Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг Самарқанддаги сафарлари якунланди

0
124

Аввал хабар қилганимиздек, машҳур олим, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Самарқанд бўйлаб зиёратни бошлаган эдилар.

Кеча куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Шоҳи Зинда мажмуаси зиёратида бўлишди.

Шоҳи Зинда мажмуаси нафақат тарихий-меъморчилик ёдгорлиги, балки машҳур алломалар, авлиёлар, лашкарбошиларнинг абадий оромгоҳи ҳамдир. Бу ердаги ҳар бир мақбара фақат ўзигагина хос безаклар билан қопланган бўлишига қарамай уларнинг барчаси яхлит бир композицияни, тугал бир меъморчилик асарини ташкил этади. Шоҳи Зинданинг яна бир қимматли томони шундаки, бу ерда Самарқанднинг қарийиб уч минг йиллик тарихи мужассам.

Тарихчиларнинг аниқлашларича, Шоҳи Зинда эрамизнинг ХII асрларида шакллана бошлаган.

Мусулмон тарихчиларининг ёзишларича, Шоҳи Зинда номи Набий алайҳиссаломнинг амакиваччалари Қусам ибн Аббос билан боғлиқ. Самарқандлик тарихчи Абул Ҳакимийнинг ёзишича, Қусам ибн Аббос пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак юзларини кўрган охирги кишидир. Мусулмон тарихчиларининг ёзишларича, Қусам ибн Аббос VIII асрларда араб лашкарлари таркибида Самарқандга келган ва бу ерда дини исломни тарғиб қилиш билан машғул бўлган.

Зиёратдан сўнг, шом намози адо этилиб, меҳмонлар Регистонни томоша қилишди.

Шу аснода, Шайхул ислом, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг Самарқандга қилган сафарлари ўз якунига етди.

Манба: Islom.uz

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг