Аллоҳнинг муҳаббатга эришмоқ учун…

0
36

Инсон ҳаётида эришиши мумкин бўлган энг катта муваффақияти ҳамда энг буюк бойлиги Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлишдир. Бу буюк муҳаббатга лойиқ бўлиш йўллари Қуръони каримда муфассал баён этилган.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал шариатни нозил қилиб, Расулуллоҳ алайҳиссалом буюрган нарсани қилишга, қайтарганидан қайтишга амр этди. Агар банда шундай қилса, албатта, Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлишини баён этди. Бунинг ёрқин ифодаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларида намоён бўлади.

“Суннат” луғатда “йўл” деган маънони англатади. Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган буйруқлар ва қайтариқларга эргашиш бўлиб, бу шариатдаги вожиб буйруқларни, мустаҳаб буйруқларни ҳамда қайтариқларнинг барчасини қамраб олади. Муҳаддис уламолар суннатга қуйидагича таъриф берадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган гап, иш, тақрир (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида саҳобалар томонидан қилинган бирор ишга эътироз билдирмасликлари), холқий ва хулқий сифатлардан иборат барча нарсадир”. Суннатни маҳкам ушлашда бир неча фойдалар бор. Жумладан:

  • Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлиш;
  • Фарзлардаги камчиликларнинг ўрнини тўлдириш;
  • Бидъатга берилиб кетишдан сақланиш;
  • Аллоҳ таолонинг шариатини улуғлаш.

Фиқҳ китобларида суннат фарз ва вожиб амалидан кейин келтирилади. Уни қилган савоб олади. Инкор қилувчи кофир бўлмайди, дейилади.

Албатта, мусулмон кишининг кундалик ҳаётида энг кўп аҳамият берадиган нарса – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эртаю кеч амал қилмоқдир. Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатнинг аломати – Унинг Ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламга ахлоқлари ва ишларида, буйруқлари ҳамда қайтариқларида эргашишдир”.

Пайғамбаримизнинг суннатларига эргашиш – бу  У зот қилган ишни қилиш, қайтарган ишларни қилмаслик, хулқларидан намуна олиб, чиройли хулқ соҳиби бўлишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган инсон у зотни янада севиб, муҳаббат қилиб боради ва натижада Аллоҳнинг ҳам муҳаббатига эришади. Бу ҳақда Буюк Ҳақ таоло қуйидагича марҳамат қилади: “Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз! Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (“Оли Имрон” сураси, 31-32-оятлар).

Замахшарий раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида Аллоҳга ҳақиқий ибодат қилишни хоҳлаган банда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиши кераклигини айтадилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Эй ўғилчам, бу менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимни ўз ҳаётига татбиқ этса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилибди. Ким мени яхши кўрса, жаннатда ҳам мен билан бирга бўлади”. Имом Термизий ривояти.

Яъни ким у зотнинг суннатларига эргашса, худди уни қайтадан тирилтиргандай бўлади. Ким суннатларини тирилтирса, Пайғамбаримизга муҳаббат қўйганини амалда ҳам кўрсатган бўлади. Ва ким Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрса, жаннатда ўзлари билан бирга бўлиш саодатига мушарраф бўлади.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсонларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Расулининг суннатига эргашиш бўлди”. Мусулмон кишининг Аллоҳ таолонинг наздидаги мартабаси Унинг Пайғамбарига эргашиши билан ўлчанади. У суннатни ўз ҳаётига қанчалик кўп татбиқ этса, Аллоҳ таолонинг наздида шунчалик олиймақом ва мукаррам бўлади.

Аллоҳнинг бандага муҳаббат қилиши банда орзуларининг интиҳоси, истакларининг энг сўнгги чегарасидир. Зеро, асосий иш севишдаэмас, севилишдадир!

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Фахриддин Маманосиров

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг