Назрнинг шариатга киритилиши ва унга доир ҳукмлар

0
72

Халқимиз орасида “агар фарзанд кўрсам, Аллоҳ учун фақирларга фалон нарсани садақа қиламан”, “агар ўқишга кирсам Аллоҳ учун фалон кун рўза тутиб бераман” деган гаплар билан назр қилиш кенг тарқалган. Назр қилувчилар одатда адо этиладиган ибодатларни келажакда бўлишини истаган бирор муҳим нарсага боғлаб назр қиладилар.

Назр қадимий ибодатдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Оли Имрон сурасининг 35-оятида Марямнинг оналаридан, ҳомиласини Аллоҳга назр қилганликларини зикр қилган:

إِذْ قَالَتِ امْرَأَةُ عِمْرَانَ رَبِّ إِنِّي نَذَرْتُ لَكَ مَا فِي بَطْنِي مُحَرَّراً فَتَقَبَّلْ مِنِّي إِنَّكَ أَنتَ السَّمِيعُ الْعَلِيم

“Имроннинг хотини: “Эй Роббим! Албатта, мен қорнимдагини Ўзингга холис назр қилдим. Бас, мендан қабул эт. Албатта Сенинг Ўзинг эшитгувчи, билгувчи зотсан”, деганини эсла!”

Жоҳилият даврида назр. Аллоҳ таоло Қуръони каримда жоҳилият аҳлининг ўзлари илоҳ тутиб олган олиҳаларига, улар мушрикларни Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилишларини сўраб турли назрлар қилганларини зикр қилган. Жумладан, Анъом сурасининг 136-оятида:

وَجَعَلُواْ لِلّهِ مِمِّا ذَرَأَ مِنَ الْحَرْثِ وَالأَنْعَامِ نَصِيباً فَقَالُواْ هَـذَا لِلّهِ بِزَعْمِهِمْ وَهَـذَا لِشُرَكَآئِنَا فَمَا كَانَ

 لِشُرَكَآئِهِمْ فَلاَ يَصِلُ إِلَى اللّهِ وَمَا كَانَ لِلّهِ فَهُوَ يَصِلُ إِلَى شُرَكَآئِهِمْ سَاء مَا يَحْكُمُون

“Аллоҳга Унинг Ўзи яратган экинлар ва чорвалардан насиба ажратдилар ва ўзларича: “Бу Аллоҳга, бу эса, бутларимизга”, – дедилар. Бас, бутларига бўлган нарса Аллоҳга етмас. Аллоҳга бўлган нарса эса, бутларига етадир. Чиқарган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?!” дейилган.

Ислом динида машруъ қилинганлиги. Назр Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан машруъ бўлган.

‏ وَمَا أَنفَقْتُم مِّن نَّفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُم مِّن نَّذْرٍ فَإِنَّ اللّهَ يَعْلَمُهُ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنصَار

“Қилган нафақангизни ёки назрингизни Аллоҳ, албатта, биладир. Золимларга ёрдамчилар йўқдир.”

Қасам ва назрлар луғавий ва фиқҳий жиҳатдан, ақд (шартнома), шижоат, режа тузиш маъноларини қамраб олади. Чунки қасам, онт ичувчи киши бир ишни қилиш ёки уни тарк этишни қасд қилиб ўз хоҳиши билан ақд боғлашидир.

Назр эса, назр қилувчининг  муайян  нарсани амалга оширишга эришишни қасд қилиб, бирор ишни ўз зиммасига вожиб қилишидир.

“Назр” сўзи луғатда яхшилик ёки ёмонлик ваъда қилиниши англатади. Унда огоҳлантириш маъноси бордир. Яъни, бир одам бирор ишни қилишини, албатта, лозимлигини ўзига огоҳлантириш учун назр қилади.

Шариат истилоҳида эса, аслида шариат бўйича лозим бўлмаган, қурбат ҳосил қиладиган ишни ўша маънони англатувчи лафзила ўзига лозим қилиб олишни “назр” деб аталади.

Ҳанафий уламолар наздида, назрнинг рукни назрга далолат қилувчи сийға, яъни сўздир. Масалан, кишининг “Аллоҳ учун зиммамда фалон иш бор”, “Зиммамда фалон иш бор”, “Зиммамда назр бор”, “Бу ҳадийдир”, “Бу садақадир”, “Молим садақадир” ва бошқа шу каби лафзларни айтиши назрдир.

Назр қилувчига оид шартлар: Оқиллик ва балоғатга етганлик, мусулмонлик. Мажнун ва ёш боланинг назри боғланмайди. Чунки, уларга шариат аҳкомларидан бирор ҳукм таклиф этилмайди. Бундан ташқари, улар илтизом-яъни, ўз зиммасига бир ишни вожиб қилиш аҳлидан эмаслар.

Назр қилинган нарсага оид шартлар. Улар қуйидагилар:

-Назр қилинган ишнинг шариатда мавжудлиги тасаввур қилиниши.

-Назр қилинган иш қурбат, яъни намоз, рўза, ҳаж қилиш, садақа бериш каби ибодат бўлиши лозим.

-Мақсуда ибодат бўлишлиги. Яъни, назр касал кўриш,  жанозаларни кузатиш, таҳорат, майитни кафанлаш, майитни ювиш, масжидга кириш, мусъҳафни ушлаш, азон айтиш, меҳрибонлик ва болалар уйи ҳамда масжидлар қуриш, Аллоҳга қурбат ишлардан бўлгани билан, одатда мақсуда ибодатлардан эмас.

-Назр қилинган мол-мулк назр қилиш вақтида, назр қилувчининг мулки бўлиши лозим.

Назр қилинган нарса фарз ёки вожиб амал бўлмаслиги лозим.

Назрнинг ҳукми. Ҳанафий уламолар наздида назр қилиш мандуб амал ҳисобланади. Назр қилгандан кейин эса унга вафо қилиш вожибга айланади.

Назр, у билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилинадиган ибодатлардан бирига бўлса, тўғри бўлади ва боғланади. Унга вафо қилиш вожиб бўлади. Агар Аллоҳ таолога маъсият бўладиган ишларга назр қилинса, тўғри бўлмайди, назр боғланмайди. Бунга қабрларга назр қилишлик мисол бўлади. Шунингдек, маст қилувчи ичимлик ичишни, намозни тарк этишни, ота онасига озор беришни назр қилса, ҳам боғланмайди.

Назр шартлари ва боғланган нарсалари билан тўғри бўлганда ва назрга боғланган иш Аллоҳнинг изни билан рўёбга чиққанда, ҳар бир мусулмонинг онгига “назр тақдирни ўзгартириши мумкин” деган фикр келиб қолмаслик керак. Аллоҳ таоло қадарни битиб бўлган. Ибн Аробий айтганларидек, назр ҳам дуога ўхшайди. Шунинг учун у қадарни қайтармайди. Аммо назр ҳам дуо каби қадардандир.

4-курс талабаси
Х.Акбарова

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг