Иброҳим Адҳам насиҳатлари

0
33

Бир киши Ислом оламининг забардаст уламоларидан, авлиё инсонлардан ҳисобланган Иброҳим Адҳамнинг олдига келиб: “Эй Абу Исҳоқ, нафсим гуноҳ-маъсиятларга ботиб кетди, сизда гуноҳ-маъсиятлардан қайтарадиган бирор нарса борми?” – деди.

Иброҳим Адҳам: “Агар айтадиган насиҳатларимни тинглаб, уларга риоя қила олсанг, сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бермайди”, – деб жавоб берди.

Ҳалиги киши: “Уларни айта қолинг, эй Абу Исҳоқ”, – деди.

Иброҳим Адҳам бешта хислатни санади:

1.Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, Унинг берган ризқини емагин!

Ҳалиги киши: “Унда қаердан ейман, ахир ердаги барча нарса Унинг берган ризқи бўлса!” – деди.

Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса, У берган ризқни еб туриб, яна Унга исён қилишни ўзингга эп кўрасанми?!”.

Ҳалиги киши: “Йўқ, албатта, иккинчисини айта қолинг”, – деди.

2. Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, Унинг ерида турмагин!

Ҳалиги киши: “Эй Иброҳим, бу биринчисидан ҳам даҳшатлироқ-ку. Машриқ ҳам, мағриб ҳам уларнинг орасида нима бўлса ҳаммаси Унинг мулки-ку, Уники бўлмаган қаерда тураман?”.

Иброҳим Адҳам: “Эй инсон, У берган ризқни есанг, Унинг ерида яшасанг, яна Унга исён қилсанг, шуни ўзингга эп кўрасанми?!”.

Ҳалиги киши: “Йўқ, асло эп кўрмайман, учинчисини айтақолинг”, – деди.

3. Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, У сени кўрмайдиган бир жойни топ-да, исёнингни ўша ерда қил!

Ҳалиги киши: “Ҳой Иброҳим, бу нима деган гап? У зот барча сирлардан хабардор бўлса, қалбдан кечаётган нарсаларни ҳам билиб турса, бирор нарса ҳам Унга махфий бўлмаса?!”.

Иброҳим Адҳам: “Ҳой одам, Унинг берган ризқини есанг, У берган маконда яшаб туриб, Унинг сени кўриб, барча сирларингдан хабардор эканини била туриб, яна Унга исён қилишни ўзингга эп кўрасанми?”.

Ҳалиги киши: “Йўқ, асло эп кўрмайман, тўртинчисини айтақолинг” , – деди.

4.  Агар ўлим фариштаси руҳингни олиш учун келса, унга: “Тўхтаб тургин, тавба қилиб олай”, – дегин.

Ҳалиги киши: “У буни қабул қилмайди-ку”, – деди.

Иброҳим Адҳам: “Агар тавба қилиб олишинг учун ўлимни ўзингдан қайтариб тура олмасанг, жон топшириш пайти етса, унинг асло ортга сурилмаслигини билсанг, қандай қилиб халос бўлиш ҳақида умид қиласан?!”.

Ҳалиги киши: “Бўлди, бешинчисини ҳам айтинг” , – деди.

5. Қиёмат кунида Забониялар (дўзахга кирганларни азоблашга тайин қилинган фаришталар) сени дўзахга олиб кетишга келсалар, улар билан бирга бормагин.

Ҳалиги киши: “Улар бунга қараб ўтирмайдилар-ку”, – деди

Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса, нажот топишдан қандай умидвор бўлаяпсан?!” , – деди.

Ҳалиги киши: “Эй Иброҳим, бўлди, етарли бўлди, мен Аллоҳга истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан”, – деб чиқиб кетди.

Аллоҳ таоло динимиз ҳукмларини содда услубларда етказиб, омма халққа ғамхўрлик кўрсатиб ўтган барча уламоларнинг ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг