Динни ўрганишда тилнинг аҳамияти

0
163

Илм толибини ҳақиқий маънода илм толиби қиладиган муҳим нарсалардан бири маълумотларни таҳқиқ ва тадқиқ қилиш, тўғрисини нотўғрисидан ажратишдир. Бу ҳам секин-секин пайдо бўлиб ривожлантириладиган нарса ҳисобланади. Дастлаб, талаба бу нарсаларни устозидан сўраб ўрганади. Кейинчалик мустақил равишда муҳаққиқ ва мудаққиқ олимларнинг китобларига назар солади, луғат ва қомуслардан фойдаланади. Ҳадиси шарифларнинг шарҳига бағишланган китобларга қарайди ва ҳоказо.

Талаба китобларда учрайдиган тарихий шахслар, уламолар, саҳобаи киромлар ва бошқаларнинг исмларини ҳам қандай ўқилишини шу тариқа билиб олиши мақсадга мувофиқ. Қайси ҳарф устида қандай ҳаракат бор, қайси ҳарф сукунли, шуларга эътибор қаратиш ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Араб тилидаги кўп сўзлар кўринишдан бир хил ёзилади. Лекин, улардаги ундош ҳарфлар усти ёки остида бўлиши керак бўлган ҳаракатлар кўпинча ёзилмасдан ўқувчининг ўз ақли ва билимига ҳавола қилиниши туфайли илм толиби уларни гоҳида чалкаштириб ўқийди. Ҳаракатларни нотўғри қўяди ва натижада ё умуман маъносиз бир сўз пайдо бўлади ёхуд бошқа маънодаги сўзни бошқа маънода ишлата бошлайди.

Киши то шу нарсаларга жиддий эътибор бериб, ўрганмагунча олим бўлиш тугул талаба ҳам бўлиши қийин. Бекорга олимлар ҳадиси шарифлардаги ҳаётда кам учрайдиган сўзларга алоҳида тўхталиб, ҳаракатларигача баён қилиб кетмаганлар. Ҳолбуки, араб тили юқорида ишора қилинганидек ёзув услуби консонант (абжадий) хат турига асосланган тил ҳисобланади. Бунда фақат бир-бирига уйғун бўлиб келувчи ундош ҳарфларгина ёзувда акс этади. Ҳаракат (унли)лар эса ўқувчининг заковатига ҳавола қилинади.

Шундай экан ҳали сўзларни сиёқул каломга қараб бир-биридан ажрата олмайдиган одам яхшиси устозидан сўраши ёхуд тегишли китоблардаги шарҳ ва ҳошияларга қараши лозим.

Замонамизнинг машҳур ҳанафий олимларидан, Шом юртидан чиққан кўплаб муҳаққиқ ва фақиҳларнинг давомчиларидан бўлмиш Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг ютуқларидан бири ҳам айнан тадқиқ ва таҳқиқ масаласига ғоятда эътиборли эканликлари экан. Айни шу масалага яъни талаба учун илмнинг дақиқ жойларигача ўрганиш муҳимлигига ўзларининг сўнги китобларидан бири бўлган “маолиму иршодийя лисиноати толибил илм” китобларида ҳам тўхталиб ўтганлар. Зотан, бу зотнинг устозлари ва устозларининг устозлари ҳам аслида муҳаққиқ олимлардан бўлишган. Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда, Мустафо Зарқо ва бошқалар. Аллоҳ таоло уларни кенг бепоён раҳматига дохил этсин! Фақиҳ ва муҳаддис шайх Муҳаммад Аввома ҳазратларини ҳам Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин, умр-у ризқларига баракот берсин!

Яна сўзимизни давом эттирсак, баъзан оддий бир масдарни нотўғри ишлатиш ҳолатларига гувоҳ бўламиз. Масалан, кетмоқ маъносини ифодаловчи “ذَهَاب” (“заҳааб(ун)) сўзини “зиҳоб” дея зол ҳарфини касрали қилиб ўқиймиз. Ёки  – “وجد”важд сўзини вужд деб ўқиймиз. Ваҳоланки, бу икки сўз икки хил маънода ишлатилувчи бошқа-бошқа феъллардан ясалган от ҳисобланади. Биринчиси, яъни важд бу қалбда пайдо бўлувчи муҳаббат, ишқ ва ҳоказо. Тасаввуф истилоҳида эса инсон қалбига табиий равишда келувчи ухровий қўрқув, ижобий маънодаги ҳузн ё хурсандчилик ва ҳоказолар назарда тутилади. Вужд эса кенглик, моддий бойлик каби маъноларни англатади. Бу содда нарсалар аслида. Лекин шу каби ҳолатлар кўп учраб туради.

Жума кунидаги хутбаларда Аллоҳ таолонинг “ал-Жавод” исмини “Жаввод” дея атайин, ноўрин андиша туфайли вов ҳарфини ташдидли ўқиш ҳам шунга мисол бўла олади. Ёки, яна ўша хутба сўнгидаги дуоларда “варҳамнаа маъаҳум ваҳшурнаа минҳум” дея биринчи феълни “маъа” ҳарфи билан, иккинчи феълни эса “мин” ҳарфи билан ишлатилиши ҳам ғалат машҳур бўлиб қоляпти. Бундай нарсалар маънони бузади. Унинг ўрнига бемалол: “варҳамнаа ваҳшурнаа маъаҳум!” (яъни: “бизларга улар қаторида марҳамат кўрсат ва улар билан бирга ҳашр эт!”) деяверинг, тўғри бўлади, хато бўлмайди.

Машҳур шахсиятларнинг номлари ва нисбалари шунингдек айрим китобларнинг номида ҳам баъзан хатоликлар кўзга ташланади. Масалан, Ибн Қоййим ал-Жавзийяни баъзилар Ибн Қайюм деб ёзишади. Бу катта хато. Зеро, “Қайюм” Аллоҳнинг исми. “Ибн Қоййим ал-Жавзийя” эса Жавзийя мадрасасининг мутаваллисининг (раҳбарининг) ўғли деган маънони англатади. У кишининг асл исми эса Шамсуддин Муҳаммаддир. Отаси бир муддат Дамашқдаги Жавзийя мадрасасига раҳбарлик қилганлиги учун бу инсон шундай ном билан халқ ичида машҳур бўлиб кетган.

Шу кишининг “Иъломул муваққиъийн ан Роббил оламийн” (қисқача: иъломул муваққиъийн) китобини ҳам баъзилар аъломул муваққиъийн деб юритадилар. Аслида эса биринчи важҳ тўғрироқ ва китоб руҳига мувофиқроқдир. Китобнинг тўлиқ номининг маъноси: “Аллоҳ номидан гапирувчиларга (яъни дин кишиларига) эслатма” деган маънога далолат қилади. Агар иккинчи важҳга кўра “аъломул муваққиъийн” десак унда “дин кишиларининг машҳурлари, забардастлари” деган маъно чиқиб қолади ва бу сўз китоб мазмунига тўлиқ мувофиқ келмайди, гарчи баъзилар ҳар иккала важҳни жоиз десалар-да.

Толиби илм лексик бирлик бўлган муфрад сўз ва лафзларни тадқиқ қилиш билан бир қаторда секин-секин ҳар-хил соҳада айтилган турли қавллар, фикрлар ва бошқаларга ҳам муҳаққиқ уламоларнинг сўзларидан келиб чиқиб ёндашишга ўрганиб бориши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Чунки, маълумот жуда ҳам кўп. Аммо, уларнинг ичида тўғри ва нотўғрилари бор. Ҳадис деб ривоят қилинаётган сўзлар ичида ҳам саҳиҳ ва сақимлари бор. Ҳадисларни қўйиб турайлик, бугунги кунда турли-туман кишиларга нисбат берилувчи ҳикматли гаплар ҳам кўпайиб кетди. Битта гап бир қарасанг, ҳазрат Умарга, бир қарасанг Ҳасан Басрийга, яна бир сафар султон Сулаймонга, кейинги сафар ҳатто қайсидир ғарб мутафаккирига нисбат берилаётган бўлади. Баъзида эса умуман нотўғри қараш диний асарларда ҳам учрайди. Мисол учун баъзи тафсир китобларида Молик ибн Динорга нисбат берилувчи шундай бир гап борки, унга кўра динор сўзи дин ва нор (олов) сўзларининг йиғиндиси эмиш. Ким уни дину диёнат билан олса хўп-хўп, бўлмаса ундай одамга нор яъни дўзах олови бўлар экан. Шундай тўқима гапларга таяниб, баъзи наҳвийлар динор сўзини дин ва нор сўзларидан ясалган деган хато фикрларни ҳам билдирганлар. Ваҳоланки, динор сўзи дўзахни тан олмайдиган жоҳилият пайтида ҳам бўлган. Яна ҳам тўғрироғи, динор ҳам, дирҳам ҳам асли арабча эмас, балки, юнонча динариус сўзидан олиниб, таъриб қилинган. Дирҳам эса юнонча драхма сўзидан олинган.

Авваллари арабларнинг ўз пули бўлмаган. Балки, Рим ва унинг давомчиси бўлмиш Византия империялари зарб эттирган динор ва дирҳамларни ишлатганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам, улардан кейинги чаҳорёрлар даврида ҳам ўша Византия императори Ираклий (Ҳирақл)нинг бош сурати билан зарб қилинувчи олтин тангалардан фойдаланилган. Умавий халифалардан Абдулмалик Марвон даврига келибгина динорлар шаҳодат калимаси билан зарб қилина бошлаган. Ундан кейинроқ мамлукий подшоҳ Сайфуддин Қайтбой Маҳмудий ўз исми билан тилла тангалар зарб қилдирган.

Дирҳамни баъзилар дору ҳаммин (ғам ҳовлиси) сўзидан олинган дея ёмонлашга уриниб, ҳатто бу борада ҳадислар ҳам тўқиганлар.

Тўғри, тиллаю кумушларга ружу қўйиш, уларга муҳаббат қўйиш инсонни охиратдан чалғитиб қўяди, бузилишига олиб келади. Аммо, бунинг учун айтилмаган сўзни тўқиб чиқариш шарт эмас. Айниқса, ўша сўз Пайғамбар номидан бўлса.

Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган глобаллашув даврида маълумотларни саралашга ўрганмасак, бироз ўз устимизда ишламасак, илмий жиҳатдан хато фикрларни гапириб, динимизга ҳам маънавий зарар келтириб қўйишимиз мумкин.

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси

Алишер Султонходжаев

Манба

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг