Нақшбандия машойихлари(5) Султон Боязид Бaстомий (Қоддасаллоҳу сирруҳу 5-қисм)

1
56

Боязид Бастoмий ҳазратлари бир кеча талабалари билан бир уйда меҳмон бўлдилар. Уй эгаси қандилни ёқди.

– Бу қандилда бир ғалатилик кўряпман, ёнаяпти, аммо нури йўқ, ҳикмати надир,  – деб сўради Бастомий ҳазратлари.

– Устозим, биз бу қандилни бир кеча учун қўшнимиздан омонат олган эдик. Бу оқшом иккинчи кеча ёқаяпмиз, – дейишди.

Буни эшитиб, Бастoмий ҳазратлари қандилни дарҳол ўчирди ва: – Қандилни дарҳол соҳибига қайтаринг. Агар истасангиз, яна бир кеча ёқиш учун изн олингиз, – деди.

Уй эгаси қандилни ўчириб, қўшнисига олиб берди ва ундан рухсат олиб, қандилни қайтариб олиб келди. Қандилни ёқдилар, хона ёришди.

– Энди нурини кўраяпман,  – деди Боязид Бастoмий ҳазратлари.

***

Боязид Бастoмий ҳазратлари қирқ беш марта ҳаж амалини бажарган эди. Бир кун Арофат тепасида ўтирганда, нафси унга: “Боязид, сенга ўхшаган ким бор? қирқ беш марта ҳаж қилдинг, Қуръонни мингларча ҳатм этиш бахтига муяссар бўлдинг!” дея сўзлади.

Бастoмий ҳазратлари сапчиб ўрнидан турди ва у ердаги оломонга қараб:

– Ким менинг қирқ беш марта адо этган ҳаж амалимни савобини бир нонга алмашади! – дея ҳайқирди.

Бир одам бошини кўтариб:

– Мен оламан, – деди ва битта нон узатди. Боязид Бастoмий ҳазратлари нонни олди ва у ерда ётган бир итнинг олдига ташлади.

***

Боязид Бастoмий ҳазратлари Рум диёри (Анатолия)га сафарга чиқди. Йўлда бир роҳибга дуч келди. Роҳиб уни уйига чақириб, меҳмон қилди. Уйидан бир хона берди. Бастoмий ҳазратлари ўзига ажратилган хонада ибодат қила бошлади ва қалбини Аллоҳ таолога бурди.

Роҳиб ҳар куни унинг емагини олдига келтириб қўярди. Бу ҳол бир ой давом этди. Боязид Бастoмий ҳазратлари ниҳоят: “Эй нафс, сени синдирмоқ истаяпман, аммо сен синмаяпсан!” – деди.

Буни эшитиб қолган роҳиб, ичкарига кирди ва:

– Исминг нима?  – деб сўради.

– Боязид.

– Не гўзал инсонсан? Кошки, Исо Масиҳнинг қули бўлсайдинг! – дея хитоб қилди.

Бу сўзлар Боязид Бастoмий ҳазратларига оғир тегди. Роҳибнинг уйини тарк этмоқ истади. Аммо роҳиб:

– Бизнинг уйда 40 кунингни тамомла, сўнгра кетгин. Бизнинг катта байрамимиз бор. Уни кўришингни хохлардим. Байрамга қийматли бир воизимиз ҳам келади. У фақат шу байрамда, йилда бир марта гапиради. Уни тинглаб кўр, – деди роҳиб.

Бастoмий ҳазратлари рози бўлди. Қирқ кун ўтгандан сўнг роҳиб Бастoмий ҳазратларининг хонасига кириб, “Марҳамат, ташқарига чиқинг, байрам кунимиз келди”, деди. Лекин сўнгра меҳмонга қараб:

– Фақат сиз бу кийимда қандай роҳибларнинг ичига кирасиз? Яхшиси, бу кийимингизни ечиб, устингизга роҳиб кийимини кийинг ва бўйнингизга “Инжил”ни осиб олинг,  – деди. Бу таклифдан оғринган бўлсада, Бастoмий ҳазратлари “бунда бир ҳикмат бор”, дея берилган либосни кийиб, роҳиблар орасига қўшилди. Ҳеч кимнинг диққатини чекмади.

Бироздан сўнгра роҳибларнинг каттаси, ўша воиз келди. Лекин, негадир, ваъзни бошламади. Сабабини сўрaдилар.

– Орангизда бир Муҳаммадий бўлса, мен қандай гапираман?  – деди. Оломон ғалаёнга келди, “уни кўрсат, парчалаб ташлайлик!” дея ҳайқирди.

– Йўқ, кўрсатолмайман. Фақат унга тегмасликка сўз берсангиз, уни сизга таништиришим мумкин, – деди Бош роҳиб.

Оломон Муҳаммадийга тегмасликка сўз берди.

– Эй Муҳаммадий, Аллоҳ учун оёққа қалқ ва ўзингни кўрсат!  – деди бош роҳиб. Боязид Бастoмий ҳазратлари оёққа қалқди.

– Исминг нима?  – деб сўради Бош роҳиб.

 – Боязид.

– Таҳсил кўрдингми?

– Раббим ўргатгани қадар бир нарсаларни ўргандим, – деди Бастoмий ҳазратлари.

– У ҳолда шу саволларимга жавоб бер:

иккинчиси бўлмаган бир,

учинчиси бўлмаган икки,

тўртинчиси бўлмаган уч,

бешинчиси бўлмаган тўрт,

олтинчиси бўлмаган беш,

еттинчиси бўлмаган олти,

тўққизинчиси бўлмаган саккиз,

ўнинчиси бўлмаган тўққиз,

ўн биринчиси бўлмаган ўн,

ўн иккинчиси бўлмаган ўн бир,

ўн учинчиси бўлмаган ўн икки – нимадир?

– Мени яхши тингла, – деди Боязид Бастoмий ҳазратлари,

– иккинчиси бўлмаган бир, бу – шериги, тенги ва ўхшаши бўлмаган Аллоҳ таолодир.

Учинчиси бўлмаган икки – кеча ва кундуздир.

Тўртинчиси бўлмаган уч – уч талоқдир.

Бешинчиси бўлмаган тўрт – Таврот, Забур, Инжил ва Қуръони Каримдир.

Олтинчиси бўлмаган беш – беш вақт намоздир.

Еттинчиси бўлмаган олти – еру-кўкнинг яратилгани олти кундир.

Саккизинчиси бўлмаган етти – етти қат кўкдир.

Тўққизинчиси бўлмаган саккиз – Қиёмат куни Аршни ташийдиган саккиз фариштадир.

Ўнинчиси бўлмаган тўққиз –хотиннинг тўққиз ойлик ҳомила муддатидир.

Ўн биринчиси бўлмаган ўн – Мусо алайҳиссаломнинг Шуoйб алайҳиссаломга ўн йил чўпонлик қилишидир.

Ўн иккинчиси бўлмаган ўн бир – Юсуф алайҳиссаломнинг ўн бир акасидир.

Ўн учинчиси бўлмаган ўн икки – йилнинг ўн икки ойидир.

– Тўғри, сўйладинг,  – деди Бош роҳиб, энди менга айтчи, ҳаводан нима яратилди, ҳавода нима муҳофаза этилди ва ким ҳаво билан ҳалок этилди?

– Исо алайҳиссалом ҳаводан яратилди, ҳавода муҳофаза этилди. Од қавми ҳаво билан ҳалок этилди,  – дея жавоб берди Боязид Бастoмий ҳазратлари.

– Тўғри сўйладинг. Яғочдан ким яратилди, яғочда ким қутқарилди, яғоч билан ким ҳалок этилди?  – деди Бош роҳиб.

– Мусо алайҳиссаломнинг ҳассаси яғочдан яратилди, Нуҳ алайҳиссалом яғочдан  ясалган кемада тошқиндан сақланди. Закария алайҳиссалом яғоч ичида арра билан қирқилиб, ҳалок этилди,  – деб жавоб берди Бастoмий ҳазратлари.

– Тўғри сўйладинг. Ким оташдан яратилди. Ким оташдан сақланди ва ким оташ ила ҳалок этилди?

– Иблис оташдан яратилди. Иброҳим алайҳиссалом оташдан сақланди. Абу Жаҳл оташ ила ҳалок этилди.

– Тошдан ким яратилди? Тош ичида ким яширинди, тош билан ким ҳалок этилди? – Солиҳ пайғамбарнинг туяси тошдан яратилди. Асҳоби Каҳф тош ичида сақланди. Абраҳа ва унинг лашкари тош билан ҳалок этилди.

– Тўғри сўйладинг. Олимлар жаннатда тўрт дарё бор, биттасида асал, иккинчисида сув, учинчисида сут, тўртинчисида шароб бор ва тўрттаси ҳам битта манбаадан оқади дейишади. Бунинг бу дунёда бир муқобили (тимсоли) борми?

– Ҳа, бор. Инсоннинг бошидан тўрт дарё оқади: Қулоқ ёғи – аччиқдир. Кўз ёғи – тузлидир. Бурун суви ҳам ўзига хос таъмга эга. Оғиз суви – шириндир.

– Тўғри айтдинг. Жаннат аҳли еб-ичар, аммо таҳорати бузилмас. Бунинг бу дунёда ўхшаши борми?

– Бор. Она раҳмида (бачадонида) бола еб ичади, аммо ахлат чиқармайди.

– Тўғри сўйладинг. Жаннатда Тубо дарахти бор. Жаннатда ҳеч бир сарой, ҳеч бир кўшк йўқдирки, бу яғочнинг таналарига теккан бўлмасин. Бунинг бу дунёда тимсоли борми?

– Бор. Қуёш эрталаб чиққанда, худди ўшанга ўхшамайдими?

– Тўғри айтдинг. Энди шуларга жавоб бер: бир яғоч бор, ўн иккита шоҳининг ҳар бирида 30 та япроқ ва ҳар япроқда бешта гул, булардан иккиси қуёшга, учтаси қоронғиликка қарайди. Бу дарахт қайси дарахтдир?

– Бу дарахт бир йилнинг тимсоли. Ўн икки шохи – ўн икки ойдир. Ҳар шохдаги 30 япроқ ойдаги 30 кундир. Ҳар япроқдаги бешта гул – беш вақт намознинг тимсолидир.

– Менга шунинг нима эканлигини айт: ҳажга борибди, тавоф қилибди, мақомларга чиқибди, аммо унинг на руҳи бордир, на унга ҳаж вожибдир.

– Нуҳ пайғамбарнинг кемасидир, – деб жавоб берди Боязид Бастoмий ҳазратлари.

Сўнгра Боязид Бастoмий ҳазратлари Бош роҳибга шундай деди:

– Эй роҳиб, бир қанча саволлар бердинг, биз уларга жавоб беришга уриндик. Ижозат берсангиз, менинг ҳам саволларим бор.

Бу саволларим шулар: Жаннатнинг калити қаерда? Жаннат дарвозасига нима деб ёзилган? Роҳиб жим бўлди, жавоб беришни истамади. Бошқа роҳибларнинг бунга жаҳли чиқди.

– Эй каттамиз, мағлуб бўлдингизми?  – деб сўрашди улар.

– Йўқ, мағлуб бўлишни истамайман, – деди Бош роҳиб.

– Бўлмаса, нега жавоб бермайсиз?  – деб сўради роҳиблар.

– Агар жавоб берсам, менинг жавобимга қўшиласизларми?  – деб сўради Бош роҳиб.

– Қўшиламиз, – дейишди роҳиблар.

– Бўлмаса, эшитинглар: жаннатнинг калити ва жаннат эшикларига ёзилган ёзув “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ” дир, – деди ва мусулмон бўлди.

Қолган роҳиблар ҳам бирга калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлишди. Боязид Бастoмий уларнинг ёнида бир муддат қолиб, исломиятни ўргатди.

(5-қисм тугади. Давоми бор)

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти талабаси
Комилжон Иззатуллоев

1 ТА ШАРҲ

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг