Қуръони карим оятларида толиби илмнинг устозига бўлган одоби

0
46

Замонамизнинг етук муҳаддиси шайх Муҳаммад Аввома ҳазратларининг “Маъалим иршадийя лисинаъати толиби илм” китобларини мутолаа қилиш чоғида кўплаб муҳим мавзуларни учратдим. Улардан бирини сиз азизлар эътиборига ҳавола қилмоқчиман.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасининг 66-оятида Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссаломга кўрсатган етук одобини ҳикоя қилиб шундай деб марҳамат қилади: “Мусо унга “Сенга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғинг учун сенга эргашсам майлими?”-деди”

Имом Розий ўзларининг “Аҳком ал-Қуръон” тафсирларида “Билингки! Бу ояти карима Мусо алайҳиссалом Ҳизр алайҳиссаломдан илм олиш учун кўплаб лутфу-одобга риоя қилганларига далолат қилади”-дейдилар. Улардан баъзиларини келтириб ўтамиз.

  • “…сенга эргашса майлими?”-деб, ўзларини у кишига тобе қиляптилар.
  • “эргашсам майлими?”-деб, эргашишга изн сўраяптилар.
  • “сенга ўргатилган рушддан менга ўргатмоғинг…” деб, устозларини илмли, ўзларини эса, илмсиз деб ҳисоблаяптилар.
  • “рушддан” деб, барча илмини ўргатишини сўрамаяптилар ,балки, баъзисини сўраяптилар.
  • “ўргатилган”- деб, илмни Аллоҳ таолодан берилганини эътироф қиляптилар.
  • Тобелик бошқани ишини такрорлашдир. “Ҳеч қандай эътирозсиз бўйсунаман”, демоқдалар.
  • “эргашсам”-деб, барча ишларингизда демоқдалар.
  • Мусо алайҳиссалом Бани Исроилнинг катта пайғамбарларидан, Таврот соҳиби, Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашган, кўплаб мўъжизалар берилган зотдирлар. Шу билан бирга тавозуъни маҳкам тутиб илм олишга бел боғладилар.
  • Илм олишдан аввал эргашишни айтяптилар. Яъни: “Аввал хизматингиздаман кейин илм оламан”-демоқдалар.
  • Мусо алайҳиссалом бу ишларидан бирон бир дунёвий мақсадни кўзламаяптилар.

Хулоса қилиб айтганда, одоб барча ишни калитидир. Шунинг учун ҳам, “Ким қайси даражага етган бўлса, чиройли одоб билан етибди, ким бирор даражадан тушган бўлса, одобсизлик билан тушибди” -деб бежиз айтилмаган. Ҳа! Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратларига сув тайёрлаб, “Аллоҳим унга таъвилни билдир”-деб дуо олдилар ва Қуръон таржимони бўлдилар. Шайтон алайҳи лаъна эса, такаббурлик қилиб малъун бўлди.

Ҳозирги кунда, жамиятимиз ривожида, униб келаётган ёш авлоднинг таълим жараёнига катта эътибор қаратиляпти. Шу билан бирга уларнинг одоб-ахлоқи, тарбиясига ҳам бепарволик қилмаслик мақсадга мувофиқ бўлади.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Абдулазиз Аҳмаджонов

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг