Қайтим

0
51

Бу воқеа муборак Рамазон кунларининг бирида бўлган эди. Ифторлик вақтига яқин қолганда Адҳам янги ёпилган нон сотиб олиш учун новвойхонага борди. Новвойхона олдида кўпгина инсонлар навбатда турар эди. Ифторлик вақти яқин қолганлиги боис навбатда турган инсонлар бетоқат бўлар, новвой ҳам имкон қадар тезроқ ишлашга  ҳаракат қилар эди. Албатта бир вақтнинг ўзида нонларни харидорларга узатиш ва уларнинг пулларини санаб олиш осон эмасди. Адҳамнинг навбати ифорликка жуда оз сониялар қолганида етиб келди. Чарчаб қолган сотувчи унга керагидан ортиқ қайтим бериб юборди. Адҳам иккиланиб бир қўлидаги пулларга бир сотувчига қараб туриб қолди. Новвой унга қараб: “Тинчликми, ҳаммаси жойидами, болакай?” – деди. Адҳам эса: “Ҳаммаси яхши”-деди-да, пулларни кўтарганча уйига югуриб кетди. Кечки овқат вақтида у бир оз ўйчан кўринар эди. Кечқурун ўз жойига ётганида унинг безовталиги янада ортди. Гўёки кимдир  ғойибдан унга: “Сен нега бундай йўл тутдинг? Нега бировнинг ҳаққига хиёнат қилдинг?”- дегандек бўлаверар эди. Адҳам бўлиб ўтган воқеаларни ҳаммасини онасига айтиб беришга қарор қилди-ю аммо дарҳол бу фикридан қайтди. Онаси бу иши сабабли қаттиқ уришишидан ва уялтиришидан қўрқди. Туни билан босинқираб ғалати тушлар кўриб уйғонган Адҳамни сахарлик вақтида ҳам безовталик  тарк этмаган эди. Кундузи  унинг кўзи деворда илиниб  турган тақвимга тушди. Тақвимга яқинроқ борганида унинг очиқ саҳифасида ёзилган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини ўқиди:

“الإثم ما حاك في صدرك و كرهت أن يطلع عليه  الناس” (رواه مسلم)

“Гуноҳ бу –  қалбингни қийнаган ва сен бошқалар уни билиб қолишидан қўрқадиган амалдир” (Муслим ривояти)

Адҳамнинг юзлари қизариб кетди. Гўёки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисни айнан у учун айтгандек эди. У тўғри новвойхонага борди. Сўнгра  новвойдан узр сўраб ўзига тегишли бўлмаган пулларни қайтариб берди. Адҳам нақадар тўғри иш қилди ва ўзини гуноҳдан сақлаб қолди!

Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва
Муаттар Абдулқаюм  таржимаси

 

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг