Мавзуъ ҳадис ҳақида тушунча

0
65

Мавзуъ арабча (الموضوع) шаклида бўлиб, луғатда – қўйилган, тўқилган, даражаси паст бўлган  маъноларини англатади. Истилоҳда эса, тўқилган  ёлғон бўлиб, сунъий равишда келтирилган ва Пайғамбар  саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган хабардир. Бундай нарсанинг “мавзуъ” деб номланишининг сабаби шуки, ким шу ишни қилса, мартабаси албатта пасаяди[1].

Мавзуъ ҳадис тўқиш тобеъинлар давридан бошланган. Бу даврда илк сиёсий ихтилофлар вужудга келиши баъзи мавзуъ ҳадисларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Лекин, ўша вақтда адолатпеша саҳобаларнинг ҳаётликлари бу ҳаракатларнинг кенг тус олишига тўсқинлик қилган. Тобеъинлардан кейинги даврда Ислом динининг турли халқлар орасида кенг тарқалиши, сиёсий ихтилофларнинг кенг тус олиши, ҳақиқий диний илмлардан узоқлашиш натижасида турли соҳаларга оид мавзуъ ҳадислар кўпайиб кетди[2].

Бундан кўриниб турибдики, саҳобаи киромлар ҳадисга нисбатан жуда жиддий муносабатда бўлганлар. Аммо саҳобалардан кейинги даврларда пайғамбаримиз ҳадисларига бўлган муносабатлар турлича бўлди. Мусулмонлар орасида ҳадисларни ёдлаш, уни англаб етиш, асл матнлари ва иснодларидан воқиф бўлувчилар камайди. Шу пайт ҳадислар шаънини топтагувчилар ҳам вужудга кела бошлади. Буларнинг натижаси ўлароқ, турли ботил оқим ва мазҳаблар, нотўғри ақидаларнинг вужудга келганини кўришимиз мумкин.

Шундан сўнг уламолар соф шариъатни, суннатни юзага чиқарадиган, ҳадисларни нуқсон ва зиёдаликдан сақлайдиган буюк ишга бел боғладилар. Натижада, саҳиҳ ҳадислардан ёлғони, тўқималари ажратила бошланди. Саҳиҳ ҳадислар ичидан мавзуъсини ажратиб олиш осон иш эмас, албатта. Абдуллоҳ ибн Муборак разиёллоҳу анҳуга: Мавзуъ ҳадисларни ким ажратиб беради дейилганда у зот: “Ўз ҳаётини ҳадис илмига бағишлаган моҳир олимларгина”, деб жавоб берганлар[3]. Бундан кўринадики, будай ишга фақат ҳадис илмида етук бўлган зотларгина қўл урганлар.

Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда шундай дейдилар: Айримлар китобларида келтираётганидек, “طلب العلم من المهد إلي اللحد ” ёки “اطلبوا العلم من المهد إلي اللحد” кўринишидаги бу гап набавий ҳадис эмас, балки инсонларнинг илм олиш ҳақидаги айтган сўзларидир. Айримлар бундай  сўзларни Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат беришмоқда. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган, бажармаган, иқрор бўлмаган ҳеч бир сўз ёки феълни у зотга нисбат бериш мумкин эмас. Мазкур сўзларнинг маъноси тўғри, ундаётган феъли мақсадга мувофиқ бўлсада, уни у зотга нисбат бериш имконини бермайди.

Ҳофиз Абул Ҳажжож Ҳалабий шундай дейди: Ер юзида инсон зоти борки, гарчи маъноси тўғри бўлсада Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ҳатто  бир ҳарфни ҳам ёлғон тўқишга ҳаққи йўқ. Чунки, ҳар бир ҳақ сўз Росулуллоҳ айтган бўлавермайди. Аммо, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳар бир сўз ҳақдир[4].

Мавзуъ ҳадиснинг “Мавзуъ” сўзи ортидан “ҳадис” сўзини ҳам қўшиб, “Мавзуъ ҳадис”, деб айтиш ҳақида уламолардан турли фикрлар келган. Жумладан, Ҳофиз Ибн Ҳажар мавзуъ ҳадис ҳақида шундай дейди: “Мавзуъга “ҳадис”ни қўшиб аташни маъқулламайман, чунки у ҳадиси набавийдан эмас, баъзи олимларнинг мавзуъни заиф ҳадисларнинг ёмонроғи дейишлари, уни ҳадислар қаторида  ҳисоблашни ифодаламайди”. Доктор Моҳир Мансур Абдураззоқ шундай дейди: Ҳақиқатдан ҳам, мавзуъни “ҳадис” деб аташ тўғри эмас, аммо кўпчилик уламоларнинг уни “ҳадис” деб номлашларига қуйидаги уч сабабни келтирадилар:

  1. Ҳадис дейишлик билан унинг луғавий маъноси назарда тутилади.
  2. Мавзуъ ҳадис тўқувчиларнинг наздидаги эътибор билан шундай дейилади.
  3. Мавзуъни таниб, ажратишда ҳадисга, унинг усулларига[5] мурожат қилинганлиги сабаби шундай дейилади[6].

Маълумки, мавзуъ заиф ҳадис бўлиши учун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари айтган ҳадис бўлиши керак. Бироқ, унда ривоят қилувчилар ичида камчиликлар юз берган бўлади. Шунинг учун, заиф ҳадис банданинг фикридан устун туради. Аммо, мавзуъ ҳадис эса ровийлар силсиласи ичидаги кишилардан бўлмаган мутлақо бошқа шахслар тарафидан тўқилгандир.

Уламолар тўқима эканини била туриб мавзуъ ҳадисларни ривоят қилиш мутлақо мумкин эмаслигини таъкидлаганлар. Бунга далил сифатида қуйидаги Имом Муслим ва Имом Аҳмаддан ривоят қилинган ҳадисни келтирадилар: Самура разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким мендан ёлғони кўриниб турган ҳадисни ривоят қилса, икки ёлғончининг биридир»[7]. Бу ҳадис мавзуъ  ривоят қилувчига етарли раддия бўла олади.

Айтилган ёлғон ҳадис қайси соҳага оид бўлмасин, яъни ҳукм, қиссалар, тарғиб, таҳдидга оид бўлса ҳам унинг  мавзуъ эканини билган ҳолда ривоят қилиш мумкин эмас. Аммо, унинг мавзуълигини очиқ айтиб ўтса ривояти жоиз деганлар.

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. –Шарқ нашриёт-матбаамакциядорлик компанияси.2011. –Б.164.

[2] Али ал-Қорий. Ал-маснуъ мий маърифа ал-ҳадис ал-мавзуъ. – Байрут:ал-мактаба ал-илмий.1969. –Б.26.

[3] Хатибул Бағдадий. Кифоя.–Байрут:ал-мактаба ал-илмий.1991 –Б.80. 

[4] Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда. Қийматуз заман индал улама.- Б.30.

[5] Мусталаҳ ул – ҳадис, яъни ҳадис илми

[6] Али ал-Қорий. Ал-маснуъ мий маърифа ал-ҳадис ал-мавзуъ. – Байрут:ал-мактаба ал-илмий.1978. –Б.14.

[7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. –Шарқ нашриёт-матбаамакциядорлик компанияси.2011. –Б.164.

Тошкент Ислом институти битирувчиси

Юсупов Қобил

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг