“ВАҚФ”га доир аҳкомлар

0
71

“Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. “Вақф – нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир”. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.

Вақфга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Вақф – аслни ушлаб қолиб, фойдани кўпчилик фойдаланиши учун чиқариб қўйишдир. Аслдан мурод – таг-туги қолиши билан фойдаланиш мумкин бўлган нарсадир. Ҳовли-жойлар, дўконлар, мевали боғлар ва ҳоказолар каби. Фойдадан мурод – ўша аслдан келиб чиққан фойда-даромаддир. Мева-чева, ижара ҳақи, уй-жойда яшаш ва шу кабилар.

Вақфнинг ҳукми – у Исломда мустаҳаб бўлган қурбат, яъни ибодатдир. Бунга далил саҳиҳ суннатдир:

– «Саҳиҳайн»да ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, Менга Хайбардан бир ер тегди, мен ҳеч қачон ундан кўра яхшироқ молга эга бўлган эмасман. Буюринг, уни нима қилай?», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар истасангиз, аслини сақлаб қолиб, (фойдасини) садақа қилинг», дедилар. Шундан сўнг Умар уни: сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос қолдирилмайди, деб садақа қилдилар. Умар уни фақирларга, қариндошларига, қулларни озод қилишга, Аллоҳ йўлидагиларга, мусофирларга, меҳмонларга деб садақа қилдилар (Бухорий (2737) ва Муслим (1632) ривоятлари).

– Имом Муслим «Саҳиҳ»ида ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Инсон вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан (Муслим (1631) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривояти).

– Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан қай бир киши қурби етган бўлса, албатта вақф қилганди» (Ал-муғний: 5/348).

– Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имомлар ўртасида кўприклар ва масжидларни (вақф қилиб) ушлаш тўғрисида хилоф йўқдир, бундан бошқа нарсаларда ихтилоф қилганлар» (Кашфул-қиноъ: 4/240).

Вақф қилувчи киши тасарруф қилишга лаёқатли, яъни, оқил, болиғ, озод одам бўлиши шарт қилинади, ёш бола, ақлсиз киши ва қулнинг вақфи яроқли бўлмайди.

Вақф саҳиҳ бўлиши учун бир неча шартлар мавжуд. Улар қуйидагилар:

1. Вақф қўювчи киши , тасарруфга лаёқатли киши бўлиши.

2. Вақф қўйилаётган нарса асли сақланиб қолгани ҳолда фойдаси давомий бўлиб турадиган нарса бўлиши. Фойдаланиш билан тамом бўлиб қоладиган нарсани, масалан, таомни вақф қилиш дуруст бўлмайди.

3. Вақф қўйилаётган нарса муайян нарса бўлиши лозим. Муайян бўлмаган (ноаниқ) нарсани вақф қилиш дуруст бўлмайди. Яъни, масалан: «Қулларимдан бирини ёки уйларимдан бирини вақф қилдим» деса, дуруст бўлмайди.

4. Вақф яхшилик ишлари учун бўлиши. Чунки, ундан мурод – Аллоҳ таолога қурбат (яқинлик) ҳосил қилишдир. Масжидлар, кўприклар қилиш, ичишга сув чиқариб қўйиш, илмий китоблар, мискинлар, қариндошларга сарфлаш каби. Яхшилик бўлмаган ишларга вақф қилиш дуруст бўлмайди. Бутхоналар, куфр китоблари, мозорларга чироқ ва шамлар ёқишга ёки шу ишларни қилувчи хизматчиларига (шайхларига) вақф қилиш каби. Чунки, бу ишлар маъсият, ширк ва куфрга ёрдам бериш бўлади.

5. Муайян кишига вақфнинг яроқли бўлиши учун ўша муайян шахс бирон мулкка эгадорликка лаёқатли шахс бўлиши шарт қилинади. Чунки, вақф дегани мулк қилиб беришдир. Мулкка эга бўлишга яроқсиз бўлган маййитга ёки ҳайвонга вақф қилиш дуруст бўлмайди.

6. Вақф яроқли бўлиши учун у ниҳоий нарса бўлиши шартдир.

Вақтинчалик ёки муаллақ нарсани вақф қилиш жоиз эмас. Фақат ўлимига боғлиқ қилса ва: «Мен ўлганимдан сўнг уйим камбағалларга вақф бўлсин», деса, дуруст бўлади. Чунки, Умар розияллоҳу анҳу агар ўзига бирон кори-ҳол бўлса, Самғ (яъни, унга қарашли бир ер) садақа бўлишига васият қилганлар (Абу Довуд (2879) ривояти). Унинг шу ишни қилгани машҳур бўлган ва ҳеч ким тарафидан инкор қилинмаган. Демак, бу ижмоъ бўлди. Ўлимга боғлиқ қилинган вақф молнинг учдан бирига чекланган бўлади. Чунки, бу васият ҳукмида бўлади.

Манба

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг