Аббосийларнинг биринчи халифаси Абул Аббос Абдуллоҳ Ас-Саффоҳ

0
118

Умумий маълумотлар:

Куняси: Абул Аббос.

Лақаби: Саффоҳ[1]

Исми: Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Ал-Аббос ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим.

Халифалик қилган даври: 4 йил бўлиб, ҳижрий 132-136, милодий 750-754 йиллар.

Шахсий маълумотлар:

Яшаган йиллари: Ҳижрий 104-106, милодий 721-754 йиллар.

Туғилган жойи: Уммавийлар давлатидаги Хамийма деган жой.

Вафот топган жойи: Ал-Анбар Аббосийлар давлатида.

Вафот этиши сабаби: Сувчечак касаллиги сабабли.

Аёли: Умму Салама Ал-махзумий.

Фарзандлари:  Ўғли Муҳаммад ва  қизи Ройта.

Онаси: Ройта бинти Убайдуллоҳ ал-Ҳарития.

Отаси: Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Ал-Аббос абу Жаъфар Ал-Мансур.

Биродарлари: Иброҳим, Мусо ва Яҳё.

Сулоласи: Аббосийлар.

Диёнати: Мусулмон, сунний.

Амирул мўминун Абу Абдуллоҳ Ас-Саффоҳ Аббосийлар сулоласининг биринчи халифасидир. У 26 ёшлигида исломий давлатни бошқаришга тайинланди. У мусулмон халифаларининг ўн тўққизинчиси эди. Боболари абдул Муттолибда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан туташадилар. Оналари Рийтотул Харисия бўлиб, таваллудлари Шом диёридаги Ҳамимада бўлган. Бу вақтда халифалик уммавийлар қўлида эди. Ёшликлари уммавийлар халифаси Марвон ибн Муҳаммад акаси Иброҳим имомни олиб қўйгунига қадар шу ерда ўтди. Шундан сўнг улар кўфага кўчиб ўтдилар.  Марвон ибн Муҳаммад қўлида акаси вафот топганидан сўнг у аббосийлар давлатини  тузишга қаттиқ киришди. Унга қарши чиқишга бир неча бора уринди, аммо бу ишни ёлғиз ўзи қила олмагач, Абу Муслим Хуросонийнинг ёрдамига таянган ҳолда аббосийлар давлатини тузишга муваффақ бўлди. Кўфани ўзига пойтахт қилиб олди. Кейин эса пойтахтни Анбарга кўчирди. Бироқ унинг халифалиги узоқ давом этмади. У Анбарда сувчечак касали туфайли вафот этди. Бор йўғи тўрт йил 132-136 йиллар мобайнида халифалик қилди. Вафотига қадар Умму Салама бинти Яъқуб ал-Махзумий исмли аёл билан оила қурган бўлиб, Муҳаммад исмли ўғил ва Ройта исмли қизнинг отаси эди. У ўзи ҳаётлик вақтида Абу Жаъфар ал-Мансурни халифа қилиб тайинлади. У Абу Абдуллоҳ Ас-Саффоҳнинг ўрнига бошқарувни ўз қўлига олди.

Болалик ва ўспиринлик даврлари:

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Урдундаги Хамийм деган қишлоқда  104 (721) йилда таваллуд топган. Шу ерда тарбияланиб катта бўлдилар. Бу вақтда Муҳаммад ибн Марвон халифа эди.  У 132 йилда Абул Аббоснинг акаси Иброҳим ҳақида сўраганида (сўралишининг сабаби, у аббосийлар халифалиги қарор топишини даъват қилиб юрган эди) унга Иброҳимнинг Балқода эканлигини хабарини беришди. У Дамашқ ноибига Иброҳимни келтиришини айтиб мактуб ёзди. Дамашқ ноиби бир кишига Иброҳимни сифатлаб берди ва уни олиб келишга юборди. Ҳалиги элчи келиб абу Аббосни Иброҳим деб ўйлади ва уни тутиб олиб кетишга чоғланганида, бир киши у Иброҳим эмаслигини айтиб Иброҳимни кўрсатди. Иброҳимни олиб кетишар экан онаизори дод солиб қолди. Шу чоғда Иброҳим кетар олдидан Аббосийлар халифалигини тузинглар, дея васият қилиб кетди. Ва яна Кўфага бориб яшашлари лозимлигини ҳам айтди. Ушбу воқеа бўлиб ўтган кундаёқ Абу  Аббос оиласи ва 6 та амакиси билан Кўфага кўчиб кетди.

Кўфа аҳли Иброҳимни ўлдирилганини билганларидан кейин, Аббосийларни ҳокимият тепасига келишларини хоҳладилар.  Абу Салама Ал-Хилал  эса Али ибн Абу Толибнинг авлодлари ҳокимият тепасига келиши тарафдори эди.  Бу борада кўфанинг кибор амалдорлари билан  маслаҳат қилди. Аммо улар унинг фикрини қўллаб қувватламадилар. Уларнинг аксарияти аббосийлар халифаси ҳокимият тепасига келишини ёқлагач улар  Абу Аббос Ас-Саффоҳнинг олдига келиб байъат беришди. Бу пайтда Саффоҳ 26 ёшда эди.

Аббосийларнинг ҳокимиятни қўлга олишга интилишларига яна бир омил. Абу Ҳошим Муҳаммад ибн Абдуллоҳ бир куни Уммавийлар халифаси Сулаймон ибн Абдулмаликни зиёрат қилишга келади.  Сулаймон уни яхши кутиб олади ва иззит икром кўрсатиб меҳмон қилади. Меҳмондорчиликдан кейин Абу Ҳошим Муҳаммад баданида кучли оғриқни ҳис қилади. Ўзини қўярга жой топа олмай қолади. Абу Ҳошим Ҳамиймага қайтади ва бўлиб ўтган воқеани амакисининг ўғли Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббосга етказиб, уммавийлардан бу қилмишлари учун қасос олишини айтиб жон беради. Бу воқеалар ҳижрий 99 йилда бўлиб ўтган эди. Шундан сўнг Муҳаммад уммавийлар халифалигини бутунлай ўчириб юбориш фикрини олға сурди. Айни пайтда кўфада ҳам уммавийларга қарши кучли норозиликлар урчиб ётган эди. У мана шу имкониятдан фойдаланишни кўзлади. Ҳижрий 122 йилда умавийларга қарши норозиликлар авжига чиқа борди. Ҳижрий 125 йилда Муҳаммад ибн Али вафот этди. Ва ўғли Иброҳимга даъватни давом эттиришни васият қилди. Шу йили Ҳишом ибн Абдумалик ҳам вафот этди. Бу Аббосийлар учун катта мусибат эди. Аммо умавийлар салтанатидаги ўзаро ички низолар аббосийларни ҳокимиятни қўлга олишлари учун яхши имконият эди.

Ҳижрий 128 йилда Абу Муслим Хуросоний номи билан машҳур бўлган кучли бир шахс тарихда пайдо бўлди. У Абу Муслим Хуросоний эди. Имом Иброҳим уни заковати ва куч-қувватига тан берган эди. Шу боис ҳам уни Хуросонга юборишга қарор қилган эди. Ҳижрий 129 йилда Иброҳим Абу Муслимни очиқ-ошкора даъват қилишга буюрди. Бу вақтда Хуросонда ички зиддиятлар кучли эди. Ҳаракатнинг асосий кучи шаҳар ҳунармандлари ва қишлоқ меҳнаткашлари, Мовороуннаҳр ва Хуросоннинг маҳаллий зодагонлари, умавийлар сиёсатидан норози бўлган Хуросондаги араб мухолифотчи гуруҳлари ва қуллари эди. Умавийларга қарши ҳаракатни кучайтириш мақсадида Абу Муслим марв яқинидаги Сафизанж, Мохувон, Шаввол қишлоқлирини қароргоҳга айлантириб халифаликка қарши ташвиқот олиб борди. Абу Муслим Наҳованд яқинида уммавийларни тор-мор этиб, катта заб дарёси яқинида ҳал қилувчи ғалабага эришди ва халифа Марвонни тахтдан олиб ташлади. Бу вақтда Иброҳим ибн Муҳаммад Уммавийлар халифасининг зиндонида ўлдирилди. Ва у аббосийлар халифалигини тузишни васият қилиб кетган эди.

Кўфа аҳли Иброҳимни ўлдирилганини билгач, Аббосийлар халифалигини тиклаш масаласини ўртага ташлади. Буни аксари кибор амалдорлар қўллаб қувватлади. Улар Абул Аббос Ас-Саффоҳни халифа қилишга келишиб олдилар. Ва унинг олдига келиб байъат бердилар. Бу воқеа  ҳижрий 132 йил робиъул охир ойининг пайшанбадан жумага ўтар кечаси эди. Эртаси куни ас-Саффоҳ жума намозига чиққанида минбарга чиқиб маъруза қилди. Инсонлар шу куни кечга қадар келиб унга байъат бердилар Байъатдан сўнг у нутқ сўзлади. Беморлиги сабаб нутқини ҳам охирига етказа олмади. Унинг гапларини амакиси Довуд давом эттириб ниҳоялади. Шундан сўнг аббосийлар давлати хокимият тепасига келгани эълон қилинди. Ас-Саффоҳнинг биринчи қилган иши уммавийларни буткул йўқотиш бўлди. У Марвон ибн Муҳаммадни мисрда тутиб қатл эттирди.

Бошқарувда амалга оширган ишлари. Саффоҳ бошқарувни ўз қўлига олгач волийлик лавозимларига фақат ўзининг яқинларини  тайинлади. У Мосулга акаси Яхёни, амакиси Довудни Макка, Мадина, Яман ва Ямомага, Кўфага Исо ибн Мусани, Армания, Азарбайжон, Жазийрага акаси Жаъфар Мансурни, Шомга амакиси Абдуллоҳ ибн Алини  волий қилиб тайинлади. Даставвал халифаликни Али ибн Абу Толибнинг авлодларига ўтишини хоҳлаган Абу Салама ал-Хилални йўқотишга киришди. Шундан сўнг у акаси Мансурни  Абу Саламани ўлдириш борасида Абу Муслимга элчи қилиб юборди. У Абу  Муслимдан Абу Саламани ўлдиришга ёрдам сўради. Абу Муслим бу ишни ўзим қойиллатаман деб Миррор ибн Анасни Абу Саламани ўлдиришга юборди. У Кўфага келганида Абу Салама Саффоҳ билан бирга ўтирарди. Миррор ибн Анас уни Саффоҳни  ҳузуридан чиқишини кутиб турди ва чиққанидан кейин ўлдирди. Баъзи бир қийлларда Мансур Абу Саламанинг ўлимидан кейин Абу Муслимнинг олдига борган дейилади.[2] Шундан сўнг Саффоҳ Мансурни Воситдаги ибн Ҳубайрони ўлдиришга юборди. Бир оз вақт ўтиб  ибн Ҳубайронинг ўзи Мансурга Сулҳ тузиш таклифи билан келди. Мансур буни Саффоҳга етказганида, Саффоҳ изн берди ва Абу Муслимга ибн Ҳубайро билан сулҳ тузганини хибарини берди. Абу Муслим бундан жуда ғазабланди ва Саффоҳни ибн Ҳубайро билан сулҳ тузишдан қайтарди. Ваҳоланки, сулҳ тузиб бўлинган эди. Сулҳдан сўнг Мансур Саффоҳга “энди Ҳубайрони ўлдирмаймизми?” деганида Саффоҳ “ҳеч иккиланиб ўтирмасдан ўлдиравер”, деди. Мансур уни буйруғи билан ибн Ҳубайрони ўлдирди.[3] Мансур абу Муслимни кундан-кунга обрў эътибори кўтарилиб кетаётганлиги учун  ёқтирмас эди. У Саффоҳга абу Муслимни ўлдириш ҳақида бир неча маротаба ишора қилди. Саффоҳ унга “асло бундай  дея кўрма” деса ҳам у қайта-қайта шу фикрини такрорлайверди. Саффоҳ унга “сен ўзинг ҳам уни бизга қилган яхшиликларини, хизматларини биласанку”, деганида Мансур “бу фақат бошқарув сени қўлингда бўлгани учун, агар халифалик сендан бошқасига ўтса у ўшанга хизмат қилади” дея Саффоҳни кўндиришга уринди. Саффоҳ: “буни қандай амалга ошириш мумкин?” деганида Мансур шундай деди: “у сен билан ўтирганида мен ортидан келиб қилич билан зарба бераман”. Саффоҳ: “уни ёнидаги одамларни нима қиламиз?” деганда Масур: “улар озчилик ва кучсиз кишилар”, деб Саффоҳдан Абу Муслимни ўлдиришга руҳсат олди. Саффоҳ ўзи руҳсат бериб қўйиб кейин роса афсус-надомат чекди. Ҳатто Мансурга бу ишни қилмаслигини айтиб одам ҳам юборди. Мансурнинг бундан ғазаби қайнади, ва абу Муслимни қатл қилди.[4] Бу вақтда Аббосийлар давлатининг пойтахти Кўфа эди. Кейинчалик у Анбарга кўчирилди.

Вафоти. Ривоят қилинадики, Ийдул азҳо куни кечга яқин  Саффоҳнинг амакиси Исо ибн Али унинг юзига майда тошмалар чиқиб кетганини кўрди.[5] Улар борган сари катталишиб борарди. Бу унинг бутун юзини, баданини қамраб олди. Бу тошмалар  сувчечак эканлигини билдилар. Иккинчи куни тошмалар шу қадар кўпайиб кеттики, ҳатто уни кимлигини таниб бўлмасди.

Зикр қилинадики, АсСаффоҳ ўлим тўшагида ётганида унинг ҳузурига табиб кирди. Саффоҳ унга қарата:

Ҳолимнинг забунлигига боқ
Маъюс бўлиб жим бўлиб қолди
Бу ҳолатим хабар берарки,
Бу ўлимнинг муқаддимаси…

Табиб унга қарата сен соғломсан деганида, Саффоҳ яна шеър айтишда давом этди:

Айтмишларки, гўёки соғлом эмишман
Аниқки даъвойим фақат дафндир
Ишончим комилки боқий эмасман
Шубҳасиз мен учун ўлим яқиндир…

Учинчи куни бу ҳолат уни ўлимга олиб келди. Бу воқеа ҳижрий 136 йил зулҳижжанинг 11 ёки 13 куни эди. Унинг жанозасини Исо ибн Али ўқиди. Анбар шаҳрига дафн қилдилар. Охирги сўзи: “Ал мулку лиллаҳи, Ал Ҳайюл-қойюм, Маликул мулук, ва Жаббарул жаббарийна” бўлди. Ундан 9 та чопон, 4 та кўйлак, 5 та изор, 4 та  ридо (форсча плаш), 3 та чойшаб қолди. У одобни ва шеъриятни яхши кўрар эди. [6]

 Аббосийлар халифалигида қуйидаги ҳолатлар юзага келди:

  • кишиларнинг ягона давлат ва эътиқод яъни ислом дини остида бирлашуви;
  • иқтисоддаги кўтарилиш;
  • араб тилининг расмий тилга айланиши;
  • илмий фаолият ва олимлар қадрланадиган умумий муҳитнинг юзага келиши.

Араб-мусулмон маданиятининг шаклланиши ва ривожланишига қуйидаги бир қанча омиллар сабаб бўлган:

  • Биринчидан, Халифалик халқларининг ягона Ислом динига эътиқод қилганлиги. Ислом дини янги маданиятнинг мафкуравий асосини белгилаб берди.
  • Иккинчидан, истилолар натижасида халифаликка бирлаштирилган турли мамлакат халқларининг илғор маданияти имкон қадар бир-бирини бойитди. Бу ўринда ягона давлат тили – араб тилининг фақат Халифаликни ташкил этган халқлар ўртасида алоқа тилигина бўлиб қолмай, адабиёт ва илм-фан тилига ҳам айланганлиги катта рол ўйнаган. Буюк алломалар қайси халқ вакиллари бўлмасин, араб тилида ижод қилганлар. Бу омил халифалик таркибидаги турли халқларга бир-бирининг маданияти ютуқларидан фойдаланишга имкон яратган.
  • Учинчидан, халифаликда ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиёти турли даражада бўлган мамлакатлар ва халқларнинг бир давлатга бирлашуви, улар ўртасида яқин алоқаларнинг ўрнатилиши, иқтисодий ҳаётнинг равнақ топиши ички ва ташқи савдо алоқалари ривожига туртки берган. Бу омил ўз навбатида ўзаро маданият алмашинувига ҳам шарт-шароит яратган. Савдо ва ҳунармандчилик, жамият ҳаётидаги ўзгаришлар турли муаммоларни келтириб чиқарди. Уларнинг ечимини топиш илм-фаннинг ривожига эҳтиёж туғдирди.
  • Тўртинчидан, Ислом дин сифатида шаклланган даврда араблар ярим бадавий элатлардан иборат бўлган халқ эди. Табиийки, араблар ҳам ўзлари забт этган мамлакат халқларининг илғор маданиятини зудликда ўзлаштирдилар. Ушбу маданият халифаликни ташкил этган халқлар маданияти асосида исломга мослаштириб мужассамлаштирилган маданият эди.

Якуний хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Аббосийлар 508 йил давомида халифаликни бошқардилар. Бу давр мобайнида ҳокимиятга 37 халифа келиб кетди.  Биз ушбу сулола халифалиги  ислом тамаддунининг гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшган дея  эътироф эта оламиз.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Ҳофиз Заҳабий, “Сияру аъламун нубало”, Дарул фикр, Байрут.
  2. Ибни Асокир “Тариху Димашқ”. Дарул фикр. Биринчи босма. 1997 йил.
  3. Ҳофиз Исмоил ибн Касир “Бидоя ва ниҳоя” 10-жуз, Дарут-тақва.
  4. Шавқий Зойф “Тарихи адабул аьробий, Дарул маъориф, 9 босма.
  5. Иззуддийн абу Ҳасан Али ибн Асийр “Тарихи ибн Асийр”, Байтул афкор аддувалия, 5 жуз.

[1]қон тўкувчи (умавийлар сулоласини аёвсиз қириб юбориш учун  беҳисоб қон тўкканлиги боис шундай лақаб берилган).
[2]“Бидоя ва ниҳоя” 10-жуз, 63-бет. Дарут-тақва.  Ҳофиз Исмоил ибн Касир.
[3]“Бидоя ва ниҳоя” 10-жуз, 64-бет. Дарут-тақва.  Ҳофиз Исмоил ибн Касир.
[4]“Бидоя ва ниҳоя” 10-жуз, 67-бет. Дарут-тақва.  Ҳофиз Исмоил ибн Касир.
[5]“Бидоя ва ниҳоя” 10-жуз, 69-бет. Дарут-тақва.  Ҳофиз Исмоил ибн Касир.
[6]“Тариху Димашқ” Ибни Асокир. 32 -жилд. Дарул фикр. Биринчи босма. 1997 йил, 290-саҳифа.

© Толиба

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг