Нақшбандия машойихлари(4) Имом Муҳаммад Жаъфар Содиқ (роҳимаҳуллоҳ)

1
30

Имом Жаъфар Содиқ роҳимаҳуллоҳ “Силсилаи Нақшбандия” (“Олтин силсила”)нинг тўртинчисидир.

80-ҳижрий йилда (милодий 699) ва ёки 83-йилида (милодий 702) да Мадинада дунёга келди. Отаси 12 имомнинг бешинчиси Имом Муҳаммад Боқир, онаси ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг набираси Қосим бин Муҳаммаднинг қизи Умму Фарводир. Яъни Имом Жаъфар Содиқ ота тарафидан ҳазрати Али розияллоҳу анҳу, она тарафидан ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга бориб тақалади.

Имом Жаъфар Содиқ роҳимаҳуллоҳ Асҳоби Киромни кўриш шарафига муяссар бўлган тобеъинларнинг катталаридандир. Иршод фаолиятини 34 йил давом эттирди.

Ниҳоятда хушчеҳра, ширинзабон киши эди. Қувватли ва ўрта бўйли эди. Сочлари қум ранг эди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга ўхшаб кетарди. Ўнта фарзанди бўлиб, еттитаси ўғил, учтаси қиз эди.

Ўғилларининг исмлари Мусо Козим, Исҳоқ, Муҳаммад, Исмоил, Абдуллоҳ, Аббос ва Али. Уларнинг ҳаммаси ўша даврнинг олими ва авлиёларининг катталаридан эди.

Имом Жаъфар Содиқ илмни отаси Муҳаммад Боқирдан ўрганган эди. Илм ва фазилатда даврининг ягонаси бўлди. Диний илмлар каби, фанда ҳам илғор эди. Унинг талабалари алжабр ва кимё илмларида турли кашфиётлар қилган.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари Имом Жаъфар Содиқнинг тадрис ва суҳбатларида қатнашиб, унинг хос ва ошкор маърифат манбаидан, илм ва авлиёлик йўлида кўп истифода қилган.

***

Бир куни замонасининг машҳур олими ва зоҳидларидан Довуд Тойи ҳазратлари Имом Жаъфар Содиқ ҳазратларининг ёнига келиб:

– Эй Пайғамбаримизнинг набираси, менга бир насиҳат қилинг, қалбим қорайди!– дея илтижо қилди.

– Эй Довуд, сен давримизнинг зоҳиди, Аллоҳдан энг кўп қўрққан инсон, менинг насиҳатимга не эҳтиёжинг бор?– деб сўради Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари.

– Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набираси, сизнинг қолганлардан устунлигингиз бор, томирларингизда буюк Пайғамбарнинг қони айланмоқда, шу боис ҳар кимга насиҳат бериш сизларга вожибдир, –деди Довуд Тойи.

– Эй Довуд, қиёмат куни аждодим Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва саллам менинг қўлимдан тутиб “Нечун мен билан уйғун ҳаракат қилмадинг?” деса, нима қиламан? Ахир бу уруғ-аждод масаласи эмас, ибодат ва амал ишидир!– деди Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари.

Довуд Тойи ҳазратлари буни эшитиб, йиғлай бошлади ва:

– Ё Раббий, у Пайғамбарлик уруғидан дунёга келди, сўзлари ҳар кимга далилдир. Бобоси Пайғамбар солаллоҳу алайҳи ва саллам, онаси Батул (ҳазрати Фотима) бўлгани ҳолда, шундай деб турса, Довуд Тойи ким бўлибдики, қиймати бўлсин!– деди.

***

Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари орифларнинг, ҳақ ошиқларининг сарвари, тафсир илмининг ҳам буюкларидан эди.

Калом илмида бузуқ эътиқодли аҳли бидъат ва фалсафачиларга қарши соғлом васиқали жавоблари Аҳли Суннат китобларидан ўрин олди. Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари ҳадис илмида ҳам ишончли бир ровий ўлароқ машҳурдир.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари Имом Жаъфар ҳақда “Ундан ҳам фақиҳ, фиқх илмини теран билган бир киши кўрмадим”, деганлар. Тўғрилиги ва садоқати туфайли унга “Содиқ” тахаллуси берилган.

Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари бир муддат узлатга чекилди. Уйидан ташқари чиқмай, ёлғизликни танлади. Буюк авлиёлардан Суфён Саврий унинг уйига бориб:

– Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набираси, инсонлар баракатли нафасингиздан– суҳбатингиздан маҳрум қолди, нечун узлатга чекилдингиз, – деб сўради.

– Бугун шуниси маъқул. Замон бузилди, дўстлар ўзгарди. Сўзимизнинг ҳақиқати ўртага чиқди,– деди ва шу маънодаги байтни ўқиди:

Кечган кун каби кечди вафо ҳам.

Ким хаёл изида, ким умид олдида.

Дўстлик, вафо қолди шаклда,

Қалбларда эса ғиж-ғиж чаёнлар.

***

Бир куни Имом Жаъфар ҳазратларидан: “Аллоҳ Таоло фоизни нега ҳаром қилди?” деб сўрашди.

– Инсонлар бир-бирига яхшилик ва эҳсон қилишлари учун ҳаром қилди.

Агар фоиз ҳаром бўлмасайди, бир-бирига беғараз (бадалсиз) яхшилик этган одам қолмас эди. Қилинган ҳар бир яхшилик учун бир манфаат кутмаган одам қолмас эди, – деб жавоб берди Имом Жаъфар ҳазратлари.

***

Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари дуоси мақбул бўлган зотлардан эди. У Аллоҳ таолодан бир нарса сўраса, сўзини тугатмасданоқ истаги бериларди.

Бир киши Имом Жаъфар Содиқ ҳазратларидан Аллоҳ таолодан унга эллик ҳаж қилиши учун етарли мол бeр, деб дуо этишини илтимос қилди.

Имом ҳазратлари ҳам “Ё Рабби, шу одамга эллик ҳаж қилиш учун етадиган мулк бер”, деб дуо қилди ва ўша одам эллик марта ҳаж қилди.

Эллик биринчи ҳаж учун Жуҳфа деган ерда ғусл олаётганда, сел келди ва у одам ҳалок бўлди.

***

Ҳакам бин Аббос Калбий шундай ҳикоя қилади:

“Менинг Зайд исмли бир амаким бор эди. У Имом Жаъфар ҳазратларига кўп эътироз қиларди. Бир куни гап хурмо ҳақида кетди. Амаким яна эътироз қила бошлади ва:

– Имом Жаъфар қаерда, хурмо каби ишлар қаерда, – деб пичинг қилди.

Имом Жаъфар ҳазратлари буни эшитиб:

– Ё Зайд Калбий, агар эшитганим тўғри бўлса, Аллоҳ таоло сенга калб катталигида бир ҳайвонни мусаллот этсин, у ҳайвон сени ҳалок айласин!– деди.

Бир куни Зайд йўлда кетаркан, унга бир арслон ҳужум қилиб, ичак-чавоқларини сўқиб чиқарди. Бу воқеадан сўнгра ҳеч ким Имом Жаъфар Содиқ ҳазратларига эътироз қилмади.

Имом Жаъфар Содиқ ҳазратларининг ўғли Мусо Козим ҳазратларига шундай насиҳат қилди:

“Эй ўғлим, ўз ризқингдан рози бўл. Ризқидан рози бўлган одам ҳеч кимга муҳтож бўлмайди. Кўзи бошқа бировнинг молида бўлган одам фақирликда ўлади. Аллоҳ таолонинг тақсим этгани ризққа рози бўлмаган кимса, уни қазо ва қадарда истаганини яратишда туҳмат остига олган ҳисобланади. Ўз қусурларини кичик кўрган киши бошқаларнинг қусурларини катта кўради.

Доим ўз қусурларингни катта кўр. Бошқа бировнинг сирли нарсасини ошкор қилган кимсанинг уйидаги сирли нарсалар ошкор бўлади.

Биродарига чуқур қазиган, унга ўзи тушар. Аҳмоқлар орасида бўлган – хўрланар,олимлар орасида бўлган инсон – ҳурмат кўрар.

Эй ўғлим, инсонлардан жаҳлинг чиқмасин, акс ҳолда, уларнинг сендан жаҳли чиқарлар.

Бўш гап ва ишга аралашма, обрўйинг тушади. Сенга фойда бўлса ҳам, зарар бўлса ҳам – тўғрисини айт. Шунда инсонлар сен билан маслаҳатлашадилар, фикрингни оладилар.

Эй ўғлим, дўст тутинганинг, зиёратига кетганинг яхши ахлоқли инсонлар бўлсин.

Ёмон ахлоқлилар билан дўст бўлма, улар билан кўришма. Чунки улар суви бўлмаган чўл, шохлари куртакламаган дарахт, ўт битмаган тупроқдир.

Эй ўғлим, Аллоҳ таоло китобининг ўқувчиси, яхшиликларни ўргатувчи, ёмонликларни таъқиқловчи, сенга келмаганга борувчи, сен билан гаплашмаган ила гаплашувчи бўл!

Ғийбатдан, чақимчиликдан сақлан! Гап ташимоқ инсонлар кўнглида душманликни орттиради.

Инсонларнинг айбларини кўрмагин, инсонларнинг айбларини кўрган уларнинг нишонига айланар”.

***

Шу бешта кимса билан бирга бўлма:

1. Ёлғон сўйлаган билан
2. Хасис билан
3. Аҳмоқ билан
4. Қора кўнгилли киши билан
5. Фосиқ билан.

Мусулмон биродарингиздан маъносини англамаганингиз бир сўз эшитсангиз, яхшиликка йўйингиз. Тушунмаганингиз учун ўзингизни айбланг.

Бир хато қилсангиз, истиғфор келтиринг. Хатода давом этиш – ҳалок бўлишга сабабдир. Кимнинг моддий турмуши оғирлашса, кўп истиғфор қилсин.

Меҳнатга ҳамд ўқимаган, неъматга шукр этмас. Ҳар пайшанба куни аср пайтида Аллоҳ таоло фаришталарини кўкдан ерга туширади. Фаришталарнинг кумушдан саҳифалари, олтиндан қаламлари бор.

Эртаси куни (жума) қуёш ботгунча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўқилган саловатни ёзадилар. Аллоҳ таоло дунёга “Эй дунё, менга хизмат этганга сен ҳам хизмат қил, сенинг орқангдан чопганга заҳмат ва машаққат бер”, дея амр этган.

Шу тўрт нарсани ҳар бир шарафли киши бажариши керак:

1. Отаси келганда, ўрнидан турмоқ

2. Меҳмонга хизмат этмоқ

3. Юзта хизматчиси бўлса ҳам, муҳтож бўлмагунча, уловга ўзи (ёрдамсиз) минмоқ

4. Илм берган муаллимига хизмат этмоқ.

Мол-мулк ва фарзандлари кўп бўлишини истаган киши наботий, яшиллик, ўт-ўландан тайёрланган емакларни кўп есин.

Дин олимлари, фоқиҳлар султонларнинг, давлат одамларининг эшигига бориб, ялтоқланмагунича улар – пайғамбарнинг ворисларидир.

Намоз. Ҳар тақво соҳиби учун (Аллоҳга) яқинликдир.

Ҳаж – кучсиз инсоннинг жиҳодидир.

Баданнинг закоти – рўзадир.

Амал, ибодат, хайрли иш қилмай туриб, яхшилик кутган инсон ёйсиз ўқчига ўхшар.

Садақа бериб, ризқингизни кўпайтиринг. Закот бериб мол-мулкингизни асранг.

Тақвода Аллоҳ таолодан қўрқиб, ҳаромдан сақланишдан ҳам устун озуқа йўқдир. Ёлғондан катта хасталик йўқ.

Аллоҳ таолонинг яратгани тақдирга аралашмоқ фалокатга сабаб бўлади.

Ўғил фарзанд – неъматдир.

Ҳасанот соҳиби бўлганлар савоб қозонадилар, неъмат учун ҳисоб беражаклар.

Имом Аҳмад бин Ҳанбал ҳазратлари ўзининг “Муснад”ида шундай дейди: “Жаброилнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таолодан нақл этгани: “Ла илаҳа иллаллоҳ” менинг қалъамдир, ким бу қалъага кирса, азобимдан қутилар”, дуосини ривоят этганларнинг исми билан, ихлосла бир телбага ўқилса, телба шифо топади”.

***

Имом Жаъфар ҳазратлари сиёсатдан тамоман узоқлашиб, Мадинада илм билан машҳур бўлди ва бу шаклда ҳокимиятдаги Умавийларнинг тазйиқларидан қутилди. Аббосийлар даврида ҳам бу вазияти ўзгармади, илм билан машғул бўлди.

Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари ҳижрий 148-йилда (милодий 765) Ражаб ойининг ўн бешида, душанба куни Мадинада вафот этди. Қабри “Жаннатул боқий”да, отаси ва бобоси ёнида. Аллоҳ ундан рози бўлсин!

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси
Абдусамад Тожиддинов

1 ТА ШАРҲ

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг