Қадар ва амал

0
57

Ҳар бир ақли расо ва балоғатга етган мусулмон учун Аллоҳ таолонинг барча мавжудотларга азалдан тақдир тайин қилганига иймон келтириш фарздир. Шу ўринда бир нечта саволлар пайдо бўлади:

– Модомики қиладиган аммаларимиз аввалдан белгилаб қўйилган экан, унда амаллар нима учун?

– Инсонлар аввалдан белгилаб қўйилган амалларни қилаётган бўлсалар, қилаётган ишларини хоҳласа-хоҳламаса мажбуран амалга оширадиларми?

– Унда ёмон амалларни қиладиганлар тақдирларида белгилаб қўйилган ишларни қилганлари учун охиратда жазоланишлари адолатсизлик эмасми?

Бу саволларга қадария ва мўътазилия фирқалари: “Инсон қиладиган амалини ўзи пайдо қилади, Аллоҳ бунга аралашмайди”, дейишган.

Аҳли сунна уламолари бу қарашга раддия қилиб: “Бу мутлақо нотўғри қарашдир! Чунки бундай дейишда банданинг хоҳиши Аллоҳнинг иродасидан ғолиб бўлади, деган маъно чиқиб қолади. Шунинг учун инсонни ҳам унинг амалини ҳам Аллоҳ яратади деб эътиқод қилиш лозим”, деганлар.

Жабрия фирқаси эса: “Инсон денгизга ташланган чўпдек гап, у бирор ишни ҳам ўз хоҳишига кўра қилмайди, балки Аллоҳ таоло белгилаб қўйгани учун мажбуран амалга оширади”, дейишган.

Аҳли сунна уламолари бу қарашга раддия қилиб: “Бу мутлақо нотўғри қарашдир! Агар бундай дейиладиган бўлса,Аллоҳ таолонинг адолат сифатини рад этиш ва Уни жабр қилувчи сифати билан сифатлаш маъноси чиқиб қолади.  Чунки, бирор ишни қилишга мажбур қилиб, сўнг ўша иш учун сўроқ қилиш жабр қилиш ва адолатсизлик ҳисобланади. Аллоҳ таоло эса адолатли Зотдир”, деганлар.

Шу ўринда унда бу масалани қандай тушунамиз деган табий савол пайдо бўлади. Бу саволга уламолар қуйидагича жавоб берганлар: “Банда бирор амални амалга ошириши учун унга ички ва ташқи омиллар таъсир қилади, бу омилларни Аллоҳ таоло банданинг хоҳишига кўра яратади. Банда ана шу хоҳишга масъул бўлади”.

Бандага ихтиёр берилгани ҳақида кўплаб ояти карималарда хабар берилган:

وَقُلِ الْحَقُّ مِن رَّبِّكُمْ ۖ فَمَن شَاءَ فَلْيُؤْمِن وَمَن شَاءَ فَلْيَكْفُرْ

Сен: «Бу ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфркелтирсин», дегин (Каҳф сураси, 29- оят).

Бошқа бир оятда шундай хабар берилган:

قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَكُمُ الْحَقُّ مِن رَّبِّكُمْ ۖ فَمَنِ اهْتَدَىٰ فَإِنَّمَا يَهْتَدِي لِنَفْسِهِ ۖ وَمَن ضَلَّ فَإِنَّمَا يَضِلُّ عَلَيْهَا ۖ وَمَا أَنَا عَلَيْكُم بِوَكِيلٍ

Сен: «Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман», деб айт (Юнус сураси, 108 – оят).

Хулоса шуки, бандага Аллоҳ таоло амал қилиши учунтанлаш ихтиёрини берган. У ана шу ихтиёрини шариатда яхши саналган ишларга боғласа, савоб олади, агар қайтарилган ишларга боғласа, ман қилинган ишни ихтиёр қилгани учун масъул бўлиб қолади. Шунга кўра ким шариат белгилаган йўлдан юрса савобга эришади,нафси хоҳлаган йўлдан юрса шариат кўрсатмасига бўйинсунмагани учун жазога жазога гирифтор бўлади. Яъни банда унга берилган жузъий ихтиёрига кўра қилган амалларига масъул бўлади.

Аллоҳ таоло бизларни ҳақ йўлда қоим қилиб, солиҳ амалларни қилишда бардавом қилсин!

Тошкент Ислом институти талабаси

Нигматова Моҳира

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг