Сохта тариқатлар: шахсга таъсири ва психологик механизмлари

0
56

Тасаввуф  тарихи силлиқ кечмаган. У ўзининг йўлида хатоларни бошидан кечирди, нотўғри даъволар билан чиқилди, тўғри эътиқодга зид бўлган қарашлар ўз ифодасини топди. Шу нуқтаи назардан Шайх Саййид Абдулқодир Гийлоний ўзининг “Сиррул асрор” китобида тасаввуф аҳлини икки тоифага ажратади. У биринчи тоифага “суннийлар” деб, иккинчи тоифага эса “бидъатчилар” деб ном беради. Суннийлар ҳақида у шундай деб ёзади:”Бу тоифа сўзда, амалда, шариат ва унинг маъноси бўлган тариқатда тамоман қоимдир”[1]. Мазкур тоифадаги тариқат аҳли биринчи навбатда ақоиднинг тўғри қоидаларига тўлиқ амал қиладиган ва “шариатсиз тариқат бўлмайди” деган тамойилига амал қилган ҳолда унинг талабларини мукаммал бажарадиган кишилардир. Улар “аҳли суннат вал-жамоат” эътиқоди ичидадирлар.

“Бидъат аҳли” деб таърифланган иккинчи тоифадагилар эса ақоид ва шариат қоидаларидан бутунлай четга оғиб кетганлар бўлиб, улар турли-туман масалаларда суннийлар тутган амалларни инкор этадилар ва оқибатда бидъат аҳлидан бўлиб қоладилар. Бундай тоифа сирасига Шайх Саййид Абдулқодир Гийлоний қуйидаги “тариқат” йўналишларини киритади: ”ҳулулия, ҳолия, авлиёия, шамурония, ҳуббия, ҳурия, ибоҳия, мутақосима, мутажоҳила, воқифия, илҳомия”[2]. Қуйида уларнинг нотўғри жиҳатларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

  1. Ҳулулия тариқати таълимотидалар ким бўлишидан қатъий назар қизми у эркакми чиройли бадани ва гўзал чеҳрасига қараш ҳалол деб даъво қиладилар. Эркак ва аёллар маҳрами бўлмасада бирга бўлишлари мубоҳ деган эътиқодни тўғри деб ҳисоблайдилар. Бу албатта таълимотни тўғридан тўғри куфрга олиб борувчи йўлдир.
  2. Ҳолия. Бу тариқат аҳли сўфийда шундай бир ҳол борки, у шариат қоидаларидан устун туради, деган ғояни илгари суради. Улар ўша ҳолга кирган одам шариат қоидаларига бўйсинмаса бўлади, дейишади.
  3. Авлиёия. Уларнинг фикрига кўра, валийлик мақомига етган кишилардан диний ҳукмлар соқит бўлади. Валийлик пайғамбарликдан устун туради, чунки пайғамбарлар Жаброил (а.с.) воситасида илм олсалар, валийлар воситасиз илмга етишадилар, деган сохта эътиқодда бўлишади. Бу даъволар уларни тўғридан тўғри куфрга етаклайди.
  4. Шамурония. Буларнинг фикрига кўра, “суҳбат қадимдир ва суҳбат қилувчидан (шаръий) ҳукм ва тақиқлар масаласи кўтарилади”[3].
  5. Ҳуббия. Аллоҳ билан бандаси ўртасидаги муносабатлар муҳаббат даражасига етгандан сўнг диний (шаръий) ҳукмлар улардан соқит бўлади ва энди банда одоб сақламаса ҳам ёки аврат жойларини беркитиб юрмаса ҳам бўлади, деган ғоя илгари сурилади.
  6. Ҳурия. Булар рақс тушишни ва рақсда ҳушидан кетиб беҳуш ҳолларида ҳурлар билан қовушажагини даъво қиладилар. Шунинг учун улар рақсдан кейин ғусл қилиш лозим деб ҳисоблайдилар.
  7. Ибоҳия. Булар амру маъруф ва наҳй мункарни инкор қиладилар ва ҳалолни ҳаром деб иддао қиладилар. Шунингдек, аёллар билан бирга бўлишни мубоҳ деб ҳисоблашади.
  8. Мутақосима. Бу тоифа кишилари меҳнат қилиш шарт эмас деб ҳисоблайди ва уйма-уй кириб тиланчилик қилиш уларнинг дунё муҳаббатни тарк этганларига гувоҳ эмиш.
  9. Мутажоҳила. Булар фосиқ кишилар киядиган либосларни кийиш мумкин деб айтишади.
  10. Воқифия. Улар билим фақат Аллоҳга хос, бандаси маърифатга эриша олмайди дея илм йўлини банда учун шарт эмас қилиб қўяди.
  11. Илҳомия. Бу тоифа ҳам илм ўрганмайди ва илм ўрганмоқчи бўлган ёшларга таъқиқлар қўяди. Улар Қуръондан кўра шоиру донишлар сўзларини афзал кўрадилар. Улар ҳаддан ошиб, ҳатто “Қуръон бизга пардадир, тариқатнинг Қуръони шеърдир” деган фикрни айтишади ва Қуръонни тарк этишадилар. Бу билан улар ўзларига дўзахни нақд қилиб қўйишадилар.

Юқорида номлари зикр қилинган ботил тариқатлар Шайх Саййид Абдулқодир Гийлоний давридаги тариқатлар ҳисобланади. Ундан кейин ҳам бир қанча ботил тариқатлар пайдо бўлди ва уларнинг барчаси аҳли суннат вал жамоат эътиқоди бўйича кескин танқид остига олинди. Нотўғри бўлганлиги боис уларнинг аксарияти тарих саҳнасидан тушиб қолишди. Бироқ Нақшбандия тариқати бугунги кунда ҳам яшамоқда ва инсонларга маънавий озуқа бермоқда.

Нақшбандия тариқати бутун дунёга тарқалди ва кўплаб мамлакатларда ҳали ҳамон яшамоқда. Бугунги кунга келиб ҳам бу буюк тасаввуфий таълимотнинг халқлар ичидаги тарбиявий таъсири давом этмоқда.  Бироқ сўнгги пайтларда нақшбандия тариқатини бузиб талқин қиладиган сохта тариқатлар пайдо бўлмоқдаки, улар тариқатнинг обрўсига соя солмоқда. Уларнинг таълимотида баъзи тариқатчилар маълум мақомга етгандан кейин шариат талаблари соқит бўлади, узлатда яшаганлари боис уларнинг турли-туман ижтимоий мажбуриятларни бажариши шарт эмас, анъанавий ислом  тамойилларини инкор этиш сингари ҳолатлар учрайди. Сохта шайхлар, илмсиз, ақалли шариатнинг оддийгина талабларини билмайдиган жоҳил кишилар тасаввуфнинг асл мақсадларини тушунмаган сохта пирлар бугунги кунда пайдо бўлмоқдаки, улардан бирлари ўзларига маърифатчилар деб ном берганлар. Маърифатчиларнинг Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида ва Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида пайдо бўлганлиги кузатилади. Мазкур жамоанинг ақидаси тўғрисида А.Туленов шундай деб ёзади:”Маърифатчилар” Қуръон оятлари ва номозни ўзбек тилида ўқиб, араб тилида ўқиганларни мусулмон эмас, деб ҳисоблайди, наша чекишни тақиқламайди. Жамоа ақидасига кўра: а) исталган вақтда икки ракат номоз ўқийди, солиҳ амаллар намоз ҳисобига ўтади, б) ароқ ичишни ҳаром ҳисобламайди, в) фақат Маккадаги “Масжидул Ҳаром”да намоз ўқиш керак, бошқа масжидларда ўқиш мумкин эмас, г) жума намози фақат Макка аҳлига фарз этилган, д) маййитни кафанлаш ва “жаноза” ўқиш исломда йўқ амаллар, деб ҳисоблайди”[4].

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги маърифатчилар ўзларини “девоналар” деб аташадилар ва уларнинг бирламчи диний саводи ҳам йўқ. Улар тарки дунё қилишни, ҳеч қаерда ишламасликни,  ризқни Аллоҳ бергандан кейин оила таъминоти учун меҳнат қилиш лозим эмаслигини тарғиб қиладилар. Бу таълимот оилани боқишдан бўйин товлаганлар ва дангасаларга айниқса маъқул келади. Улар оилаларининг таъминотини бутунлай ташлаб қўйган ва ўзларининг қорнини турли-туман издиҳомларда тўйдириб юришади. Мазкур таълимот Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг “Дил ба ёр-у, даст ба кор” шиорига мутлақо тўғри келмайди. Ислом динимизнинг асосий талабларини  ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг суннатини инкор қилган бундай таълимотнинг умри қисқа бўлади.

Улардан айримлари Аллоҳнинг суйган бандаларидан ибодат соқит бўлади, деган сохта иддао билан чиқишади. Бу албатта жуда хатарли йўл. Замонавий тариқатчиларнинг бундай хатти-ҳаракатларига нисбатан Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавий ҳазратлари шундай деб ўз муносабатини билдирган:”Аллоҳни севган бандалардан (Аллоҳнинг ошиқларидан) ибодат соқит бўлади”. Бу хусус билан боғлиқ ояти жалила ушбудир:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

“Айтинг, (Эй ҳабибим!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга (яъни Расулуллоҳга) эргашингизлар. Шунда Аллоҳ сизларни севгайдир. Аллоҳ (жуда) мағфиратли ва беҳад меҳрибондир” (“Оли имрон” сураси (3), 31-оят). Агар бирор кишидан ибодат соқит бўлса, Иброҳим (а.с.) – Халилуллоҳдан соқит бўлар эди. У зот намоз ўқиётганларида Аллоҳнинг ҳайбатидан қалбидаги титроқлар бир миллик масофадан эшитилар эди”[5].

Кўриниб турибдики, тариқат номи билан иш юритаётганлар анъанавий ислом ақидаларини инкор этган ҳолда халқнинг бошини айлантириши, уларни гуноҳ ишларга бошлаши ақл бовар қилмайдиган ҳолатдир. Очиғини айтиш лозимки, мазкур тариқат таълимотларини илгари суриб, халқни ботил ишларга бошлаётганлар аслида шариат илмидан мутлақо бехабар, биздан олдин ўтган улуғларимизнинг буюк асарларни ўқиб кўрмаган кишилардир.

Ҳ.Йўлдошхўжаев ўзининг «Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари» рисоласида нурсафардия деб аталган сохта тариқатчилик таълимоти тўғрисида ёзади. Бунда Жиззах вилоятида яшайдиган ва ўз таълимотини тариқатнинг янги кўриниши деб ҳисоблайдиган Сафар Кушаровнинг тариқат йўли назарда тутилаяпти. У ўзининг «Мукаммаллик сари ўн тўрт қадам» китобида Қуръоннинг ҳарфлар билан бошланадиган сураларидаги ҳарфларни тафсир қилишга уриниши ҳақида ёзади. Бу албатта жоҳилликнинг бир кўринишидир. Бу ҳақда олим шундай деб ёзади: “…ислом илмларидан тўлиқ хабардор бўлмаган шахслар ўтмишдаги улуғ уламолар ва ҳатто Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) қўл урмаган ишни бошлаб, Қуръон оятларини ҳеч ким билмаган тарзда тафсир қиламиз, деб чиқса. Улар бу оятларни қандай тафсир қилади-ю, уламолар ва бошқа мусулмонлар буни қандай қабул қиладилар? Бундан янги ихтилоф (фирқаланиш) юзага келмасмикин!?”[6].  Пирман деганнинг ўзи ислом илмидан бехабар бўлса, унинг ортидан эргашганлар унданда саводсиз бўлсалар, бу ҳолат нима билан якун топишини тасаввур қилиш мумкин. Атрофга жаҳолат тарқалади ва халқимиз маънавиятига салбий таъсир кўрсатади.

Қуйида сохта диний таълимотларнинг инсон онгига сингдирилишининг психологик механизмларига тўхталиб ўтамиз.

Танлаш эркинлиги ва мажбурлаш, англанганлик ва ҳатти-ҳаракатларнинг автоматизми, индивидуаллик ва шахссизланиш. Бир қараганда бу тушунчалар оддий фалсафий зиддий категорияларга ўхшаб туюлади. Бироқ бугунги кундаги маълум сохта диний таълимотларнинг одамлар шахсини манипуляция қилиши ва уларнинг хулқ-атворини яширин ҳолда бошқариш усулларининг ривожланаётганлиги юқорида зикр қилинган фалсафий тушунчаларга ўзгача маънолар юклайди.

Дарҳақиқат, ботил диний фирқалар ўз сохта таълимотларини одамлар онгига сингдиришнинг ва уларнинг шахсини тубдан ўзгартириб юборишнинг мукаммал тизимини ишлаб чиққанларки, оқибатда мазкур таълимотлар (масалан, ваҳҳобийлик, хизбут- таҳрир, ИШИД ва ҳ.) дунё миқёсида жуда катта миқдорда ўз тарафдорларига эга.

Ғайридиний ташкилотлар вакиллари тамонидан шахс онгини манипуляция қилиниши масаласининг ўта долзарблиги аён бўлмоқда. Чунки бу масаланинг замирида  маълум ғайридиний ташкилот ёки гуруҳнинг ўз манфаатлари йўлида ўзгалар фикри, ҳислари, хатти-ҳаракатларининг умумий назорат  қилиниши ва бошқарилиши ётади. Инсон онгининг манипуляцияси ҳақида Е.Л.Доценконинг фикри қуйидагича:  манипуляция – ўзганинг маълум бир ҳаракатларни амалга оширишга  яширинча  ундаши ёрдамида  бир томонлама ютуққа эришиш  учун қўлланиладиган психологик  таъсирнинг  объекти унинг субъекти томонидан ўз шахсий мақсадларини амалга ошириш ёки уларга эришиш воситаси сифатида қабул қилинади. Манипулятив таъсирнинг оқибатида инсон маънавий  таназзулга  учрайди, шахснинг яхлитлигига путур етади, нормал қадриятлар тизими инқирозга юз тутади.

“Большой психологический словарь”да манипуляция ҳақида қуйидагича ёзилади: Манипуляция бу ”таъсир объектининг маълум мотивацион ҳолатларини (шу билан бирга ҳис-туйғуларини, аттитюдларини, стереотипларини)  фаоллаштиришга олиб келадиган, уни фаолият субъекти томонидан исталган, унинг учун фойдали бўлган хатти-ҳаракатга ундовчи коммуникатив таъсирдир; бунда фаолият объекти учун албатта фойдасиз бўлишлиги инобатга олинади”.[7]

Одамлар ўртасидаги мулоқот жараёнида кузатиладиган таъсирга манипулятив таъсир дейилади ва бунда бир томон ўзининг фойдасини кўзлаб бошқасининг зарарига бўлсада ўз айтганини қилдиради. Энди бу таъсир диний нуқтаи назардан бўлишлиги масаланинг мавқеини ошириб юборади.

Одамларнинг, айниқса, ёшларнинг манипулятив таъсирга  берилишида бир қанча сабаблар бор.  Шундай сабаблардан бири – бугунги кунда Ғарб олимлари томонидан тушунтирилаётган “экзистенциал бўшлиқ”.  Экзистенциал бўшлиқ деганда одамларнинг ҳаётдан маъно – мазмун тополмаслиги, уларнинг аҳлоқий ва ижтимоий қадриятларини йўқотганлиги, эртанги кунга умидсизлик, одамлар ичида ёлғизланиш ҳолати тушунилади.

Яна бир сабаблардан бири мафкуравий ёки ғоявий бўшлиқнинг мавжудлиги. Бундай бўшлиқ одамларимизда коммунистик ғоянинг парчаланиши ва илмий атеизмнинг инқирози натижасида пайдо бўлди. Бугунги куннинг энг долзарб масаласи одамларимиз онгидаги “ғоявий бўшлиқни” йўқотиб, уни “миллий истиқлол ғояси” билан тўлдириш. Биз агар шу вазифани амалга ошира билсак, ёшларимизни турли-туман  ғайридиний оқимларнинг манипулятив таъсирларидан сақлаб қолган бўлар эдик.

Шу билан бирга, турли ғайридиний таълимотлар одамларга улардаги руҳий–маънавий муаммоларини ҳал этишнинг энг содда, аниқ, ўйлаб бошини қотириши шарт бўлмаган ва масъулиятини ҳам бўйнига олмайдиган йўлларини таклиф этадилар. Аксинча, шахсий фикр, масъулият ҳақида мулоҳаза юритиш бундай ботил диний фирқаларда энг исталмаган ҳолат ҳисобланади. Шахсий фикр билдириш ва масъулиятни бўйнига олиш ғайридиний ташкилотларнинг сардорларигагина хос сифат ҳисобланар эмиш.

Манипулятив таъсир тўғри диний таълимот заифлашган, жаҳолат ва бидъат кучайган ёхуд тўғри диний таълимотни чуқур билувчи олимларнинг йўқлиги муҳитида ҳам самарали кечади. Чунки сохта диний таълимотга ҳақиқий диний таълимотни асосли ҳолда қарши қўя оладиган, маълумотларни халқ орасида тарқатадиган олимлар манипулятив таъсирни кучсизлантиради. Шу маънода мамлакатимизда Мотурудия таълимотининг ривожига кенг йўл очиб берилиши, диний масаладаги сиёсатимизнинг тўғри йўлга қўйилиши диний масаладаги сиёсатимизнинг тўғри олиб борилаётганлигидан далолат бериб турибди.

Қуйида ботил диний фирқаларда шахс онгини манипуляция қилишнинг баъзи механизмларига тўхталиб ўтамиз.

Одатда фирқага аъзо бўлган одам фирқанинг мафкурасига илгарилари қарши бўлган бўлсада, жуда қисқа муддат ичида ўша диний таълимотнинг ашаддий тарафдорига айланиб қолади. Бу ботил диний фирқа вакиллари томонидан қандай қилиб амалга оширилади? Шахснинг бундай кескин ва чуқур ресоциализацияси фавқулодда гуруҳий босимнинг, шахсининг ўта комформлилигининг ва шахс онгининг доимий назорат қилинишлигининг маҳсули бўлиши мумкин. Шахс онгининг назорати эса, ўз ўрнида хатти-ҳаракатлар, маълумотлар, тафаккур ва эмоциялар назорати орқали амалга оширилади. Қуйида шу назорат турларига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Хатти-ҳаракатлар назорати биринчи навбатда одамнинг индивидуал физик воқеълигини бошқариш (ким билан яшашлиги қатъий аниқлаштирилади, қандай кийим кийиш, қандай овқат ейиш, қанча ухлаш ва ҳ.) ни, кейин эса одамни вақт жиҳатдан бўш қўймаслик (одам қатъий вақт жадвалига риоя қилади, иложи борича, у жисмоний ва ҳиссий жиҳатдан доимий фаолиятда бўлади, токи мустақил фикрлаш учун унда вақт қолмасин) ни ва ниҳоят фирқа талабларига доимий бўйсуниш ҳамда уларга боғлиқ ҳолда яшаш (рағбатлантириш ва жазолаш тизими, озодликдан маҳрум қилиш, доимий кузатиш ёки назоратда ушлаш учун “устоз” га боғлаб қўйиш, фирқа таълимотига зид бўлган иш ва фикрларни раҳбарга етказиш) ни ўз ичига қамраб олади.

Маълумотлар  назорати фирқа аъзоларига ёлғон – яшиқларни айтиш, фирқа таълимотига зид бўлган таълимотни яшириш, фирқа таълимотини тарғиб қиладиган информацион манбаларни яратиш билан амалга оширилади.

Тафаккурнинг назорати деганда гуруҳ нормаларининг ҳақиқат сифатида мажбурий қабул қилдирилиши, фирқа таълимотига мос фикрларнинг рағбатлантирилиши, фирқа раҳбари ёки унинг қарашлари ҳақида салбий ва танқидий фикрларнинг бўлмаслиги назарда тутилади.

Ҳиссиётлар назорати ўзида шахс ҳис–туйғулари торайтирилишини, айбдорлик ва уят туйғуларининг ишлаб чиқилганлигини, ўз айб ва нуқсонлари, хатоларини одатда ҳамманинг олдида тан олинишлигини, доимий қўрқувда ушлаб турилишлигини ўзида мужассам этади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ботил диний фирқаларидан ўз аъзоларини доимий ҳолда таълимоти ва назорати доирасида ушлаб туриш тизими ишлаб чиқилган. Бу тизимни йўқ қилишнинг йўли битта – у ҳам бўлса унга қарши тура оладиган ва уни синдира оладиган аксий тизимни дунёга келтириш. Фақат бу аксий тизим мажбурлашга эмас, танлаш эркинлигига; ҳаракатлар автоматизмига эмас, англашга;  шахсни шахссизлантиришга эмас, балки шахсдаги индивидуалликни шакллантиришга қаратилган тизим бўлмоғи даркор.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: “Маънавият”,   – 173 б.
  2. Большой психологический словарь/ Сост. И общ. Ред. Б.Мещеряков, В.Зинченко. – СМб. Прайн – ЕВРОЗНАК, 2004. – 672 с.
  3. Йўлдошхўжаев Ҳ. Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари. Т.:“Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2010. – 78 бет.
  4. Тулепов Айдарбек. Ислом ва ақидапараст оқимлар. Тўлдирилган нашр. / Масъул муҳаррир Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: “Мовароуннаҳр”, 2017. – 536 б.
  5. Шайх Саййид Абдулқодир Гийлоний. “Сиррул-асрор”, “Мактубот”/ Таржимон, сўзбоши ва луғат-изоҳлар муаллифи Отабек Жўрабоев. – Т.: “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2005 йил. – 226 бет.

[1] Шайх Саййид Абдулқодир Гийлоний. “Сиррул-асрор”, “Мактубот”/ Таржимон, сўзбоши ва луғат-изоҳлар муаллифи Отабек Жўрабоев. – Т.: “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2005 йил. – 226 бет. – 45-бет.
[2] Ўша асар, 45-46-бетлар.
[3] Ўша асар, 46-бет.
[4] Тулепов Айдарбек. Ислом ва ақидапараст оқимлар. Тўлдирилган нашр. / Масъул муҳаррир Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: “Мовароуннаҳр”, 2017. – 536 б. – 422-бет. 
[5] Аҳмад Зиёуддин ал – Кумушхонавий.  Жомеъ ул-мутун. – Т.:”Моварауннаҳр”,  2000. – 313 б. – 82-бет.
[6] Йўлдошхўжаев Ҳ. Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари.Т.:“Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2010. – 78 бет.
[7] Большой психологический словарь/ Сост. И общ. Ред. Б.Мещеряков, В.Зинченко. – СМб. Прайн – ЕВРОЗНАК, 2004.  – 672 с. – 274-бет.

Психология  фанлари номзоди, доцент,
ОЎМТВ ҳузуридаги Бош илмий-методик маркази бўлим бошлиғи,
ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Хўжагелди Алимов

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг