10 ҳафталик таҳлил

0
129

Инсоният ичра ўзаро муносабатлар бир-бирига ишонч устида қурилган. Исломда маънавий жиноятлар моддий жиноятларга нисбатан янада хатарлироқдир. Айнан маънавий жиноятлар моддий жиноятларнинг содир бўлишига сабабчидир. Ҳар бир сўз номаи аъмолига ёзиб борилади ва улар учун қиёмат куни жазосини албатта олади. Аллоҳ Таоъло Қурон Каримда:

«У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф сураси, 18-оят);

Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорисдан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизларга кабира (улкан) гуноҳлар ҳақида хабар берайми?» деб сўрадилар. Биз: «Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули!» дедик. Шунда у зот: «Аллоҳга бирор нарсани шрик қилмоқ, ота-онага оқ бўлмоқ, – деб суяниб тургандилар, тўғри ўтириб олиб, – огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ», деб такрорлайвердилар, ҳатто биз: «Қанийди, жим бўлсалар-ку», деб умид қилдик» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Олимлар ёлғон соғлиқнинг ёмонлашувига ва ўзини ёмон ҳис қилишига олиб келади деган хулосага келишди. Тадқиқотчилар икки кўнгиллилар гуруҳи орасида тажриба ўтказишди. Биринчи гуруҳ нима бўлганда ҳам рост гапирмоғи керак эди. Иккинчи гуруҳга эса ҳеч қандай тавсия берилмади. 10 ҳафта ўтгач, олимлар иштирокчилар билан қайта учрашишиб, таҳлиллардан сўнг натижани эълон қилганлар. Аниқланишича, рост гапирувчилар ўзларини яхшироқ ҳис қилишган. Улардан бош, томоқ оғриғи, стресс ва хавотирланишдан шикоят тушмаган. Иштирокчилар ёлғон детектори орқали текширилган. Шунингдек, биринчи гуруҳнинг таъкидлашича, атрофдагилар билан муносабат ҳам яхшиланган. Бундан олдин ўтказилган тадқиқотларга кўра, киши ҳафтасига ўртача 11 марта ёлғон гапиради. Олимлар ёлғондан фақат муносабатларни яхшилаш учун эмас, балки соғлиқни сақлаш учун ҳам четда бўлишни маслаҳат бермоқдалар.

Умуман олганда, озгина бўлса-да, Аллоҳга иймони мавжуд, қиёматдан умиди бор инсонлардан ташкил топган жамиятда иншаАллоҳ заррача ёлғонга ўрин қолмайди. Шунингдек, бундай жамиятнинг каттаю кичик, эркагу аёл, барча фуқаролари ҳам ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ҳаракат қиладилар.

Абдулқодир Жилоний ҳазратларининг болалик чоғларида кечган бир воқеа жуда ибратли. Макка сафарига отланган карвонда илм олиш ниятида йўлга чиққан ёш Абдулқодир ҳам бор эди. Саҳрога етганларида карвон қароқчилар ҳужумига учрайди. Бор нарсаларини талон-тарож қилади. Кароқчилар бошлиғи келиб:
–Абдулқодирдан Сенинг ниманг бор деб сўрайди?
–Кирқ тилла тангамбор деб айтди Абдулқодир.
–Қароқчилар бошлиғи қани улар деб сўраганида?
–Чопонимнинг этагига тикилган.

Кароқчи олдинига боланинг гапига ишонмайди. Яна сўрагач, Абдулқодир тилла тангаларини чиқараб беради. Ўзи айтмаса, қароқчилар билишмасди, аммо сафарга отланаётиб, онасига ёлғон гапирмасликка ваъда берган эди. Ўша ваъдасига содиқ иш тутди. Боланинг рост гапи тўдабошига қаттиқ таъсир қилиб, тортиб олинган молларни эгаларига қайтариб беради.

Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинган ҳадис шарифда. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ростгўйлик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Албатта киши рост сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳ ҳузурида сиддиқлардан, деб ёзилади. Ёлғончилик гуноҳга етаклайди. Гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Албатта киши ёлғон сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончи, каззоб, деб ёзилади», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ёлғондан нафақат ўзимизни балки яқинларимизни ҳам асрамоғимиз лозим. Ёлғон ишларни бузади ва алал-оқибат ўз эгасининг обрўсини тўкади. Жамиятда ёлғонни тарқалиши сабаб одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, омонатдорлик йўқолиб фисқу фужур кенг илдиз отади. Ёлғон ишончни йўққа чиқаради.

Махсус сиртқи бўлим 1-босқич талабаси

Жамолов Азизжон

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг