2017 йил 26 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ҳужжат топширган абитуриентлар учун ижодий имтиҳонлар бошланди. Имтиҳондан олдин институт ректори Уйғун Ғофуров абитуриентларга имтиҳон жараёни ва тартибини тушунтириб ўтди.

Ижодий имтиҳон материаллари солинган конверт имтиҳон бошланиши олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси кузатувчиси, Тошкент ислом институти қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ҳамда ота-оналар иштирокида очилиб, бу ҳақда далолатнома тузилди. Кузатувчи ота-оналар имтиҳон учун ажратилган хоналар ва имтиҳон топширувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Фарзандларига руҳий далда бўлиб, улар билан ҳамроҳ бўлиб келган ота-оналар ва меҳмонлар учун институт ҳудудида салқин ичимликлар ва шинам кутиш жойлари ташкил қилинди.  Имтиҳонларни талаб даражасида ўтказиш мақсадиди ички ишлар ва тиббиёт ходимлари ҳам жалб қилинган.

Тошкент ислом институтида қабул имтиҳонларини ўтказишда йилдан-йилга қўшимча қулайликлар яратилмоқда. Бу йилдан қабул ҳайъати ходимлари имтиҳон топширувчиларнинг навбатини тўғри ташкил этиш мақсадида абитуриентларни имтиҳон аудиторияларига чақириш учун алоқа воситаларидан фойдаланишни жорий қилди. Алоқа воситалари имтиҳон аудиторияси билан боғланган бўлиб, навбатдаги абитуриентни билет олиш учун чақириш имконини беради.

2017-2018 ўқув йили учун тузилган қабул ҳайъати томонидан абитуриентлардан 463 та аризалар қабул қилинган бўлиб, улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ажратилган 85 та ўрин учун ўз билимларини синаб кўришади. 85 та квотанинг 15 таси аёл-қизлар учун ажратилган.

Абитуриентлар ижодий имтиҳонда Чет тили ҳамда Маънавият ва маърифат фанларидан синовдан ўтишмоқда. Тошкент ислом институтига абитуриентларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон тарихи, она-тили ва адабиёти фанларидан тест синовлари 2017 йил 1 август куни бўлиб ўтади. Ижодий имтиҳон эртага 27 июль куни ҳам давом этади.

Администратор

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг