“Уч талоқ”ни бир лафзда айтганнинг ҳукми

0
389

Никоҳ азалдан ўзбек халқининг муқаддас тушунчаларидан, энг пок ришталаридан саналади. Оилаларнинг бузилиши жамиятда парокандаликни юзага келтиради. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинадики: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол нарса талоқдир», дедилар» (Абу Довуд, Имом Ҳоким, Имом Ҳоким саҳиҳ деган). Талоқ лафзи туфайли Аллоҳнинг арши ларзага келади. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 19-оятида шундай дейди: «Улар билан тотув турмуш кечиринг. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин».

Шунингдек, халқ орасида бир вақтнинг ўзида айтилган уч талоқ масаласида нотўғри тушунчалар ҳам учраб туради. Бу ҳақида уммат уламолари бир лафзда айтилган уч талоқ учтага ўтади, деб якдиллик билан иттифоқ қилганлар. Хоҳ «уч талоқсан», деб биттада, хоҳ «уч талоқсан, уч талоқсан, уч талоқсан», деб алоҳида-алоҳида айтсин бир хил ҳукмдадир. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида «Талоқ икки мартадир. Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажралишдир» (229-оят), дея талоқ учта бўлишини билдиради. Албатта, буларнинг барчаси бандаларга имконият сифатида берилган. Лекин уни суистъемол қилиб, бир вақтнинг ўзида барчасини ишлатиб қўйса, ўзига зиён қилган ҳолида берилган имкониятидан маҳрум бўлади. Зеро, суннатга кўра, аёлининг поклик пайтида қўйиладиган талоқда киши аёлининг поклик муддатини кутиш давомида фикру хаёлини жамлаб, етти ўлчаб бир кесади. Шубҳасиз, бундай ҳолатдаги талоқ кейинчалик афсус-надоматлар олиб келмайди. Аёл ҳам ўзини ўнглаб, хатоларини тушуниб етади. Икки тараф учун ҳам оилани асраб қолиш учун яна бир имкон эшиги очиб қўйилган бўлади. Аммо баъзида «уч талоқсан», «минг талоқсан» каби шариатда белгилаб берилгандан бошқача талоқ қўйиш ҳолатлари кузатилади. Натижада, ишни ислоҳ қилиш учун шариатга зид турли  чоралар ахтариляпти. Ушбу масалада баъзиларнинг «бир талоқ тушади», деган ҳаром йўлга олиб борувчи «фатво»ларининг хато эканига бир қанча далиллар келтирганлар. Зеро, ислом тарихида ҳеч бир саҳоба, мужтаҳид олим «уч талоқ қилинган аёл бошқа турмушга чиқмасдан эри билан қайта никоҳланиб олса бўлади», деган эмас! Бу ҳукм Умар (р.а) даврларида қатъий ижмо билан собит бўлган. Ҳеч бир саҳоба юқоридаги масалага хилоф фикр билдирмаган.

Аллома Жассоснинг «Аҳком ул-Қуръон» китобида шундай келтирилади. Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Бир киши Ибн Аббос (р.а) нинг олдиларига келиб: «Мен аёлимни юз талоқ қилиб қўйдим», деганда, у зот: «Учтаси билан аёлинг сенга ҳаром бўлибди. Қолган тўқсон еттитаси билан Аллоҳнинг оятларини ўйин қилибсан», дедилар. Бошқа бир ривоятда эса: «Бир киши Ибн Аббосга аёлини уч талоқ қилганини айтганда, Ибн Аббос шу қадар узоқ сукут сақладиларки, мен, аёлини эрига қайтариб берадилар, деб ўйладим. Сўнгра у зот: «Эй Ибн Аббос, эй Ибн Аббос, Аллоҳ таоло “Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур” деганку, дейди. Сен Аллоҳга тақво қилмадингми, мен сенга чиқиш йўлини топиб беролмайман. Сен Робингга гуноҳкор бўлдинг. Аёлинг эса боин талоқ бўлди”, дедилар.

Дарҳақиқат, талоқ лафзи ўйин учун ёки жаҳл туфайли оғизнинг бир учидан осонликча чиқиб кетадиган сўз эмас. У сабабидан эр-хотин бир-бирига ҳалол бўлмай қолади. «Уч талоқ бир талоққа ўтади» деган ботил фикрлар натижасида никоҳсиз фарзандлар туғилиб, фисқу фасод юзага келади. Ундай осий инсонлар, шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўладилар. Жаҳл устида айтиб қўйилган бир сўзнинг оқибатини ўзи ёлғиз, фарзандлари онасиз қолганда тушунади. Хатонинг боши бўлган жаҳлни жиловлай олган кишигина кейин афсусланмай, вазиятдан чиқишнинг турли ношаръий усулларини изламайди. Ҳар бир ўзини мусулмон деб биладиган киши буни чуқур англаб, у ҳақида фикр юритиши лозимдир.

“Таҳфизул қуръон” кафедраси

ўқитувчиси Исломхон Убайдуллаев

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг