ўқиганимиз оятни ўқиб беради.

Юнус алайҳиссалом қавми қиссаси ҳақида

Пайғамбарлардан ҳам ўрнаклар бор. Юнус алайҳиссаломни балиқ ютиб кетади. У киши балиқ қорнида «Лаа илаҳа илла анта субҳанака, инний кунтум миназзолимин», яъни «Якка ягона бўлган Аллоҳ поксан, мен ўзимга зулм қилдим» дея, гуноҳларини кечиришини сўраб, фақат шу дуони такрорлайверадилар, Аллоҳ таоло балиқнинг қорнидан чиқаради.

Қавми пайғамбарни ёлғончига чиқариб тургани боис, Юнус алайҳиссалом бу қавм қалби очилмади, мени ёлғончига чиқарди, узоқдан келаётган булутни серобчилик олиб келяпти, деб ўйлашди, аслида у бало эди, дея умиди узилиб, бало менга ҳам келмасин, деган мақсадда шаҳарни тарк этдилар. Шунда шаҳар аҳолиси тушуниб, тавба қилганди, Аллоҳ улардан яқинлашиб келаётган муқаррар балони даф қилиб юборди.

Муҳаммад пайғамбарга салавот айтишнинг фойдалари

Пайғамбаримиз «жума куни менга кўп салавот айтинглар», деб буюрганлар. «Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унга 10 марта салавот айтади, яъни 10та гуноҳини кечиради, 10та савоб ёзади», деганлар.

Салавотнинг хосияти – гуноҳларимиз кечирилишида, мушкулларимиз осон бўлишида, офат-балолар кўтарилиши ва дуоларимиз қабул бўлишида. Пайғамбаримиз «дуони Аллоҳ қабул қилиши учун менга салавот билан бошлаб, салавот билан тугатинглар, салавот шубҳасиз қабул бўлади, шунда икки салавот ўртасидаги дуоларингиз ҳам қабул бўлади», деб буюрганлар.

Дуони ихлос билан қилиш зарур

Қандай дуо бўлишидан қатъи назар, ихлос ҳам зарур. Фаровонликда, мўл-кўлчиликда яшаб турган одамдан кўра, бошига иш тушиб турган одамнинг дуоси кўпроқ ихлос билан чиқади. Шунинг учун, мана бундай пайтларда кўпроқ дуода бўлишимиз керак.

Яъни, инсон дуо қилганида, Аллоҳ мени эшитиб турибди, сўзсиз қабул қилади, деган ихлос бўлиши керак. Қани дуо қилай-чи, қабул бўлармикан, кечадан буён дуо қиляпман, қабул бўлмаяпти, каби умидсизлик бўлса, қабул бўлмайди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари бор: «Дуоингиз қабул бўлади, модомики сиз дуоим қабул бўлмаяпти, деб умидсизликка тушмасангиз бўлди», деганлар.

Биз дуо қиламиз, уни қабул қилиш ваъдасини Аллоҳ таоло берган: «Аллоҳга хушуъ-хузуъ билан, қалбингиздан хуфёна дуо қилинг», деган. Ёки бошқа оятларда «менга дуо қилинглар, ижобат қиламан», деган. Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ. Етарки, инсон умидсизликка тушмасин. Шунга биноан, балонинг даф бўлиши учун дуони ҳам ёддан чиқармаслик керак.

Садақа радди бало

Офатни даф қиладиган воситалар қаторида дуо дедик. Бундан ташқари, садақот ҳам балони даф қилади. Садақа бериш билан балони даф қилинглар, деган мазмундаги ҳадислар бор. Етим-есир, муҳтожларнинг кўнглини кўтариб, камбағалларга ёрдам қилиб, айниқса, бой-бадавлат кишилар бўлса, эҳсон қилишлик билан Аллоҳ таолодан балони даф қилишни сўраш ҳам бир восита.

Шу маънода, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳам жойлардаги вакилликларга шундай бир тавсия билан чиқдики, масжидларда имкониятга қараб, балки ҳомийлар ёрдамида қурбонликлар қилиш, уларни муҳтожларга, камбағалларга тарқатиш, Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони Карим хатми Қуръон қилинса, ўқилган жойга Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади, балолар кўтарилади.

Хатми Қуръондан кейин қилинган дуо ҳам сўзсиз ижобат. Шу маънода, қориларга хатми Қуръон қилишлик тавсия қилинди.

Албатта, кенг халқ оммасига ҳам, имконияти бор кишилар хоҳ Қуръон тиловати, зикр-салавот билан машғул бўлса, ён-веридаги инсонларга ихлос билан имкони даражасида садақот қилса, мана шу офат даф бўлишининг катта бир омилларидан бўлади.

Бу – динимизда тавсия қилинган, тажрибаларда бўлиб ўтган нарсаларки, ҳозирги пайтда шу нарсаларни амалга оширишлигимиз айни муддао бўлади.

Манба: Kun.uz

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг