Беш хил кишини дўст тутма

0
723

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу баъзи кечаларда ёр-дўстларидан бирортасини эслаб, хотирларди ва ўзига-ўзи “Бунча узун бўлмаса бу тун?!” дер эди. Тонг отгач, бомдод намозини ўқиши билан ўша дўстининг олдига кетар, учрашишганда эса уни бағрига босиб кўришарди. Ушбу хабарни имом Аҳмад ва ибн Абид-дунёлар ривоят қилишган.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг нуқул битта кийимни ҳадеб киявериши одамларни ажаблантирди ва у кишига бу ҳақда гапиришди. Шунда У: “Менга буни халилим ва сафиййим (чин дўстим) Умар ибн Хаттоб кийғазган эди”, деди. Али розияллоҳу анҳу ўғли Ҳасанга: “Эй ўғлим, ҳақиқий ғариб бу – дўсти йўқ кишидир”, дер эди.

Муҳаммад бин Холид ҳикоя қилади: “Бир куни Абу Сулаймон Доронийга: “Бир одам Африкада яна бириси Самарқандда яшайди. Яна улар бир-бирларига дўст бўлишади (шу мумкинми)?”, дедим. “Ҳа, албатта, (мумкин)!”, деди у. “Қандай қилиб?” дедим мен. Жавоб берди: “Уларнинг ҳар бирининг нияти агар дўстим билан кўришиш насиб қилса, албатта унинг кўнглини оламан (дўстлик қиламан), деган нарса бўлади. Модомики, нияти шундай экан, албатта у унинг дўстидир”, дедилар”.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Дўстларимиз бизларга оила аҳлимиздан-да маҳбуброқдирлар. Зеро, улар бизга охиратни эслатишади, оила аҳлимиз эса дунёни эслатишади”.

Саид ибн Мусайяб дедилар: “Чин дўстларни лозим тутки, уларнинг соясида яшайсан. Улар фароғатда зийнат, мусибатда эса қувватдирлар”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дўстлари билан учрашиб қолсалар: “Сизлар маҳзунлигим давосидирсиз!”, дер эдилар.

Бир киши Муҳаммад ибн Восеъга “мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман” деди. Шунда у киши “Мени ким учун яхши кўрган бўлсанг, У зот ҳам сени яхши кўрсин!” дедилар. Сўнгра юзларини буриб: “Эй бори Худоё, Сен мени ёмон кўрганинг ҳолда биров мени Сен учун яхши кўришидан паноҳ беришингни сўрайман” дея, оҳиста Аллоҳга дуо қилдилар.

Жаъфари Содиқ розияллоҳу анҳу дўст танлаш борасида бир кишига шундай ўгит бердилар: “Беш хил кишини дўст тутма: “Ёлғончини дўст тутма. Модомики, у билан экансан, алданишда бўласан. У сароб кабидир, узоқни яқин, яқинни эса узоқ қилиб кўрсатади. Аҳмоқни дўст тутма. Зеро, у билан ҳеч нарсага эришмайсан. Сенга фойда келтираман деб зиён етказиб қўяди. Бахилни дўст тутма. Чунки, бахил киши сен унга энг кўп муҳтож бўлиб турган пайтингда алоқани узади. Қўрқоқ билан ҳам дўст бўлма. Чунки, у қийинчилик ва синов пайтида сени ташлаб қочади. Фосиқ билан ҳам дўстлашма. Зеро, у бир луқма таом учун ёки ундан ҳам оз нарса учун сени сотади”. Шу ўринда у кишидан: “Ундан ҳам ози нима бўлиши мумкин?!” деб сўрашди. “Ундан ҳам ози ўша нарсага нисбатан пайдо бўлган тама ва илинждир”, дедилар Жаъфари Содиқ.

Маймун ибн Меҳрон айтадилар: “Дўстлиги сенга манфаат келтирмаган кишининг душманлиги ҳам зарар бермайди”.

Исо алайҳиссалом ҳаворийларга юзланиб, шундай дедилар: “Дўстингиз уйқудалигида унинг либосини шамол очиб юборган бўлса, нима қиласизлар?”. “Устини ёпиб қўямиз” дейишди. “Йўқ, ундай қилмайсиз, балки, авратини очиб юборасизлар!” дедилар Исо алайҳиссалом. Ҳаворийлар: “Субҳаналлоҳ! Ким шундай қиларкин?!” дея ҳайратланишди. Исо алайҳиссалом уларга: “Ахир, бирортангиз ўз дўсти ҳақида бирор ёмон гап эшитса, уни бўрттириб, ундан ҳам баттарроқ шаклда тарқатадику!”, дедилар.

Зуннун мисрий айтадилар: “Сени фақат (хато-камчиликлардан) маъсум ҳолатда кўришни истайдиган кимсанинг дўстлигида хайр йўқ”.

“Кимки, дўстидан аччиқланган пайтда унинг сирини ёядиган бўлса у кимса пасткашдир. Зеро, бировдан рози бўлиб турган пайтда унинг сирини сақлаш бу ҳамма соғлом табиатли инсонлар қиладиган ишдир (яъни бунинг учун алоҳида дўст бўлиши шарт эмас. Дўст ҳар қандай ҳолатда дўстининг сирини очмаслиги керак, дейилмоқчи)”.

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев

Манба

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг