Умавий давлатида юрт фаравонлиги йўлида амалга оширилган сиёсий-ижтимоий ислоҳотлар ва бошқарув тизимининг ишлаб чиқилиши

0
619

Умавийлар даврида ўша вақтдаги жамият ва келажак авлод учун иқтисодий ва сиёсий ҳаётда жуда кўп ислоҳотлар бўлди. Бу амалга оширилган ислоҳотлар ҳозирги кунда ҳам энг аҳамият касб ўтади. Жумладан ҳар бир Умавий раҳбарларидан Муовия розияллоҳу анҳунинг ислоҳотларини санаб ўтсак.

Муовия розияллоҳу анҳу давлатнинг ички сиёсатида бир неча ислоҳотлотларни амалга ошириш билан бирга, аҳолининг барча қатламларини маърифатли, билимли бўлишига ҳаракат қилди. Кўп вақтини халқ турмуш даражасини яхшиланиши учун сарфлади[1]. Масалан, у бомдодни ўқиб бўлгач, тонг вақтидан бирор ҳақни ҳақдорга олиб бериш билан ишни бошлар эди. Сўнг хонасига кириб кетар, ортидан кунлик иш режаси ёзилган дастур тақдим қилинар, ўқиб бўлгач, сўнг ибодат қилар, яна чиқиб хос одамларини чақиртириб, вазият ҳақида гаплашар, кейин вазирлар кириб, кунлик ишлари ҳақида ҳисобот берар, сўнг нонушта қилиб, бир қанча мавзулар ҳақида гаплашар, сўнг яна шахсий иш билан уйига кириб чиқар ва хизматчисига тахт- ўриндиқни олиб келишни буюрар, атрофида эса қўриқчи зобитлари турар, шикоят билан келганларни тинглар ва ҳал қилар, сўнг энг яқин-хос одамлар билан учрашар, доимо бир котиби воқеъликни қайд қилиб борар эди[2].

Кечга қўшни мамлакатлар аҳволи, ўз мамлакатидаги фуқаролар ҳолати ҳақида раҳбар ходимлар ҳисобот беришар, ётишдан олдин ўтган подшо ва урушлардаги хийлалар ҳақида хизматчиси ўқиб эшиттирар эди[3]. Кўриниб турибдики, ҳар бир иш режа ва дастурлар орқали бажарилган. Кейинчалик ундан кейинги раҳбарлар ва подшоҳлар учун дастур бўлиб хизмат қилди. Айниқса халқ ҳолатига эътибор биринчи ўринга қўйилган, бу ҳам ислоҳотчилик ҳаракатларидан бири десак хато қилмаган бўламиз.

Бошқарувдаги ислоҳотларнинг уч жиҳати:

  1. Идоравий-бошқарув тақсимоти;
  2. Идоравий вазифалар;
  3. Илоравий муассаса-девонлар.
  4. Идоравий тақсимотда бошқарув минтақа-ўлкаларга қараб қуйидагича бўлган:

А) Шом вилояти- Дамашқ, Ҳимс, Қинсир, Фаластин, Иордания эди. Бу жойларга раҳбарнинг айнан ўзи волийларни таъйинларди.

Б) Ироқ вилояти- маркази Басра, Куфа, Восит назоратидагилари Форс, Кирмон, Хуросон, Сижистон, Асбаҳон, Аҳвоз, Қазвин, Журжон, Тибристон, Озарбайжон, Рай, Қомус, Наҳован ва Мовароуннаҳр бу давлат- Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Хоразмдан то Хитойгача бўлган ҳудудни ўз ичига олар эди.

В) Фурот вилояти- Дажла ва Фурот дарёси оралиғидаги Сурия шарқи шимолида жойлашган. Унга Озарбайжон, Армания, Мусил, Кичик Осиё ҳудудлари қарашли эди. Бу вилоят маркази Ҳаррон, ҳозирги Суриянинг Раққа шаҳри шимолидан 127 километр узоқликдаги Туркия ерларига қарашли Диёр Бакр ҳисобланган шаҳридан туриб бошқариларди.

Г) Ҳижоз вилояти- машҳур шаҳарлари Макка ва Мадина. Ҳижоз бошқаруви ҳам ушбу шаҳарлардан бирида бўлган. Шунингдек Тоиф ҳам унга қарашли бўлган. Баъзан Ямома Ҳижоз тасарруфида бўлган.

Д) Яман вилояти- Маркази Санъо, унга Ҳазрамавт ва Жанд тобеъ бўлган.

Е) Миср вилояти- юқори Миср унга Синайдан то Нубиягача қараган. Қуйи Мисрга денгиз томонидаги жойлар қараган. Волий Фустот шаҳрида бўлган. Шунингдек Искандария ва Сувайш ҳам унинг сарҳадига кирган.

И) Мағриб вилояти- сарҳади Ливиядаги Барқадан тортиб, то Мағрибдаги Тангогача чўзилган. Асосий маркази Қайравон шаҳри бўлган. Дастлаб Миср қўл остида бўлган. Кейинчалик Язид ибн Муовия пайтида ҳ. 86/ м. 682 йил мустақил бўлди. Валид ибн Абдулмалик даври ҳ. 86/ м. 685 йилда у ҳар томонлама ривож топди.

Й) Андалус вилояти – сарҳади Гибралталдан то Испаниядаги Поришлунагача чўзилган. Шимолдан Франсия жанубидаги ҳозирги Партугалия ерларига яқин бўлган Астрасофий қироллигигача бўлган. У ҳам аввал Мағриб волийси томонидан бошқарилган. Раҳбар Умар ибн Абдулазиз даври ҳ. 99-101/м. 717-719 йилда мустақил идора қилинадиган бўлди. Маркази Қуртуба шаҳри бўлган.

Умавийлар худди хулафои рошидиналр сингари идоравий тизимни йўлга қўйди. Фарқли жиҳати улар бу тизимни ўз даврига мослатирди ва ривожлантирдилар. Ушбу идоравий тизимлар бир неча ишларни амалга оширар эди.

Умавийларга қарашли марказий девонлар ташкил қилиши:

  • Элчилик (Рисолат)девони

У асосан раҳбарнинг мактуб, буйруқлар ва васият, ёрлиқномаларини кўпайтириш, давлатнинг турли бурчакларига ва ташқи давлатлар етказиш билан шуғулланган. Муовия розияллоҳу анҳу давридан то Язид давригача мактуб ва элчилик девони бошлиғи Абдуллоҳ ибн Авс Ғассоний ва Зумал ибн Амр Азрийлар бўлишган[4]. Бу шахслар асосан волийлар, қўмондон, қозилар ва қабила бошлиқларига етказилган.

  • Муҳр (Хотим) девони

Муовия розияллоҳу анҳу бу девонни элчиларнинг махфий ва ишончлилигини аниқлаш, натижада жосус ва хиёнатчиларнинг қўлига тушиб қолишдан сақлаш учун ташкил қилган эди[5].

Дастлаб, бу девонни тузишдан мақсад соҳталаштириш ва раҳбар мактубини бошқалар қўлида ўйинчоқ бўлишдан сақлаш эди. Кейинчалик раҳбарнинг ёзилган мактубларини қайд қилиб қўйишдан иборат бўлган. Ва давлатнинг енг нозик ишларда суянчиғи, раҳбарнинг бошқа давлат ва ўз давлатидаги қарорлари битилган мактублардаги сарф ҳаражатларни аниқлашда суянадиган молия вазири каби вазирлик бўлиб қолди[6]. Шунингдек бошқа девонлар билан солиштирилар, уларда учраган камчиликларни бартараф қилинарди. Бу девон Пайғамбар алайҳис салом ва хулафои рошидинлар давридаги муҳр босиш ишларидан тубдан фарқ қилар эди. Биз бу девондаги ҳужжатлар билан бошқа ҳужжатларни солиштириш нақадар тўғри иш эканини, ҳозирда ривожланган давлатларда ҳам президентларнинг фармонларини алоҳида сақлаб қўйадиган идоралар ташкил қилингани ҳатто, оддий ташкилотларда соддалаштирилган услубда тўплам қилиб сақлаб қўйилишидан билиб олсак ҳам бўлади. Қолавеса, бу ҳам ислоҳотчиликнинг юксак қадамларидан бири ва жамият ривожи учун жорий қилган янгилигидир. Муовия розияллоҳу анҳу даврида муҳр девони раҳбари Абдуллоҳ ибн Муҳсин Ҳумайрий эди. Бир воқеъа бу девоннинг ташкил қилинишига сабаб бўлган эди. Муовия розияллоҳу анҳу Амр ибн Зубайрга ёрдам тариқасида ва қарзлрини узиш учун 100 минг дирҳам ажратилишга нома берди. Бу тангаларни Ироқ волийси Зиёд ибн Абиҳдан олишини айтди. Шунда Амр буйруқ ёзилган хатни очиб, юз рақамини икки юзга айлантирди. Зиёд буни тасдиқлаш учун раҳбарга одам юборганда Муовия розияллоҳу анҳу буни инкор қилди. Амрдан олинган маблағни қайтариб бериш талаб қилиниб, қамаб қўйилди. Кейин унинг ўрнига иниси Абдуллоҳ ибн Зубайр олинган маблағни тўлаб қамоқдан чиқариб олди. Шу вақт Муовия розияллоҳу анҳу бундан олдин қилинмаган, муҳр[7] ва фармон, мактубларни битиб қўйиладиган девон ташкил қилди[8]. Ҳақиқатда эса девони хотим Муовия розияллоҳу анҳу даврида давлат сарҳади кенгайганлик ҳолати, махфийлик ва ишончни оширишга эҳтиёж сезилгани эди[9].

  • Барид[10] девони.

Тарихчилар Муовия розияллоҳу анҳуни ислом ўлкаларида биринчи бўлиб барид тартиб-қоидасини жорий қилган дейишади. Бир нечта жойларда тайёротларни сақлашга, энг асосийси озодаликка риоя қилишга буйруқ берди[11]. Айрим манбаларда бу Румдан олинганлиги қайд қилинади[12]. Умавийлар даврида давлат сарҳади катталигини эътиборга олиб, барид ишлари кенг кўламли ва турли вазифаларни бажарар эди. Барид соҳиби осон етиб олиши учун йўллар таъмирланди. Йўналишлари аниқ белгиланганди. Йўллар яхшиланганига ёрқин мисол, хабарларни жуда тезлик билан алмашинуви эди[13]. Барид хизмати фақат давлат ишлари билан чекланиб қолмас, балки оддий халқ вакилларининг ҳам мактубларини бир давлатдан, иккинчи давлатга етказар эди[14]. Муовия розияллоҳу анҳу даврида тинчлик ва уруш вақтларида ҳам барид химатидан кенг кўламда фойдаланилар эди. Унда хизмат қилаётган шахс ўша ватда раҳбарнинг энг яқин аъёнларидан бўлар эди. Ҳатто айрим манбаларда Муовия розияллоҳу анҳу даврида барид химатида ишлаган Наср ибн Забиён, Кумайт сингари шахсларнинг Ҳижоз билан Шомга қатнарди, деб зикр қилинади[15]. Улов сифатида ҳачр[16] ва от[17]дан фойдаланилар эди. Муовия розияллоҳу анҳу даврида барид низоми ишчиси ислом динида бўлишига алоҳида аҳамият берилар эди. Зеро белгиланган манзилга ёлғиз ўзи борар эди. Бу эса узоқ муддатда амалга ошар эди. Аммо, Византиядан ўзлаштирилган барид йўлларни бир неча қисмга тақсимлар, ҳар бир жойда уловни тайёрлаб қўйилар, мактуб ва элчилик барид соҳибига топширилар эди. Кейин у ҳам бориб, бошқасига топширар, натижада қисқа муддатда бу хабар етказилар эди. Ҳар бир оралиқ масофаси тўрт фарсах[18] бўлар эди. Фарсах эса уч милдир. Шунда умумий масофаси ўн икки мил, бу дегани йигирма километр оралиғида. Манашу масофа барид деб номланади. Ушбу йўл орқали барид соҳиби қийинчиликсиз мактубни жуда тез суратларда етказиб боради. Бу худди эстафедага ўхшайди. Навбатма-навбат алмашиб, вақтни ҳам тежашади[19]. Абу Ҳилол Аскарий: “Биринчи бўлиб, исломда баридни жорий қилган бу Муовия розияллоҳу анҳу бўлади. Абдулмалик эса тизимни янада ривожлантирди[20]”, – дейди.

  • Котибият девони.

Мактублар, хирожни ёзиш, яна қўшин таркиби, бериладиган маошлар ҳақидаги девон, шунингдек Миршаблик девони ва Қозилик ҳам девони бор эди. Умавийлар даври энг кўп девонлар даври бўлган. Белгиланган котиблар раҳбарнинг буйруқларини кўчирар, сўнг хотим девонига берар, улар мактубни шам қилиб муҳрлар ва энг охирида девон раҳбари унга муҳр босар эди[21]. Шу тарзда хотим девони энг катта девонга айланди. Муовия розияллоҳу анҳу ташкил қилгандан то аббосийлар даври ўрталаригача давом этди[22]. Бугунги кун тили билан айтганда хирож девони-молия вазири ишларини, жунд девони-мудофаа вазири ишларини, шуртия(миршаблик) девони-ички ишлар вазирини, қозилик девони-адлия вазири ишларини олиб борар эди. Шунингдек, Расоил девони секретарлик ишларини, Хотим девони эса қайд қилиш ва кузатув ишлари билан шуғулланарди. Ҳар бир девонда мутахассислар фаолият юритар эди. Ироқдаги Хирож девони форс тилида, Шом ва Мисрдаги эса Рум тилида иш олиб борилар эди. То Абдулмалик ибн Марвон араб тилига ўгиргунча вазият шу зайлда давом этди[23]. Маълумки, араб ёзувида дастлаб ҳаракат-белгилар ишлатилмаган. Абдулмалик ўз номаларида ёзувларга белгилар қўйишни биринчилардан бўлиб жорий қилди.

  • Мунтазам қўшин ташкил қилиши ва аниқ қайдларни, амалга оширилиши.

Бу бошқарув органинг марказини- Девонул жунд[24] деб юритилди.

Умавийлар кўпроқ фатҳлар билан шуғуллангани учун қўшин ташкил қилди. Бу қўшинга маълум маош таъйинлади. Уларга ордер бериш, яхши хизматда бўлганларга рағбатлантириш ишлари амалга оширилди. Барча қўшин сони ва бериладиган маошлар рўйхатга олиш вужудга келди ва бу маошларни идора-касса орқали ҳар бир шахснинг ўз қўлига бериш йўлга қўйилди, авваллари эса бирорта уни танийдиган вакил орқали бериларди. Ҳарбий хизматга чақирувлар бўлди. Бунинг натижасида аҳоли сони, иммигрантлар барчасини рўйхатга олиш амалга оширилди. Шу билан бирга янги ҳарбий техника ва қурол-яроғ кашф қилиш учун ҳам алоҳида маблағлар ажратилди. Мисол учун Сулаймон ибн Абдулмали даврига келиб биргина улкан ҳарбий кемалар сони бир юз саккиз мингтага етди[25]. Бу ҳам ўша вақтда саноат ва ҳарбий ишлар учун катта эътибор берилганидан далолат[26].

А) Тикувчилик муассасаси

Раҳбар ва аъёнлар ва амирлар ва аскарларга махсус кийимлар тикиш билан шуғулланадиган тикувчи мутахассислар вужудга келди. Бу ҳам котибиятга қарар эди[27]. Сўнг кенг омма учун катта корхоналар ва ушбу иш билан шуғулланадиган жойга ушбу ном ишлатиладиган бўлди. Бу эса ўз навбатида турмуши яхшиланганлигидан далолат. Бу тикувчилик масканларини давлат томонидан аҳоли учун қуриб бериш йўлга қўйилган. Абдулмалик даврида бу даргоҳларда иш соҳаси кенгайди. Сулаймон ибн Абдулмалик замонида ҳар томонлама такомиллаштирди.

Б) Давлат маслаҳатчиси лавозимини жорий қилиш;

Абдулмалик ибн Марвон давлат маслаҳатчиси лавозимни жорий қилди. Зеро ўзи ҳам: “Маслаҳат билан мушкул ишлар ҳам ҳал бўлади”, дер эди. Унинг маслаҳатчилари Ровҳ ибн Занбо, Робиъа Жарший, Яҳё ибн Ҳакам кабилар эди.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси

ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

[1] Абдус СақийМуҳаммад Абдуллатиф. Оламу ислами фи асрил уммавий. – Қоҳира: Дорус салом.2008. –Б 117.

[2] Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Имроний. Анбо фи тарих ал-хулафо. Қосим ас-Самирроий таҳқиқ қилган. – Қоҳира: Дор ал-улум, 2001. – Б 309.

[3]–Ўша асар Б 310. 311 ва Аҳмад ибн Яҳё ибн Жобир Болозарий. Футуҳул булдан, – Қоҳира: Дор ал-улум ват тирос,1958. Ж 3. – Б 137, 220. Шоҳида нн-Нотур.Таждид ад-дувлатул ал-уммавия фи аҳди Абдул Малик. – Урдун: Дор ал-Кандий, 1996.

[4] Ҳамдий Абу Ҳамдия, Ошур, Муҳаммад Аҳмад, Хотаб Умми Сояҳ. Идарату биладиш Шом фил аҳдайнлир рошидия вал уммавия, – Қоҳира: Дор ал-Эътисом, 2009. – Б 156.

[5]Ҳамдий Шоҳин. Ад-давлату уммавий муфтаро алайҳа. – Миср: Дор ал-қоҳира, 2010. – Б 443.

[6] Ҳамдий Абу Ҳамдия, Ошур, Муҳаммад Аҳмад, Хотаб Умми Сояҳ. Идарату биладиш Шом фил аҳдайнлир рошидия вал уммавия. – Қоҳира: Дор ал-Эътисом, 2009. – Б 170.

[7] Очилмайдиган хатм-муҳрлашда; мактуб ўралади ва очиладиган жойига шам , қизил лойдан ёпиштирилиб, сўнг халифалик муҳри босилади.

[8] Ҳамдий Абу Ҳамдия, Ошур, Муҳаммад Аҳмад, Хотаб Умми Сояҳ. Идарату биладиш Шом фил аҳдайнлир рошидия вал уммавия. – Қоҳира: Дор ал-Эътисом, 2009. – Б 287. Шайх Юсуф Баҳроний Марвиёту хилфати Муовия. – Байрут: Дор ал-улум,1958. – Б 75.

[9] – Ўша асар – Б76.

[10]Асл маъноси ҳозиги кунда  почта, телеграф бўлиб, қадимда масофа узоқ бўлгани учун маълум жойларга отлар тайёрлаб қўйилган. Ушбу отлар, чарчагани учун йўлма йўл алмаштирилиб турилган.18-иловага қаранг.

[11] Ҳамдий Абу Ҳамдия, Ошур, Муҳаммад Аҳмад, Хотаб Умми Сояҳ. Идарату биладиш Шом фил аҳдайнлир рошидия вал уммавия. – Қоҳира: Дор ал-Эътисом, 2009. – Б 174

[12] –Ўша асар –Б 174.

[13] – Ўша асар – Б 175.

[14] – Ўша асар –Б 175.

[15] – Ўша асар – Б 176.

[16]– Ўша асар –Б 176.

[17] Муаллифи номаълум. Алуъюн вал вал ҳадоиқ. – Қоҳира. 1871, Ж 3. – Б 82 Ҳамдий Абу Ҳамдия, Ошур, Муҳаммад Аҳмад, Хотаб Умми Сояҳ. Идарату биладиш Шом фил аҳдайнлир рошидия вал уммавия. – Қоҳира: Дор ал-Эътисом, 2009. – Б 176.

[18] Бир фарсах 5544 м.га тенг.

[19] Муҳаммад Саййид ал-Вакк. Алуммавиюн байнаш-шарқ вал ғарб. – Байрут: Дор ал-Қолам,1995. Ж 1.– Б 100.

[20] https://ar.wikipedia.org/wiki/2016.

[21]Муҳаммад Шокир Абу Усома. Исмоил Аҳмад Ёғий. Ат-тарих ал-олам ал-исломий ал-ҳадис вал-маосир. – Дамашқ: Дор Марих, 2008. Ж 1 – Б 458.

[22] –Ўша асар .Ж 1. – Б 459.

[23] Муҳаммад Саййид ал-Вакк. Алуммавиюн байнаш-шарқ вал ғарб. – Байрут: Дор ал-Қолам,1995. Ж 1. – Б 102.

[24]  Ибн Саъд.Тобоқоту ибн Саъд. – Қоҳира:Дор ал-Миср,1985. Ж 1. – Б 213 ва Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ваҳб Яқубий Тарихул Яқубий.Матба ал-Ғуро. – Лидан. 1860. – Б 143. Ж 2.

[25]Доктор Исом ибн Ҳошим Жуфарий. Аттатоввурул иқтисодий фил асрил уммавий//Магистирлик ишидан. – Мадина:Умм ал- Қуро. 2012, – Б 115. 116.

[26] – Ўша асар. – Б 97.

[27] Аҳмад ибн Солим Заҳроний. Ислоҳотул молия ват танзимотул идория. 1969. – Б 156.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг