Асаба ҳақида нима биласиз?

0
263

Фиқҳнинг никоҳ, ҳазонат- ёш болани қармоғига олиш, нафақа ва мерос каби бир неча бўлимларида “Асабалар” деган атамага кўп йўлиқамиз. Баъзи ўринларда қисқача таъриф ва изоҳ берилади. Лекин, мусаннифлар китобнинг мақсадига тўғри келмагани боис қисқа изоҳлар билан кифояланишади.

Асаба атамаси фиқҳ матнларида катта аҳамиятга эга истилоҳ бўлиб у билан батафсил танишиб чиққанимиз маъқул.

Асаба – арабча “عَصْبٌ”– қаттиқ тўқима маъносидаги сўздан олинган бўлиб “ўраб туриш” маъносини ҳам беради. Ўзбек тилига термин – атама бўлиб кирган “асаба” сўзи “ота томондан қариндош” деган маънони англатади.

Луғавий маъноси билан истилоҳий маъносида ўртасидаги боғлиқликни уламолар қизиқ изоҳлайдилар: “Асб калимасида ўраб олиш маъноси бордир. Шу маънода “Аъсаба ал-аъмамата” яъни “салла ўради” деган ибора ҳам бор. Ака-укалар, опа-сингиллар, амакилар ҳам гўё кишини атрофдан ўраб олади, мана шу жиҳатни эътиборга олиб уларни “Асаба дейилади”[i].

Фиқҳий таърифига икки хил ёндашилган, биринчи ёндашув моҳияти эътиборидан:

Асабалар – ўзаро насабий боғланишларида орага аёл қўшилмаган қариндошлардир.[ii]

Иккинчи ёндашув, ҳукми эътиборидан:

Асабалар – қолдирилган меросдан маълум улуш белгиланмай, ҳақ эгаларидан қолган молни ёки бирорта ҳам муайян улуш эгаси бўлмаганда барча молни мерос қилиб оладиган кишилардир.[iii]

Асабалар уч хил:

  • Бинафсиҳи асаба – маййитга насаби боғланишида бирор аёл аралашмаган эркакдир.
  • Биғойриҳи асаба – ўғил билан бирга қолган қизлар ёки ўғил набираси билан қолган қиз набиралари.
  • Маъғойриҳи асаба – кишининг опалари бўлиб, бу икки кўринишда юзага келади:
    1. Қизлари билан бирга қолдирган опалари.
    2. Қиз набиралари билан қолдирган опалари.

Бинафсиҳи асабага ўғил, ота, бобо, амаки, набира кабилар киради. Бу тур асабаларнинг кишига нисбатан қаробат-қариндошлигида тўртта даража бўлиб:

Биринчи даражадакишининг ўз жузълари[iv] туради, яъни ўғли, ўғил набираси, гарчи пастга қараб кетса ҳам.

Иккинчи даражадакишининг асли – яъни отаси, бобоси гарчи тепага қараб кетса ҳам.

Учинчи даражада: киши отасининг жузъи туради – яъни ака-укалари.

Тўртинчи даражадакиши бобосининг жузълари туради – яъни кишининг амакилари. Булардан кейинги ўринда отасининг амакиси туради.

Эътибор беринг: Мерос тақсим қилишда, нафақани лозим қилишда юқоридаги даражаларга қараб кишига ҳукм чиқарилади. Агар энг яқини бўлса биринчи унга ҳукм қилинади. Агар энг яқини йўқ бўлиб ундан кейинги асаба бўлса ҳукм иккинчига чиқарилади. Шу тахлит давом этаверади, энг яқин-энг яқин шаклида!

“Асабалик” риштаси боғланиши учун қуйидаги тўртта ишдан бири бўлиши керак бўлади:

  • Оталик,
  • Болалик
  • Ака-укалик,
  • Амакилик.

“Роддул мухтор” китоби асосида
3-курс талабаси Салоҳиддин Қурбонов тайёрлади.

[i] Лисонул аъраб, Ибн Обидин Ҳошияси 5 – жилд, 492-бет.
[ii] Ал-важиз.
[iii] Ибн Обидин Ҳошияси, Ниҳаятул Муҳтож 6 жилд, 23-бет.
[iv] Бевосита ўзидан тарқаган яқинлари.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг