Мусибатга йўлиққан кишилар учун муолажа йўриқномаси

0
389

Имом Шаъровий роҳимаҳуллоҳ айтадиларки, саййидимиз Жаъфару Содиқ  Қуръони карим оятларини ўрганиб, улар борасида чуқур мулоҳаза қилгувчи кишилардан эдилар. Шу боис, ояти карималардан ҳар бир касаллик учун шифо чиқарар, ҳамда  мўмин кишининг ҳар қандай ҳолати учун йўриқнома (рецепт) тузар эдилар.

Мўмин киши турфа ҳил ҳолатларни бошдан кечиради. Масалан, қўрқув. Бу қўрқув дунё неъматларининг бирортасидан қуруқ қолиб кетишдан кўрқиш бўладими ёки кимнингдир таҳдиду жабр ситамларидан қўрқишми, барибир. Гоҳида киши руҳан эзилади, юраги сиқилади, аммо бу сиқилишининг сабабини ўзи ҳам билмайди. Гоҳида эса, маккор ва ҳийлакор кишиларнинг макр ҳийлаларига, ёмон кишиларнинг тузоқларига йўлиқади. Буларнинг барчаси инсонларда учраб турадиган ҳолат. Бундай ҳолатларда киши албатта кимгадир суянишга, уни бундай вазиятдан олиб чиқиб кета оладиган инсонга эҳтиёж сезади. Бирор киши йўқки, мана шундай ҳолатларни бошдан кечирмаса…

Гоҳида инсонни дунё зийнатларига, дабдабага бўлган ҳирс чулғаб оладики, натижада фақат ўзидан юқоридагиларга қарайди ва янаям зиёда бўлишини хоҳлаб қолади.  Бу борада инсоннинг нафсу ҳаволарининг чегараси йўқ. Шоир айтган каби:

تموت مع المرء حاجته
و تبقئ له حاجة ما بقئ

Ўлур эҳтиёжлар ҳам гар кишики берса жон,
Яшар эҳтиёжлари, у тирик экан мудом…

Инсонлар доимо дунё неъматларини тўла тўкис қўлга киритишга ҳарис бўладилар. Аммо бунга интилган кишилар адашадилар. Чунки бирор нарсанинг тамомий бўлгани уни  емирилишининг бошланаётганидан далолатдир. Шоир айтганларидек:

إذا تم شيء بدا نقصه
ترقب زوالا إذا قيل تم

Неки бўлса гар комил, бошланади нуқсони,
Кузатавер заволин, тўкис бўлса сан ани…

Чунки инсон  ўзгарувчандир. Унда саломатлик, беморлик, бойлик, фақирлик, хурсандчилик, маҳзунлик доимий бўлмайди. Балки у ушбу ҳолатлар аро ўзгариб туради. Ўзгарувчанлик эса башариятнинг ўзига хос белгисидир. Ўзгармайдиган Зот покдир. Шундай экан, инсониятниг дунёвий юқори чўққиларга эришганидан  нима наф бор, ваҳоланки у ўзгарувчан ҳолатлар аро бўлса?!

Биз айрим инсонларнинг дунёвий мақсадларига ета олмаса ёки бирор нарсасидан айрилиб қолса дод солаётганини ёхуд ғазаб отига миниб  юрганини кўрамиз. Кошкийди улар аслида бу йўқотиш атрофидаги неъматларни мухофаза қилаётганини билсалар! Кошкийди улар бу йўқотиш уни ҳасадчиларнинг чиркин назарларидан ҳимоя қилаётганини ҳис қилсалар!

Масалан, бирорта намунали оилани олайлик, барча инсонлар бу оила аъзоларини эҳтиром қиладилар, ҳурматларини  жойига қўядилар. Аммо бу оиланинг бир аъзоси ахлоқи ёмон киши бўлади. Биргина шу шахс оила шаънига доғ тушириб туради. Аслида эса бу  ўша оиладан турли кўзларни ва ҳасадгўйларнинг ҳасадини даф қилиб туради.

Мутанаббийнинг Сайфуд Давла[1]ни мадҳ қилиб айтган мисраларидан ҳам шундай маъно таъбир қилинади:

شخص الأنام  الي  كمالك  فاستعذ
من شر أعينهم  بعيب  واحد

Кузатмоқда бор халқинг, сенинг мукаммаллигинг,
Бир айб билан бўлса ҳам паноҳ сўра кўзлардан,…

Саййидимиз Жаъфару Содиқ худди табиблар ва доришунослар тиб китобларидан шифо турларини  чиқариб бергани каби Аллоҳ таолонинг китобидан руҳий иллатларни даволаш усулларини чиқариб бердилар. Келинг, ўша йўриқномага юзланамиз:

Мен Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломига мурожаат қилмай туриб қўрққан кишидан ажабландим:

حَسْبُنَا اللَّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ

«…Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир!» (Оли Имрон, 173)

Ваҳоланки  бунинг кетидан Аллоҳ таоло шундай демоқда:

فَانْقَلَبُوا بِنِعْمَةٍ مِنَ اللَّهِ وَفَضْلٍ لَمْ يَمْسَسْهُمْ سُوءٌ

«…Улар (Бадрдан жангсиз) Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила бирор ёмонликка учрамай қайтдилар». (Оли Имрон,174)

Ва яна мен Аллоҳ таолонинг ушбу муборак каломига мурожаат қилмай туриб ғамга ботган  кишидан ажабландим:

لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ

«…Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим». (Анбиё сураси, 87)

Ваҳоланки, У Зот унинг кетидан шундай дея марҳамат қилмоқда:

فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَنَجَّيْنَاهُ مِنَ الْغَمِّ وَكَذَلِكَ نُنْجِي الْمُؤْمِنِينَ

«Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз».(Анбиё сураси, 88)

Мен яна макрга дучор бўлган кишини кўриб ажабландимки, у Аллоҳ таолонинг ушбу каломига мурожаат қилмаган эди:

وَأُفَوِّضُ أَمْرِي إِلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ بَصِيرٌ بِالْعِبَادِ

«…Мен ўзишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир».(Ғофур сураси,44)

Сўнгра Аллоҳ таоло нажот сўраганга шундай дея хушхабар бермоқда:

 فَوَقَاهُ اللَّهُ سَيِّئَاتِ مَا مَكَرُوا

«Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макрларидан сақлади».(Ғофур сураси, 45)

Ва яна Аллоҳ таолонинг ушбу каломига мурожаат қилмай туриб, дунё зийнатларини талаб қилган кишидан ажабланаман:

مَا شَاءَ اللَّهُ لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللَّهِ

«…Бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир». (Каҳф сураси, 39)

Кетидан у ҳақида Аллоҳ таоло Каломида яна шундай деганди:

 فَعَسَى رَبِّي أَنْ يُؤْتِيَنِ خَيْرًا مِنْ جَنَّتِكَ

«шоядки, Раббим менга сенинг боғингдан яхшироқ (боғ) ато этар». (Каҳф сураси, 40)

Ҳа, юқорида айтиб ўтилганидек,  мўмин кишига қалбан хотиржам бўлиш, Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиш ва Унга ишониш  вожиб бўлади. Банда Аллоҳ таолога тавба тазарру қилиб Ундан паноҳ сўрар экан, ҳамда ўзидаги, аҳлидаги, молидаги  неъматларни барчасини қадрлаб, уларни Аллоҳдан деб билиш билан бирга неъматларни берувчи Зотни улуғлаб эътироф этар экан,  унга Аллоҳ таоло неъматларининг энг яхшиларини, афзалларини беради.

(Давомини кутинг… “Сабрлиларга хушхабар бор!”)

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровийнинг
“Ибтасим ва лаа таҳзан” китобидан
Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдуқаюм таржимаси

[1] Али ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамадон Абул Ҳасан сайфуд давла Ҳамадоний.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг