Куфри мужиб сўзлар ва ҳоллар

0
129

Энди бир оз куфри мужиб бўлган чиркин сўзларни эслатайин, токи бундан дарc олиб, тилларимизни шундай хунук сўзлардан тияйлик. Зеро бу куфри мужиб сўзлар шу қадар ёмонки, аввало инсонни диндан чиқаради, кейин хотини билан ўрталаридаги никоҳнинг бузилишига сабаб бўлади. Кейин эса ҳаж қилган бўлса, бекор бўлади. Албатта, бу жуда аянчли ва жуда янглиш бир ҳаракатдир. Бинобарин ҳар мўмин муваҳҳид биродаримиз бу чиркин ва аянчли оқибатдан қутулмоғи учун буларни тушунтириб беришни энг улуғ бурч ва вазифамиз деб билишга уринайлик.

Буларнинг бир қисми аввалроқ ёзилган “Мўминларга ваъзлар” китобида бир мунча ёритилган, аммо бу ўринда ҳам такрор эслатмоқ мажбуриятини ҳис этмоқдаман.

Жаноби Ҳақ ҳаммамизни бу куфри мужиб бўлган, Ҳақдан узоқлашмоғимизга сабаб бўладиган ахлоқсизликлардан, чиркин ва ёмон, катта ва кичик гуноҳлардан Ўзи асрасин. Омин.

1. Ҳар сўз ва ишки, динни истихфоф этишга, яъни камситиб қадрсизлантиришга сабаб бўлса, шу сўзни айтган ёки бу ишни қилган кишининг куфрига ҳукм қилинади. Ва маозаллоҳ, Аллоҳ асрасин, диндан чиқиб муртад бўлишига сабаб бўлади. Хоҳ чиндан, хоҳ азилдан қилган бўлсин.

Бу куфри инодийдир. Зеро бу нарса динни камситишга сабабдир. Бу ҳол кўпинча йиғинларда одамларни кулдириш ва завқлантириш учун махсус кишиларда кўп учрайди.

2. Ҳақ таоло ҳазратларини, шони улуҳиятига лойиқ бўлмаган сўзлар билан сифатламоқ, тушунтирмоқ, асмо ва сифатларидан ёки амр ва наҳийларидан (буйруқ ва қайтариқларидан) биронтасига истеҳзо қилиб кулмоқ, ваъда қилган жаннатини ёки ваиди бўлган азоб ва дўзахдан биронтасини инкор қилмоқ, ёки Ҳаққа жаҳл, ажз, айб, жабр ва зулмни нисбат бермоқ, ёки унга макон иснод этмоқ.

3. Ким бўлса-бўлсин, қасддан таҳоратсиз намоз ўқиса, мутлақ, кофир бўлади. Аксарият ҳолларда одамларни ишонтириш учун баъзи манфаатпарастлар шундай қилишади.

4. Билиб туриб Қибладан бошқа тарафга қараб ёки нажосатли кийим кийиб, ёхуд ич кийими билан динни истихфоф этмоқ — камситмоқ учун намоз ўқимоқ.

5. Лозим бўлмаган ўринда белига поплар боғлайдиган “зуннор” деган белбоғни боғламоқ.

6. Кофирларнинг байрамларида улар билан байрам қилмоқ, ва ўша куни уларнинг хоҳишига мувофақат айламоқ, шу куннинг ҳурмати учун сотиб олмаган нарсаларини сотиб олмоқ (ҳиндилардан ва шунга ўхшаганлардан).

7. Кофирларнинг урф-одатларини хуш кўриб, ёқтирса.

8. Инсонни қаршилаб олиш учун, унга атаб жонлиқ сўйса. Бу ҳайвон билиттифоқ ўликдир, ейиш жоиз эмас.

9. Ҳаромлардан савоб умид қилмоқ.

10. Аллоҳдан бошқасига сажда қилмоқ.

11. Пайғамбарликлари собит бўлган анбиёдан биронтасининг нубувватини (пайғамбарлигини) инкор қилмоқ.

12. Фаришталардан ва пайғамбарлардан биронтасини истихфоф этмоқ — камситмоқ, аҳамиятсиз кўрмоқ. Хоҳ фақирликларида (камбағалликларида), хоҳ касалликлари туфайли бўлсин.

13. Оиша розиаллоҳу анҳо онамизга лойиқ бўлмаган гапни гапирмоқ.

14. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, розиаллоҳу анҳунинг суҳбатини, имоматини, халифалигини иинкор этмоқ.

15. Ҳазрати Умар-ул-Форуқ розияллоҳу анҳунинг хилофатини инкор қилса.

16. “Баззоззийа” да айтиладики, рофизий ҳазрати Абу Бакр билан Ҳазрати Умарни сабб (ҳақорат) қилса, куфрига ҳукм қилинур.

17. “Жавҳара” дейдики, ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар ва бошқа саҳобаи гузин розиаллоҳу анҳумни сабб (ҳақорат) ва таъна қилса, куфр билан бирга қатлни ҳам вожиб қилади.

Бундайларнинг тавбаси қабул қилинишида ихтилоф бор. Лекин тавбаларнинг қабул қилинмаслигига фатво берилган.

18. Бир киши, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қовоқни яхши кўрардилар деса-ю, бошқа бириси, мен яхши кўрмайман деса ва буни иҳонат (яъни камситиш) тариқида айтса.

19. Аллoҳ таоло менга буни амр этса эди, қилмас эдим, деса.

20. Қибла бу томонда бўлсайди, намоз ҳам ўқимасдим, деса.

21. Аллоҳ менга Жаннатни берса, сенсиз хоҳламайман ёки кирмаймаи, деса.

22. Сен билан ҳатто Жаннатга ҳам кирмайман, деса.

23. Жаннатни хоҳламайман, менинг хоҳлаганим Уни, яъни Аллаҳни кўрмоқдир, деса.

24. Дунёни охират учун тарк қилгин, деган кишига, нақд турган нарсани, яъни дунёни қандай қилиб насия учун, яъни охират учун тарк қиламан, деса.

25. Фарзлардан биронтасини инкор қилса, яъни 32 фарздан бирини инкор этса.

26. Витр намозининг ва қурбоннинг аслини (ҳақиқийлигини) инкор этса.

27. Азони Муҳаммадийни масхара қилиб кулса.

28. Қиёмат ҳолатларидан биронтасини инкор қилса. Масалан, ҳисобни, амалларнинг тарозида тортилишини, сирот кўпригини, Жаннатни, Дўзахни ва бошқа шу кабиларни инкор қилса.

29. Ҳаромлиги далили қатъий билан маълум бўлган ҳаромларни ҳалол деса; шароб каби, чўчқа гўшти емоқ каби нарсаларни. Ҳаромлигини билган ҳолда қилса, фосиқ бўлади.

30. Ояти Қуръониййадан биронтасини инкор қилса.

31. Қуръондан бирон оятни табдил этса — ўзгартирса.

32. Қуръони азимни хор тутса.

33. Қуръони азимни истихфоф этса — камситса.

34. Олот-и лаҳв — ўйин-кулги, томоша, мусиқа асбоби чалинаётганда Қуръон ўқиса.

35. Ҳаром нарсани еяётиб, ичаётиб ёки ҳаром бир ишни қилаётиб “Бисмиллоҳ” деса.

36. Ҳаром ишни қилгандан кейин “алҳамдулиллаҳ” деса. (Бунда ихтилоф бор).

37. Амр қилинадиган (Буюриладиган) жойда, масалан егин, дейиладиган жойда, ичгин, дейиладиган жойда ёки изн сўраган кишига киргин, дейиладиган жойда “бисмиллоҳ” деса. Зеро зиллат (хорлик) мақомида Аллоҳ таолонинг исмини қўлламоқ иҳонатдир — таҳқирдир. Аллоҳ таолонинг исмини иҳонат қилмоқ — таҳқирламоқ эса куфрдир, бундай сўзлардан иложи борича сақланмоқ керак.

38. Ҳалол луқма егин деган кишига, ҳаром менга ҳалолдан яхшироқдир, деса.

39. Ҳаром бир нарсани, шу ҳалол деса. (Шундай деб эътиқод қилса).

40. Шаробнинг (ароқнинг) ҳаромлиги Қуръон билан собит эмас, деган кимса.

41. Катта ва кичик гуноҳлардан биронтасини ҳалол, деб қабул этган кимса.

42. Аёли бидан унинг ҳайз ҳолида мужоамат қилишни ҳалол деб эътиқод этган киши.

Баъзиларнинг фикрича кофир бўлмайди, лекин гуноҳкор бўлади, деганлар.

43. Баччабозликни ҳалол деган кимса.

44. Воиз ва мударрисларга тақлид қилиб, бу тақлидчилигидан кулган кимсалар. Шаръ-и шарифни истихфоф этган, яъни камситганларнинг, мазаҳ қилганларнинг ҳаммасига таждиди иймон (иймонни янгилаш) ва таждиди никоҳ (никоҳни янгилаш) буюрилади. Ҳаж қилган бўлса, қайтадан ҳаж қилмоғи лозим.

45. Илмга ва олимга истиҳзо қилса, масхаралаб кулса.

46. Бир олимни ёки бир фақиҳни сабабсиз сўккан кимсанинг куфридан қўрқилади.

47. Бир мусулмонни, эй кофир деб чақириб, шу сўз билан шатмни (ҳақоратни) мурод этса ва шу билан унинг куфрига эътиқод қилса (Яъни уни кофир деб эътиқод қилса).

48. Эй кофир ёки эй яҳудий (эй жуҳуд) деб чақирган кишига лаббай, яъни буюринг, тақсирим, деб жавоб берса.

49. Гуноҳни таҳқир қилган (эътиборсиз кўрган) ва шу гуноҳи уқубатга, яъни азобга сабаб бўлишига ишонмаган кимса.

50. Гуноҳларни, маъсиятларни қабиҳ деб ёмон кўрмаган, ибодат ва тоатни эса хуш кўрмаган кимса.

51. Тоат учун савоб, маъсият учун эса иқоб бўлади, деб эътиқод қилмаган кимса.

52. Мен савоб ва иқобдан берайин, деган кимса.

53. Ўз иймонидан шак-шубҳа қилган кимса.

54. Қуръони Каримни махлуқ деган кимса.

55. Мутлоқ иймон махлуқдир, деса. Иймон қулнинг иқрори ва тасдиқи жиҳатидан махлуқ,

Ҳақдан ҳидоят этилиши жиҳатидан ғайри махлуқдир, яъни махлуқ эмасдир.

56. Максни муқотаа (устама) тариқида олган ушрчига, муборак бўлсин, деса. (Макс: ушрчиларнинг ушрни олгандан кейин ортиқча қилиб олган пули макс дейиладики, бу бир турли порадир, ришватдир). Ушр шаръийдир. Ҳосилнинг ўндан бири давлатга ёки фуқарога ва ёxуд хайрия жойларига берилади, бир тур закотнинг ҳосилдан олинадиган қисми ушр (ўндан бир) дейилади. Ушр тўплаш учун ушрчилар тайинланади. Ҳосил мавсумида қишлоқлардан ва ҳосил эгаларидан олинган миқдор ушр дейиладики, бу машруъдир, ундан ортиғи ҳақсизлик ва зулмдир.

Ёки сотилган молдан олинган пулни айтадиларки, у замон “бос” дейилган (бос — хавф, азоб, қаттиқлик маъносида). Ёки моли қийматидан паст баҳода олинадики, бу ҳам бир хил ҳақсизлик ва зулмдир. Ана шундай ҳақсизлик билан олинган пулларни “муборак бўлсин” деса, қимор ва шунга ўхшаш нарсалардан олинган пулни “муборак бўлсин” дейиш билан бир хилдир.

57. Фалон ишни қилган бўлсам ёки фалон ишни қилсам, кофир бўлайин, деса.

58. Ғайбни биламан, деган иддиода бўлган кишини тасдиқ этса.

59. Мен урилган молларни биламан, деса.

60. Менга жинлар хабар беради, деган киши ҳамда унинг бу сўзини тасдиқ этган кишилар.

Зеро ғайбни на инс билади ва на жин билади. Аксинча, ёлғиз Жаноби Ҳақ билади.

61. Гувоҳсиз никоҳ қилинса, Аллоҳни ва расулини ва фаришталарни шаҳид тутдим, деса.

62. Қарғанинг қағиллашини эшитиб, йўлидан қайтган кимса; товушқон (қуён) йўлдан кесиб ўтганда ўлидан қолган кишининг куфри ихтилоф қилинган.

63. Бир муддат куфрни қасд этса, бутун умрида кофир бўлади.

64. Бошқа бировга айтиш учун куфрни талқин этган иши дарҳол кофир бўлади. Нариги одам хоҳ айтсин, хоҳ айтмасин.

65. Аллоҳ таоло осмонда бу ишни билади, деса ва Жаноби Ҳаққа макон қасд этса.

66. Ҳақдан холи, бўш бир макон йўқ, Ҳақдан бирон макон холи эмас ва У бир макондан холи эмас, деса.

67. Иншааллоҳ, фалон ишни қиласиз, деган кишига: мен “иншааллоҳ”сиз қиламан, деса.

68. Касал бўлмаган кишини, Ҳақ таоло буни унутибди, деса.

69. Душманига (рақибига): “Мен сен билан ҳукми Худо асосида иш қиламан” деган кишига, мен ҳукмни билмайман, ёки бу ерда ҳукм ўтмайди ва ёҳуд бунда ҳукм йўқ, деган кимса.

70. Ҳақ таоло менга яхшилик қилади, ярамаслик мендан ўтади, деган кимса. Авом кишилар буни кўп айтади. Ғафлатда қолмаслик керак.

71. Фалон киши ажали билан ўлмайди, деса. Бу ҳам халқ орасида кўп айтилади.

72. Мен худоман, мен пайгамбарман деган кимса.

73. Пайғамбарлар суннатидан бирор суннатни истихфоф этган — камситган кимса. Зеро бу истихфоф (камситиш) суннат соҳиби бўлмиш пайғамбарларга қилингандай бўлади. Масалан, бир киши бошқа бирига мўйловингни кес, нега кесмайсан, мўйловларни кесиш (қисқартириш) суннатдир деса, у эса жавобан, суннат бўлса ҳам кесмайман, қисқартирмайман, деса. Бошқа суннатлар ва хусусан машҳур суннатлар ҳам шундайдир.

74. Намоз ўқи, токи намознинг тотини билгайсан, деган кишига қараб, сен эса намозни тарк қил, токи бенамозликнинг мазасини биласан, деган кимса.

75. Намоз ўқи, деган кишига қараб, ўқимайман, зеро савоби домламники бўлади, деган кимса.

76. Бир киши маълум бир ой (рамазон) да намоз ўқиб, аммо бошқа вақт ўқимаса. Бундай ҳол кўп учрайди. Чунки ҳар бир намоз етмиш намоз ўрнига қоим бўлади, деган кимса.

77. Намоз ўқимайдиган кишига намоз ўқи, дейилганда, ўқимайман, деса.

78. Закот бермаган бир кишига, закот бер, дейилганда, бермайман, деса. “Жомии асгор” соҳиби дейдики, буни жаҳл (қизиққонлик) ва истихфоф (камситиш) тарзида айтилгани учун.

Маълумки, шариат ҳукмларидан биронтасини истихфоф қилиш (камситиш) куфрдир. Бинобарин, суннатларни ҳам истихфоф (енгил) ва ҳақир кўриб, қадрсизлантириш тарзида тарк этмоқ аввалиятдан куфри мужиб эканлигига шубҳа йўқ.

79. Икки киши жанжаллашиб, биттаси “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” деса-ю, униси эса, мен “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллоҳи”ни билмайман, ҳақимни бер, деса. (Тасбиҳ ва таҳлил ҳам шундай).

80. Бир кишининг бировдан оладигани бўлса ва уни сўраса, йўқса, қиёмат кунида сендан оламан, деганида, нариги қарздор киши эса, яна шунча бергин, қиёмат куни икковини баравар оласан, деса. Булар қиёматни ҳақир кўрмоқликдандир. Қиёматни истихфоф этиш — камситиш эса куфрдир.

81. Қиёматда шунчалик гавжумликда сен мени қаердан топасан, деган кишининг куфрида ихтилоф қилинган.

82. Қиёматдан қўрқмайман, деса.

83. Амри маъруфни инкор қилса, чунки амри маъруф фарздир. Фарзни инкор қилганлиги туфайли.

84. Илм тазвир (ҳийладир, тузоқдир) деб ҳийлаи шаръияни инкор қилса. “Ҳийла” “чора” маъносидадир.

85. Бир киши, нечун мажлиси илмга келмайсан, деган кишига қараб, менинг мажлиси илмда нима ишим бор, деса.

86. Менга ейдиган нарса керак, илм етмайди, деса. Бундай гаплар ҳозирги пайтда кўп айтилади, иложи борича сақланмоқ керак.

87. Бир олим бирор масоили диниййа ёки ҳадиси шарифни нақл этаётганида эшитаётганлардан биронтаси, бу ran нимага ярайди, бизга пул керак, илм кимнинг ишига ярайди, деса.

88. Аҳлим ва аёлим маишати — тирикчилиги билан машғул бўлиб, илм мажлисига боришга қодир эмасман, деса. Агар илмни қадрсизлантиришни мурод этган бўлса, катта хавф-хатар бор.

89. Бир хотин олим бўлган эрига, лаънат сенга, деса. Илмдан мурод илми шаръийдир.

90. Шарид ҳикояси, қиссаси илмдан авлодир,деса. Илмни истихфоф этгани — камситгани туфайли.

91. Бир мусулмон, мен мулҳидман, деса. Зеро мулҳид кофирдир. Зеро у қиёматга, ҳисобга, азобга ишонмаган, маслакдан, йўлдан озган, Худодан қайтган кимсадир.

92. Зино, зулм, ноҳақ одам ўлдириш ҳаром бўлмаса эди, деган кимса. Зеро булар ҳеч қачон ҳалол бўлган эмас.

Танбиҳ: Етти нарса барча динларда мубоҳ бўлмаган: зино, риё, ноҳақ одам ўлдириш, мастлик-сархушлик, номусга тажовуз, молга тажовуз ва ёлғон.

93. Кофирларнинг байрам кунларида ҳадяларини, совғаларини олмоқ динга зарардир, сақланмоқ керак.

94. Кичик гуноҳ қилган бир кишига, бунга тавба қил, деса, у эса, нима қилдимки, тавба қиламан, деса. Зеро маъсиятни истихфоф қилиш — енгил кўриш ҳам куфрдир ва ортиқ сақланмоқ керак.

95. Аҳли суннат наздида маъсият кишини иймондан чиқармайди, бу эса маъсиятни ҳалол ва кичкина кўрмоқлик билан муқаййаддир (боғлиқдир). Агар гуноҳни ҳалол деса ва истихфоф (енгил кўриш) йўли билан гапирса, куфрида шак йўқдир.

96. Бир хотиннинг эридан чиқиш учун иртидод этмоғини — муртад бўлмоғини буюрган ва фатво берган кимса.

97. Бир мусулмонга, “лаънат сенга ва сенинг мусулмонлигингга”, деса.

98. Билжумла калимаи куфр билан, маъносини билган ҳолда қасддан ҳазиллашиб, яъни латифа қилиб, ёки луиб, яъни масхара қилиб, ҳазил-ҳузул билан гапирса, жамии уламо наздида кофир бўлади ва унинг эътиқодига эътибор бўлмайди.

99. Тили билан тавъан (ўз хоҳиши) билан кофир бўлиб, қалбан (дилида) иймонда мутмаъин бўлса ҳам, барибир кофирдир. Дилидаги иймон унга фойда бермайди, Аллоҳ наздида ва одамлар наздида кофирдир.

100. Куфр сўзларни эшитиб кулганлар ҳам кофир бўлади. Замонамиздаги масхарабоз (қизиқчи) деган, кўп гапириб халқни кулдиришга уринган кимсалар ҳам бундай хатарли сўзларни айтмоқдан иложи борича аҳтиёт бўлмоғи керак.

101. Бошқа бировнинг куфрига ризо бўлиш ҳам куфрдир. Ҳар қанча ихтилоф қилганлар бўлган эса-да, куфрларига мутталиъ — огоҳлантириш бўлган.

«Аҳли сунна вал жамоъа ақоиди» китобидан олинди.

1-курс талабаси 
Алимардон Мираҳмадов

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг